Жамоат жойларда аёлларни ҳимоя қилишга қаратилган ташаббуслар
РИО-ДЕ-ЖАНЕЙРОДАГИ ЖИН КЎЧАЛАР. Қоронғу тушиши билан бу шаҳар дўстона қиёфасини йўқотади. Кўчаларида юриш чиндан ҳам қўрқинчли бўлиб қолади. Айниқса, аёллар учун. Ёлғиз бўлсанг, ундан-да ёмон. Орқангда кимдир ҳуштак чалади, совуқ терга тушасан, бу вазиятдан фақат қочиб қутилиш мумкинлигини англайсан. Қуёш ботгандан кейин уйга етиб олиш қийинлашаверади. Сени: «Эхтиёт бўл!» — деб огоҳлантиришади, сен эса аёл танасида туғилганинг учун минг афсуслар чекасан.
Ўша куни тун қоронғусигача қолиб кетиб, бошқа кўчага кириб кетибман. Кимдир ортимдан бақирди, лекин мен португалчани яхши тушунмасдим. Бир пайт ёшлар олдимга яқинлашди. Улар ичидан бир қиз чиқиб, Риода тунда ёлғиз юриш хавфли эканлигини айтди. Ёшлар мени метрода манзилимгача олиб бориб қўйишди. Улар Бразилиядаги «Vamos juntas?» («Бирга кетамизми?») номли гуруҳ аъзолари экан.
Уни ташкил қилган бразилиялик ёш журналист қиз ҳар куни дарслардан уйга кеч қайтади. Атрофни кузатса, уйига кеч қайтадиган аёллар кўп. Шунинг учун Фейсбук тармоғида ёрдам саҳифасини ташкил этди: унинг маслаҳатига кўра, уйига ҳар куни бир хил йўналиш бўйича қатнайдиган аёл-қизлар бир-бири билан танишиб, ёлғиз ҳаракатланишдан халос бўлишлари мумкин. Ҳар ҳолда икки аёлга ҳужум қилиш ҳолатлари камроқ, қўрқиб ёлғиз кетишдан кўра, бу анча хотиржамлик беради. Икки кун ичида журналист қизнинг бу саҳифаси 10 минг лайк йиғди. Бошқа қизлар ҳам ундан руҳланиб, бир-бири билан дўст тутинди ва тунда кўчада ёлғиз юришдан қутилди.
Бугун Фейсбукдаги «Vamos juntas?» саҳифасига 300 минг марта лайк босилган, лойиҳанинг сайти ҳам бор. Яқинда шаҳарнинг қоронғу ва таҳдидли кўчалари ҳақида аёлларга маълумот берувчи илова пайдо бўлади.
Дунёнинг бошқа давлатларида ҳам бу каби ҳаракатлар бор. Масалан, АҚШ ва бир қатор Европа давлатларида аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи махсус муассасалар, халқаро ташкилотлар ишлайди. Улардан бири «Шаҳарлардаги аёллар» номли ташкилот бўлиб, жамоат жойларида аёллар хавфсизлиги масаласи билан шуғулланади. Кўчаларда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган машҳур Европа лойиҳаларидан бири – аёллар учун автомобил тўхташ жойларидир. Бундай масканлар Германия, Австрия ва Швейцарияда бор. Улар яхшироқ ёритилади ва одам гавжум кўчаларга яқин жойлашган. Ушбу ташаббусни Хитой ва Жанубий Корея ҳам қўллаб қувватлаган ва кўчаларини аёллар учун яна-да хавфсиз қилишга эътиборни қаратган.
Аммо аёлларни кўчалар ҳамда жамоат жойларда ҳимоя қилиш лойиҳалари асосан ривожланаётган давлатларда кенг тарқалган. БМТ ҳузурида «БМТ Аёллар» тузилмаси ишлайди, у ҳам кўчаларда аёлларни ҳимоя қилиш билан шуғулланади. «БМТ Аёллар» ташкилоти шаҳар ҳокимлари, аёллар жамиятлари, бизнес мактаблари билан ҳамкорлик қилади. Ташкилот мутахассислари жинсий камситиш, жинсий зўравонликка қарши курашиб, аёллар ташаббусларига ҳомийлик қилади.
Аёллар муаммосини «жамият орасида муҳокама қилмасдан» туриб, ечиб бўлмайди. Айнан мана шундай фикрни илгари сурувчи яна бир йўналиш Қоҳирадаги «Harassmap» ташкилотидир. Унинг асосчиси Миср аёллари ҳар куни дуч келадиган камситилиш ҳолатларига қарши чиқиб, волонтёрларни йиғиш орқали, аҳоли орасида тушунтириш ишларини олиб боради, зўравонлик ҳолатларининг салбий оқибатлари уларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ҳам ўз ифодасини топган.Ташкилот фаоллари зўравонлар жазосиз қолмасликлари учун турли ечимларни илгари суришади.
