Жинсий алоқаги киришиш жиноят дея ҳисобланадиган боланинг ёши мамлакатда амал қиладиган қонунчиликка боғлиқ. Ҳар бир давлат жинсий томонлама розилик бериш ёшини ўзи мустақил белгилайди. Ғарбда бу чегара 14-18 ёшни ташкил этади. Ўзбекистонда эса 16 ёш. Баъзи маданиятларда жинсий фаолият, никоҳ ва фарзандли бўлишга анча эрта ёшда рухсат берилади. Масалан, Нигерияда бундай муносабатларга 11 ёшдан бошлаб киришилади.
2022 йилда Ўзбекистонда 469 нафар одам вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик учун жазога тортилган. Улардан 23 нафари — 14 ёшга етмаган шахснинг номусига теккан. Овоза бўлган аксарият жиноятлар бир-бирига ўхшаш: жиноятчи мактабдан уйга қайтаётган ёки сайр қилиб юрган болани алдов йўли билан олиб кетади. Ўша Янгихаёт туманидаги воқеани эсланг. У куппа-кундуз куни содир бўлганди.
Биздаги жазолаш тизими ахлоқ тузатиш жазосини ўз ичига олади ва қамоқда 10 йил ўтириб чиққан шахс бутунлай ўзини ислоҳ қилиб чиқди, дея ҳисобланади. Аслида қамоқ инсонни яхши томонга ўзгартира олмаслигини, аксинча, бадтар қилишини ҳамма яхши тушунади. Баъзи одамлар азбаройи руҳияти тушганидан ва ҳаётга бўлган қизиқиши қолмаганидангина жамият учун хавфсиз шахсга айланади. Умуман олганда, болаларни уйдан кечки соат 10 дан кейин чиқишини тақиқлаш орқали, қандай қилиб ҳимоя қилиш мумкин. Бизда педофилия бўйича кўпгина жиноятлар болалар мактабдан уйга қайтаётган вақтида содир бўлмоқда ва вақтинчалик чеклов чоралари бу ерда иш бермайди.
Болаларга жинсий зўравонлик қилган шахс қамоқдан чиққанидан кейин ушбу ҳаракатни яна амалга оширишни исташи мумкин. Бу каби одамларни тизимли равишда назорат қиладиган участка инспекторлари бор. Аммо баъзи бўлимларда ходимлар тез-тез алмашиб туради, участка инспекторлари ҳам доим бир жойда ишламайди, ички ишлар органлари барчани кузатиб туришга улгурмайди, натижада ушбу жараён расмий тус олиб, участка нозири фақат телефон орқали назоратни амалга оширади.
Жинсий дахлсизликка қарши жиноятларни фақатгина педофилик бузилиши бўлган инсонлар содир этмайди. Болалар номусига тегиш билан боғлиқ аксарият жиноятлар уйда (80-90%) содир бўлади, зўравонлар эса акалар, ўгай оталар, оила дўстлари ва ҳатто ўз оталари ҳам бўлиши мумкин. Бу каби жиноятларнинг аксарияти вазиятга боғлиқ ҳолда рўй беради, яъни одамда болаларга нисбатан кучли майл бўлмайди, аммо энг қулай ва қўл остидаги ҳимоясиз қурбон сифатида болани танлайди, дейди профилактик ижтимоий лойиҳаларни амалга оширадиган “Стеллит” ҳудудий жамоат ташкилоти ходимаси Вероника Одинокова.
“Зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар туфайли озодликдан маҳрум қилиш муассасаларида сақланаётган одамлар орасида тадқиқот ўтказилган. Натижаларга кўра, 80% га яқин судланувчилар мутлақо соғлом бўлган, қолганларида ўзгаришлар кузатилган, лекин педофилик бузилишлар эмас”, — дея таъкидлайди Одинокова.