Спорт мураббийлари ва рақс устозларининг бақириши, камситиши, уриши ёки савалаши, бир сўз билан айтганда, тарбияланувчиларни қийнаши негадир бизнинг жамиятда оддий ҳол саналади. Сабаби ота-оналар онгига “Эти сизники, суяги бизники” деган халқ мақоли сингиб кетган. Қолаверса, бугунги қийинчиликлар эртанги муваффақият гарови, деб ҳисоблайди кўпчилик. Аслида шундайми? Қатъийлик ва шафқатсизлик орасида чегара борми? Устозларнинг руҳий ва жисмоний тазйиқлари болалар ва ўсмирларга қандай таъсир қилади? Келинг, ушбу масалани мутахассислар билан муҳокама қилиб кўрамиз.
Ушбу мавзуни кўтаришимизга яқинда интернет тармоғи орқали бир спорт мураббийининг ўз шогирдини қўпол ҳаракатлар билан ўлим ҳолатигача олиб келгани ҳақидаги видео сабаб бўлди.
Ҳаётий воқеалар
“ҲАММАНИНГ КЎЗ ОЛДИДА МЕНИ ТИНЧ ҚЎЙМАСДИ”
– Беш ёшимдан рақс тўгарагига қатнашни бошлаганман. Болаликдаги истагим секин-аста профессионал рақс билан шуғулланиш мақсадига айланди. Биринчи машқларга келганим эсимда, ич-ичимдан қувончим чексиз эди. Аммо вақт ўтиб, бу иштиёқим устозларимнинг қўпол муносабати ва шафқатсизларча ҳаракатлари туфайли бутунлай сўнди. Яширмайман, рақс устозларим шаҳардаги машҳур раққосалар эди. Гуруҳимиздаги қизлар билан уларнинг биргина нигоҳидан қўрқардик. Ҳатто уларга “Карабас-Барабас” деб ҳам ном қўйволгандик. Чунки уларнинг бизга бўлган муносабати чиндан ҳам ваҳший эди. Истаганча бақиришарди, кимдир айб қилиб қўйса, ҳамманинг кўз олдида бақириб, шарманда қилишарди. Ташқи кўринишимизни эса доимо камситиб келишарди, ўзимизни хунук қизлар деб ҳисоблардик. Бундай қўпол муносабатга 5 йил чидадим, кейин эса бу гуруҳни бутунлай тарк этдим.
“БОЛАМ ҚЎРҚУВДАН ЎЗИНИ ЙЎҚОТДИ”
– 2018-йили беш ёшли ўғлимни гимнастикага бердим. Шаҳримизда ягона бўлган профессионал спорт мактабини танладик. Мураббийларини кучли ва маҳоратли дейишди. Ҳар бир боланинг қўлида кундалик дафтари бўларди. Ўғлимники уч ва иккига тўлиб кетди. Шу баҳоларга ростан ҳам лойиқмикан, деган савол мени ўртагани учун бир куни машғулотларига қатнашиб кўрдим. Қизиғи, бунчалик паст баҳо қўйишига арзирли сабаб тополмадим, фарзандим ҳамма каби шуғулланарди. Аммо машқ жараёни мени хайрон қолдирди. Икки нафар эркак мураббий фақат бақирарди, бола адашиб қолса, қўпол сўзлар билан камситарди, важоҳатидан балки мен бўлмаганимда, бир-иккитасини урган бўларди ҳам. Биронта болани исми билан чақирмас, фақат калака қиларди. Хуллас, улар томонидан ҳеч қандай мотивацияни кўролмадим. Кўрганларимни мактаб директорига етказдим, лекин жавобан “ёқмаса, болангизни олиб кетинг, бизда режим қаттиқ, мутахассисларимиз эса малакали” деган гапни эшитдим. Чорасиз қолганимдан тартиб шундай бўлса керакда, деб ўғлимни у ерда қолдираверибман. Спортчи бўлишини роса хоҳлаганимданми балки. Аммо кейин афсусландим. Чунки бир ярим йил ичида ўғлим тунлари пешоб қилиб қўядиган ҳолатгача келди. Кўзларида қўрқув аломатларини кўрардим. Тирноқларини тишлайдиган одат чиқарди. Охири болалар психологига боришга мажбур бўлдим. У бизга нотўғри мураббийни танлаганимизни тушунтириб берди.
