АЁЛЛАРДА КЛИМАКС ДАВРИ “ЁШАРГАНИ” РОСТМИ?

Бугунги кунда қирқ ёшдан ошган ҳар иккинчи аёл климакс билан боғлиқ илк белгиларни ҳис қилишни бошлайди. Бундай белгиларга уйқусизлик, бош оғриғи, жинсий аъзолар шиллиқ қаватининг қуруқлашуви, бошнинг бирданига қизиб кетиши кабиларни киритиш мумкин. Хўш, нима учун климакс аёлларда эрта бошланмоқда?

Климакснинг бошланиши асосан генетик мойилликка боғлиқ: она ва қизда унинг бошланғич даври деярли бир хил бўлади, балки 1-2 йилга фарқ қилиши мумкин. Аммо сурункали стресс, репродуктив аъзолар касалликлари, туғруқ асоратлари, кичик тосдаги димланиш ҳодисалари ва зарарли одатлар климаксни янада тезлаштиради.

Аёллар саломатлигига яна контрацепцияга жиддий қарамаслик ҳам ўз таъсирини ўтказади, шу туфайли интим ҳаёт мамнунлик бағишламай, қўшимча стресс манбаига айланиб қолади. Шунинг учун бу мавзуни турмуш ўртоғингиз ёки гинекологингиз билан муҳокама қилишдан уялманг.

Климакс ва менопауза: фарқи нимада?

Ушбу икки тушунчани кўпинча адаштиришади. Климакс ҳам, менопауза ҳам аёл репродуктив фаолиятининг секинлашуви ва тўхташи билан боғлиқ. Айнан тўхташ менопауза дея номланади ва у климакс босқичлари қаторига киради. Ушбу давр охирги ҳайз келган вақтдан бир йил ўтиб бошланади. Климакс эса кенгроқ тушунча бўлиб, у ҳайз циклининг илк ўзгаришидан тортиб, унинг тўлиқ тўхташигача бўлган даврни, яъни тухумдонлар фаолиятининг тамомланишини ўз ичига олади.

Климакснинг биринчи босқичи – пременопауза.

У ҳайз циклининг ўзгаришидан бошланади. Ҳайз мунтазам келмайди, ҳайз олди синдром янада мураккаб кеча бошлайди, кўкракнинг таъсирчанлиги ортади. Агар кўкракда ўзгаришлар кузатилса, буни эътиборсиз қолдирмай, албатта, маммолог кўригидан ўтиш ва мастопатия ёки кўкрак безларида турли ўсимталар бор-йўқлигини текшириш зарур. Агар ҳайз суюқлиги жуда кўп қуйқалар билан оғриқли келса, бошқа вақт ёки жинсий яқинликдан кейин қўшимча қон кузиталса, зудлик билан гинекологга мурожаат қилиш шарт.

Меъёрда  пременопауза 45 ва 50 ёшларда бошланиши керак. Бу даврда аёлларда чарчоқ, асабийлик, қизиб кетиш ҳолатлари бўлади. Баъзида бош айланиши, аритмия ва қон босими ошиши қўшилади.

Иккинчи ва учинчи босқич – менопауза ва постменопауза

Менопауза ҳайзнинг тугашини англатади ва табиий шароитда 45-55 ёшга тўғри келади. Климакснинг ушбу иккинчи даврида тухумдонлар фаолияти тўхтайди ҳамда эстрогенлар миқдори тезроқ пасаяди.

Постменопауза ниҳоят охирги давр бўлиб, соғлиққа алоҳида ёндашувни талаб этади. Ёшлигида сурункали гинекологик ва эндокрин касалликлари бўлган аёллар эҳтиёт бўлишлари керак. Ушбу даврда эстрогенларнинг яққол етишмаслиги сезилади: шиллиқ қаватлар атрофияси (сўлиши), мушак ва суяк тўқималарининг ўзгариши. Энг ёмони, остеопороз, юрак-қон томир касалликлари, семизлик ривожланиши мумкин. Бундай даврда эндокринологга кўриниб туриш асло зарар қилмайди.

Климаксни фақат хотиржамлик билан енгиш керак

Климакснинг турли даражалари бор:

Қизиб кетиш кунига 10 мартадан кам – хавфсиз;

Кунига 10-20 марта – ўрта оғирликдаги;

Кунига 20 мартадан кўп – оғир.

Шифокор ушбу даражаларга қараб климакснинг салбий оқибатларини бартараф этиш йўлларини танлаб беради. Аммо аёлларнинг ўзлари ҳам аҳволини енгиллаштириши мумкин. Аввало климаксга у ҳақда олдиндан маълумотларга эга бўлиб, тайёрланиш зарур. Тиббиёт ходимларининг фикрига кўра, сурункали касалликлари бор, семизликка мойил ва тез асабийлашадиган аёллар климаксни оғирроқ ўтказади. Демак, қуйидаги қоидалар ўз-ўзидан пайдо бўлади:

Асабларни асраш;

Кўпроқ ҳаракатда бўлиш;

Тўғри овқатланиш;

Кун тартибига риоя қилиш;

Соғлом ҳаёт тарзини олиб бориш;

Сайр қилиш;

Ташвишларни шукроналик билан енгиш.

Энг муҳими, аёллар климакс ва менопаузадан қўрқиши керак эмас. Соғлиққа вақтида эътибор бериш, мутахассислар кўригидан ўтиб туриш ва ёқимсиз симптомларни бартараф этиш ушбу оддий бўлмаган даврни енгиб ўтишга ва яна кўп йиллар давомида саломатликни сақлаб қолишга ёрдам беради.

Манба: https://lifemin.com.ua/blog