ТУҒРУҚДАН КЕЙИНГИ ТУШКУНЛИК: ЧАРЧОҚМИ, ЗАИФЛИК ЁКИ ИНЖИҚЛИК?

Туғруқдан кейин деярли барча аёлларда пайдо бўлувчи тушкунлик, бошқача айтганда депрессия ҳолати худди ички босқинчига ўхшайди, уни енгиб ўтиш атрофдагиларнинг қўллови ва ёрдамига боғлиқ.

Туғруқдан кейинги депрессия — шунчаки чарчоқ эмас, балки ҳақиқий тушкунлик ҳолатининг бир туридир. Депрессияда инсон ўзини рад этилгандай, ёлғизланиб қолгандай ҳис этади. Ёш онага эса икки ҳисса қийин, чунки у нафақат ўзи, балки фарзанди учун ҳам жавобгар ҳисобланади.

Аёл нимани ҳис этади?

Ҳақиқат шундаки, ҳар ўнинчи аёл туғруқдан кейинги депрессияга учрайди. Ўйлаб кўринг: ҳар ўнинчи аёл! Улардан фақат 15% игина мутахассисларга мурожаат қилади. Бу албатта, Епропа давлатларидаги кўрсаткич. Энди тасаввур қилинг, ўзбегимнинг андишали аёли ҳеч қайси мутахассисга бормаса керак. Улардан кўпчилиги дардларини яширади, айбдорлик, қўрқув ҳислари исканжасида яшайди. Натижада чақалоқ онадан керакли меҳрни ололмайди. Болали аёл фарзанди билан мулоқотни истамайди, йиғлаган овозини эшитишга тоқати етмайди. У фарзандига жаҳл қилади, чорасизлиги учун асабийлашади.

Айниқса, илк фарзандини қўлга олган ёш оналар хавотирли ўй-фикрларини назорат қилолмайди, уйқусини йўқотади, иштаҳаси пасаяди. Атрофдаги инсонлар – умр йўлдоши, қайнонаси, овсинлари, дугоналари эса “Кўпроқ овқат ейишинг керак, сутинг камайиб кетади, болани нотўғри кийинтиряпсан”, деб аёлни ҳоли-жонига қўйишмайди. Ёш она эса бир нарсани хоҳлайди холос, ҳамма уни тинч қўйса.

Сабабларини излаймиз

Гормонал ўзгаришлар, кун тартибининг бузилиши, стресслар, ирсий мойиллик каби омилларнинг барчаси сабаб бўлиши мумкин. Фарзанд туғилиши оилада ва рўзғорда кўп қоидаларни остин-устун қилиб юборади: аёл билан эркак орасидаги эр-хотинлик вазифаларидан ташқари ота-оналик бурчи ҳам пайдо бўлади. Кўп ҳолларда эркак оила боқувчиси сифатида боши билан ишга шўнғийди ва оиласига кўп вақт ажратолмайди. Аёл эса ўзини оналикка бағишлайди. Бола биринчи ўринга чиқиб, эр-хотин муносабатлари иккинчи ўринга тушиб қолади. Ушбу ҳолат ойлаб давом этиши мумкин.

Депрессия аёлнинг “мен”ини бутунлай чеклаб қўяди. Оқибатда унинг феъл-атвори ўзгаради ва атрофдаги барча ҳодисаларга ўта таъсирчан бўлиб қолади.

Ёрдам бериш йўллари

Аввало унинг ёнида бўлинг. Онанинг ҳолидан мудом хабар олиб туринг, унинг ҳиссиётлари, таассуротларини сўранг, хавотирлари, қўрқувларини аритинг.

Айбламанг. «Ўзингни қўлга ол», «тушкунликка тушма», «ахир сен онасан» деган сўзларни унутинг. Депрессиядаги аёлда куч йўқ, унга ҳар томонлама ёрдам беринг, рўзғорда, бола парваришида. Она атрофида меҳр-муҳаббат муҳитини яратинг. Айбламанг, койиманг, ортиқча гапирманг, кўнглини кўтаринг, совға беринг, қувончу ташвишига шерик бўлинг.

Сабр-тоқат қилинг. Онанинг қачон тушкунликдан бутунлай чиқиб кетиши номаълум. Лекин туғруқдан кейинги ўртача депрессия даври одатда ярим йилгача давом этади. Ҳаракатларига эътибор бериб юрсангиз, ундаги ўзгаришларни дарров пайқайсиз. Энг мураккаб даврдан ўтиб олсангиз, қувонч, бахт, ҳаётга бўлган қизиқиш яна қайтиб келади. Тушкунликни енгиш тажрибаси эса ҳали онага кўп марта керак бўлиб қолиши ҳеч гап эмас.

 

https://www.psychologies.ru материаллари асосида тайёрланди.