“БОЛА ТИЗИМ АСИРИГА АЙЛАНАДИ”
Болалар ва оилавий психолог Татьяна Доспехованинг айтишича, мураббийлар болани қадрсизлантириш орқали ўзига тўлиқ бўйсунтирмоқчи бўлишади ва вазифаларини сўзсиз бажариши учун замин тайёрлайди. Кейин мураббийларнинг ичида бир тушунча бор, агар қаттиққўл бўлмасанг, демак, профессионал эмассан. Шунинг учун ҳам ёш болаларни жазолаш оддий ҳолга айланиб қолган. Психологнинг таъкидлашича, болаликдаги бундай муносабат инсон ҳаётининг бошқа даврларига ҳам таъсир қилиши мумкин. Зеро, спортга болалар йиллаб қатнашади ва стресс ҳолатлари уларни доимо таъқиб қилади. Балоғат ёшида оғир машғулот шароитида қўйиладиган юқори талаблар боланинг ақлан тез чарчашига олиб келади. Кейинчалик эса инсоннинг турли салбий одатларга қарам бўлишига сабаб бўлади. Масалан, спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик, ўзини ишга кўмиб ташлаш ёки семизлик каби.
АГАР МУРАББИЙ ФАРЗАНДИНГИЗГА НИСБАТАН ҚЎПОЛЛИК ҚИЛСА, НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?
Мабодо фарзандингиз танасида қандайдир ўзгаришлар, кўкариш аломатлари бўлса, аввалига шифохонага мурожаат қилинг. Мураббий ишлайдиган ташкилот раҳбариятига чиқиб, текширув олиб боришини талаб қилинг. Бошқа ота-оналарнинг фикрини сўранг. Уларнинг фарзандлари ҳам муаммога учраяптими. Ҳамма суриштирувларингизни видеотасмага ёзиб олинг. Агар вазият жуда жиддий тус олса, болалар Омбудсмани, ҳуқуқ-тартибот органлари бор. Қолаверса, психолог ҳам ёрдам бера олади. Мутахассис болада қандай руҳий ўзгаришлар кетаётганини аниқлаб беради.
Фарзандингиз хулқ-атворига эътибор беринг. Кайфияти бўлмаётгандир, тушкунликка тушгандир, нимадир қийнаётгандир, айнан машғулотлардан олдин ёки кейин безовталик бўлаётгандир. Гоҳида мураббийлар ота-оналарнинг олдида роса мулойим бўлиб, ҳунарини улар йўқлигида кўрсатишади. Мураббийнинг ўзи билан гаплашиш вариантини ҳам кўриб чиқинг. Агар келиша олмасангиз, болани бошқа тўгаракка ўтқазинг. Фарзандингиз билан очиқчасига гаплашиб олинг, мураббийининг ҳаракатларини оқламаслигингизни тушунтиринг. У нотўғри иш қилаётганини уқтиринг, фарзандингиз меъёр деб қабул қилаётгани аслида унинг эркинлигини чеклаши, меъёрий ҳолат эмаслигини кўрсатиб беринг. Қолаверса, боланинг қадрини оширинг. Ундан фақат яхши натижа кутиб яшалмаётганини, хато ҳам қилиши мумкинлигини, аслида унинг борлиги неъмат эканлигини ва ота-онасининг меҳрига лойиқ фарзанд эканини айтинг.
Яна бир нарсани ҳам ўйлаб кўринг, болангизнинг кўз ёши, руҳан синиши эвазига келган ҒАЛАБА сизга керакми?!
Биз бугун танганинг бир томонини кўриб чиқдик холос, муваффақиятга эришаётганлар орасида эса мураббийидан тўғри тарбия олаётган чемпионлар ҳам йўқ эмас.
Манба: https://cherta.media/projects/school/deti-v-sporte/