Қоҳирадаги Crime Prevention Through Environmental Design халқаро ташкилоти «Шаҳарларда кўзлар бор» («eyes on the street») номли ташаббусни илгари сурган. Ташкилот ушбу лойиҳага асосан, шаҳар кўчаларининг хавфсиз дизайнини яратади. Деразалардан аҳоли қараб турса, кўчалар ёритилган, фонуслар ёқилган бўлса, жиноятчилар учун зўравонлик қилишга шароит қолмайди, натижада жиноят камаяди, йўловчи аёллар эса ўзларини хавфсизроқ ҳис қилади. Қоҳиралик фаоллар ресторан, кафе ишчилари, таксичилар, дўкон сотувчилари ва кўчада кўп бўладиган инсонларни огоҳликка чақириб, уларни «кўчадаги кўзлар» бўлишга ундайди. «Harassmap» фаолларининг айтишича, уларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли, камситиш ва гендер зўравонлик масалалари бугунги кунда давлат даражасигача чиқяпти. Қолаверса, оддий аҳоли орасида ҳам тушунтириш ишлари фаол олиб борилади. Шунингдек, камситилиш ҳолатларига оид махсус интерактив харита ишлаб чиқилган. Унда аёллар қайси ҳудудда камситилганини ҳуфёна сўзлаб бериши мумкин. Харитага ташриф буюрувчи инсонлар эса қайси ҳудуд кўпроқ хавфли эканини кўришади. Фаоллар ушбу статистикани полиция ходимларига ҳам маълумот тарзида тақдим этишади. Бундай лойиҳалар Бангладеш, Непал ва Филиппинда ҳам бор.
Жамоат жойларда аёлларни ҳимоя қилишнинг яна бир усули – эркаклардан ҳоли масканларни яратиш. Масалан, Ҳиндистоннинг Мумбай ва Дели шаҳарларида бир вақтлар аёллар поездлари, вагонлари ва ҳатто таксилари ҳам ишга туширилган. Аёлга шаҳар бўйлаб хавфсиз ҳаракатланиш имконини берган ушбу транспорт воситалари оммалашиб кетди. Бу лойиҳалар эркакларнинг ҳам аёлларга бўлган қарашини яхши томонга ўзгартирди, нозик жинс вакилларига бўлган ҳурматини оширди. Бугунги кунда худди шундай поезд ва такси хизматлари араб давлатлари, Япония, Малайзия, Индонезия, Бразилия, Мексикада бор.
Ҳиндистонда жинсий зўравонлик муаммоси ҳали тўлиқ ўз ечимини топгани йўқ. 2013 йилги статистикага кўра, мамлакатда ҳар куни 92та жинсий зўрлаш ҳолатлари қайд этилган. 2012 йилда эса давлатда аёллар хавфсизлигини таъминлаш талаби билан намойишлар уюштирилди. Ўшанда йигирма уч ёшли қизнинг бир гуруҳ эркаклар томонидан зўрланиши оқибатида, қиз олинган жароҳатлар натижасида вафот этганди. Намойишлардан кейин ҳукумат қонунга бир қатор ўзгартиришларни киритди, жинсий зўравонлик учун жавобгарликни кучайтирди. Бир нечта шаҳарларда зўравонлик қурбонлари учун тезкор алоқа телефонлари ташкил этилди. Аммо Ҳиндистонда катта шаҳарларнинг кўчалари ҳали ҳам хавфсиз эмас. Аслида шаҳар инфратузилмасининг ўзи аёллар хавфсизлиги борасида анча-мунча ўзгаришларга муҳтож.
Ҳиндистонда олти йил илгари «Let’s Colour» номли самарали лойиҳа ишга тушди. Лойиҳа доирасида шаҳар кўчаларидаги абгор уйлар, хунук кўриниш касб этадиган чиқиндихоналар тартибга келтирилади. Айниқса, уй деворлари ёрқин рангларга бўялади. Бундан мақсад, кўчалардаги қора ранглар, тунд шароитни ёрқинроқ тусга алмаштириш. Чунки тартибсиз кўчалар, қинғир-қийшиқ уйлар, ёрилган деворлар, синган ойналар ҳар доим жиноят оламининг белгилари бўлиб келган. Мана шу муҳитни йўқотиш орқали, лойиҳа аёлларни ҳимоя қилишга ва жинсий зўравонликни камайтиришга ўз ҳиссасини қўшади. Зеро, ёрқин рангларга қараган инсонлар қалбида оз бўлса-да, эзгулик нури уйғонишига умид бор.
Намойишларга сабаб бўлган зўрланган қиз воқеасидан кейин, ҳинд дастурчилари смартфонлар учун VithU иловасини ишлаб чиқишди. Шошилинч вазиятда илова тугмаси босилса, смартфон автоматик тарзда дўстлар ёки оила аъзоларга қўнғироқ қилади ва телефон эгасининг жойлашув манзилини юборади. Россияда ҳам шунга ўхшаш Nimb лойиҳаси ишга туширилган. Бу каби иловаларнинг мақсади инсонга бўлган тажовуз ҳолатларини камайтириш. Ўзбекистонда бундай лойиҳалар ҳали амалга оширилмаган.