Ҳиёнатни ҳамма турли кўринишда аниқлайди, тўғрироғи сезиб қолади. Кимдир ич-ичидан нимадир ўзгарганини сезади, кимлардир кимнингдир «Суюнчи» олганидан кейин билиб қолади. Лекин айнан ҳозирги кунда ҳиёнатни телефон орқали сезиб қоляпмиз. Телефон орқали ҳаммасини билиб олдик, қўлимизда далил бор, хўш, энди нима қиласиз?
Ҳиёнат ҳақида гап кетганда – у ўзи нима деган саволга жавоб қидиришга ҳаракат қилайлик.
Ҳиёнат бу – икки жуфтликдан бирининг ўз олдига қўйилган мажбурияти ва вазифасини адо этмаганидир. Муаммо ҳам айнан шу ердан бошланади. Агар кимдир кимгадир сотқинлик қилган деб ҳисобласак, ўша кимдир аввало кимгадир нимадир ваъда берган бўлиши керак ва айнан ваъдасида турмаслик ҳиёнатнинг биринчи босқичидир. Ҳеч қачон муаммонинг универсал ечими бўлмайди, лекин қарор қабул қилиш учун унверсал йўл булиши мумкин, бу хам бўлса мулоқотдир. Турмуш қуришдан олдин бу ҳақида гаплашмаган бўлишингз мумкин, лекин ўзингизда куч тўплай олинг ва ҳеч қандай бақир-чақирларсиз нега муносабатларингиз бу кўринишга келганини гаплашиб олинг. Ҳеч қачон алам ва аччиқ устида қарор қабул қилманг, суҳбат давомида ниманидир тушунмадингизми қайта-қайта сўранг. Энг асосийси, ўзингиздан чиқиб кетманг, айнан бу пайтда қалбингиздаги аламга эмас, ақлингизга суянинг. Ҳар бир ҳолатни тарозига қўйиб кўринг. Ҳиёнат учун албатта бир сабаб бўлиши керак, ҳиёнат ҳеч қачон ўз-ўзидан содир бўлмайди. Айнан нима учун жуфтингиз ҳиёнатга қадам қўйганини аниқлашга урининг.
Ҳиёнат содир бўлганда жуфтидан жинсий қониқмаган, деб ўйлашади лекин хиёнатнинг биринчи сабаби хиссий қониқмасликдир. Дейлик, сиз бир-бирингизга жуда ўргангансиз, лекин сизни эндиликда унинг ҳазиллари кулдирмайди, ўзаро бўлган беғубор хазил-хузулларингизни қилмаяпсиз ёки аввалгидек эътибор бериб қучмай қўйгандирсиз? Жуфтингиз ўртадаги бўшлиқни сезиб, ўзини сизга кераксиздек хис қилишни бошлайди ва меҳр ва эътибор берувчи, унга бахт, хурсандчилик улашувчи инсонни қидира бошлайди.
Ёши катта бўлган инсонлар бундай ҳолатда қизиққонлик қилмасдан, туйғуларини жиловлаган ҳолда муаммони бартараф этишга ҳаракат қилишади, ўша етишмаётган эътиборни қайтаришни сўрашдан уялишмайди. Аммо баъзида ғурур устунлик қилиб эътиборга муҳтож эканлигимизни айтишга уяламиз. Қарабсизки, ҳиёнат давом этаверади.
Муносабатлар ўзаро ишонч, ҳурмат ва бир-бирини тушунишдан ҳосил бўлади. Одатда бизда бир-бирига етишиб бўлгач, бир тарафнинг иккинчи тарафга бўлган қизиқиши сўнади. Шунинг учун айтишадики «Ўқилмаган китоб бўлгин”, жуфтингиз умрини охиригача сизни ўргансин, токи уни ҳайратлантиришдан чарчаманг. Жуфтликнинг адабийлиги жинсий қониқиш билан эмас рухий, ҳиссий муносабатлар билан ифодаланади.