Турмуш қуришдан олдин оила ҳақидаги тасаввуримиз мутлақо бошқача бўлади. Бахтли оилаларда жуфтликлар бир-бирини жуда яхши тушунади, улар ҳар томонлама мос келади, севишганлар муҳаббат уммонига шўнғиб яшайди, деб ўйлаймиз. Лекин оила деб аталмиш даргоҳ остонасидан ўтганимиз ҳамон бошқача ҳаётга дуч келамиз. Нима деб ўйлайсиз, турмуш қуриб хато қилмаслик учун нима қилиш керак ёки бахтли никоҳ сирлари нимада?
Оила ўйинчоқ эмас. Оилали бўлдингми, демак, елкангга маълум бир вазифалар ва мажбуриятлар юкланди, дегани. Ҳеч ким бахтсиз ҳаётни орзуламайди. Ҳамма омадсиз никоҳ қуришдан қўрқади. Лекин баъзида бу қўрқув ҳақиқатга айланиши мумкин.
Бизни яхши билмайдиганлар учун балки яхши инсон бўлиб кўринармиз. Чиндан ҳам шундай, бировни яхши билмасанг, у кўзингга мукаммал бўлиб кўринади. Демак, бўлғуси жуфтингиз билан илк учрашувдан бошлаб сохталикдан йироқ бўлиш лозим. Ҳеч ким айбсиз эмас, сизнинг ҳам ўзингизга яраша камчиликларингиз бор. Энг катта муаммо, турмуш қургунга қадар биз бу муаммоларни қалбимиз тубига яшириб юраверамиз. Ногаҳон юзага чиқиб қолганда эса, бунинг учун жуфтимизни айблаймиз.
Дўстлар-чи, дейишингиз мумкин. Лекин ҳамма дўстлар ҳам аччиқ гапира олмайди. Кейин улар сизга кўзгу бўлишга мажбур эмас. Дўстларнинг кўпи қалбимизни яралашдан қўрқиб, ҳақиқатни гапирмайди.
Энг кўп учрайдиган хатоликлар
Одатда бўлғуси умр йўлдошни танлашда биз нима қиламиз? Танишганимиздан сўнг, у ҳақда маълумот йиға бошлаймиз. Таниш-билишлардан суриштирамиз, эски суратларини томоша қиламиз, худди терговчи сингари иш тутамиз. Ўқувчига ўхшаб, мактаб вазифасини бажаргандай бўламиз. Аслида эса бу билан бутун ҳақиқатни билиб олиш қийин. Қарабсизки, никоҳ таваккал, лотерея ўйинига айланади. Омад кулиб қолса бахтлисан, кулмаса инқирозга учрадинг.
Шундай жуфтликлар ҳақида эшитганмиз, бир-икки марта учрашиб, турмуш қурдик, дейишади. Лекин улар оилавий ҳаётда анчайин қийинчиликларга учрайди. Ўзбекчилик, андиша деган эшиклар ортида қалб яралари, дард, ҳатто аламли кўз ёшлар ҳам бўлиши ҳеч гап эмас.
Инсонлар болаликдан ўрганган ҳиссиётлар асосида оила қуради. Ота-онасида кўрганини шахсий ҳаётига ҳам татбиқ этишни хоҳлайди. Лекин буни жуфтимиз истамаслиги ҳам мумкин. Шундай дамда болалик қолипларидан ҳалос бўлиш қийин кечади. Энди инжиқлик-хархашаларимизни бир четга суриб қўйишимизга тўғри келади. Чунки қаршимизда ўзимизга ўхшаган қайсаргина қарама-қарши жинс вакили турибди.
Шунчаки “ёлғизлик”дан қутулиш ёки “одамлар нима дейди, ахир ёшим ўтиб боряпти-ку” деган баҳоналар билан кўр-кўрона турмуш қуриш ҳам хавфли. Бундай шароитда жуфт танлашда адашиб қолиш мумкин. Ёлғизликни қабул қилинг, шунда ҳеч қаерга шошмасдан, муносиб жуфтни танлай оласиз.
Романтик учрашувларимизни давом эттириш учун турмуш қурамиз. Аммо романтик учрашув билан оилавий ҳаётнинг ўртасида катта фарқ бор. Осмонларда учиб юрган бўлсангиз, никоҳдан кейин секингина ерга тушишингизга тўғри келади. Мажбурият, рўзғор юмушлари, кредитлар, фарзанд ташвиши бошингизга тушганидан кейин романтикани секингина бошқа фаолиятга алмаштириб қўя қоласиз.
Ҳаётга тик боқинг
Бир нарсани тан олинг: доимий хоҳиш-истакларингизга “хўп бўлади” дейдиган жуфт бу дунёда йўқ. Ҳар кимнинг ўз олами бўлади. Оилавий ҳаётда танбеҳлар эшитишингиз, асабийлашишлар, дилхиракликлар бўлиши табиий. Қолаверса, ўзингиз ҳам жуфтингизга жаҳл қилишингиз, бақириб-чақиришингиз мумкин. Шу ҳақиқатни англаб етинг. Номукаммалликдан ҳеч қаерга қочиб қутула олмайсиз. Аммо бу оилани парчалаш керак, деган маънони ҳам бермайди. Ҳар қандай муаммонинг ечимини топса бўлади, тўғри ёндашув бўлса кифоя.
Шунинг учун жуфт танлаётганда, мукаммал инсонни изламанг, балки “унчалик ёмон бўлмаган” инсонга эътибор қаратинг. Балки бу сизга ғалати туюлар. Лекин сиз ҳам номукаммал ва унчалик ёмон бўлмаган инсонлардан бирисиз. Бўлғуси турмуш ўртоғингизнинг диди сизники билан юз фоиз мос келиши шарт эмас. У сиз билан муроса қила олса бўлди. Айнан шундай инсонларни қидириш керак. Ҳаёт билан эртак бошқа-бошқа олам.
Ҳар қандай ихтилофни еча олаяптими, демак у “унчалик ёмон одам эмас”. Бир-бирингизга мос тушишингиз — бу муносабатларингиз эришган натижа. Кўрдингизми, демак, ортиқ даражадаги романтика сизга фойда келтирмайди. У аслида ёвуз ва алдамчи фалсафа. Айнан шу туфайли, оилавий ҳаётда кўп хатоларга йўл қўйишимиз мумкин. Қабул қилишимиз керак бўлган ҳақиқатларни инкор қиламиз. Ҳаётимиз кинодагидай бўлиши лозим, деб адашамиз. Агар оилангиз кинодагидан мутлақо фарқ қилса, муносабатларингизда муаммолар юз бериб турса, билингки, сиз ҳақиқий ҳаётда яшаяпсиз ва ушбу қийинчиликларни биргаликда енгиб ўтишингиз керак. Муаммолар, мураккабликлар, деб оилани бузишнинг кераги йўқ. Аслида ҳаёт шу ташвишлари билан ширин.
Сўнгги пушаймон ўзингга душман дейишади. Кейин афсусланмаслик учун, ўша “унчалик яхши бўлмаган” инсон жуфтингиз бўлишига олдиндан тайёр бўлиб юринг. Унинг камчиликлари бўлишига кўникинг. Кўнгил қўйсангиз, уни борича севинг, айбу нуқсонлари билан бирга қабул қилинг. Ана шунда “турмуш қуриб адашдим” деган жумлани ишлатмайсиз. Никоҳимиз “номукаммал бўлди” деган ўйлар хаёлингиз кўчасига келмайди.