“Мен ҳеч киммасман”. Аутоагрессия нима ва нега биз ўзимизга аччиқ қиламиз?

«Яқинларим кўнглини қолдиришга ҳаққим йўқ”. «Ўз туйғуларимни айта олмайдиган даражада бўшманми». «Ота-онага қарши чиқиш мумкин эмас». «Яна овқатим ўхшамади, қанақа бекаман ўзи?!»
Айрим кўрсатма ва фикрлар одамнинг ўзига ўзи баҳо беришига таъсир қилади. Лекин негативни ўзимизга йўналтиришимиз жуда ёмон. Аутоагрессия (ўзига жисмоний ва руҳий зиён етказиш)ни ўзини танқид қилиш билан адаштирмаслик керак. Айрим психологларнинг фикрича, аутоагрессия ўзимизга нисбатан бўлган салбий таассуротлар: ғазаб, қаҳр, аччиқланиш ва ҳоказо. Бошқа психологлар эса аутоагрессия ўзини емирувчи ҳатти-ҳаракатларда акс этиб, одам ўзига руҳий ва жисмоний зиён етказади, дея таъкидлайди.
 
Аутоагрессия қандай намоён бўлади
Баъзи одамлар ўзларига қасддан зиён етказади, яъни улар ўзларидан ғазабланганликларини англаб, ўзларининг ғазабини ифода этадилар. Баъзан эса одамлар буни англамаган ҳолда амалга оширишади: ўзига нисбатан ҳиссиётларини ҳеч қачон тан олмайди. Аммо у билан «тасодифан» турли нарсалар рўй бера бошлайди: турли можароларга дуч келади, доимий равишда шикастланади ёки ҳаддан зиёд кўп ишлаб, ўзига касал орттирволади. Шунингдек, аутогрессия йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчиларда учраши мумкин. Ёки алкогол ва гиёҳванд моддаларни ҳаддан ташқари кўп истеъмол қиладиганлар, озиқ-овқатга қарамликдан азият чекадиган одамларда учрайди. Баъзи экспертларнинг фикрига кўра, аутоагрессия психосоматикада намоён бўлиши мумкин: ҳиссиётни намоён этишни тақиқлаш билан инсон стрессни ўзида йиғади. Эртами-кечми, бу ҳақиқий касалликка айланиши мумкин: гастрит, ошқозон яраси, гипертензия ва бошқалар.
 
Аутоагрессия қаердан пайдо бўлади
Аутоагрессия сабабларидан бири – болага салбий ҳис-туйғуларни намоён этишни тақиқлаш. Масалан, ота-онангизга, қариндошларингизга, дўстларингизга жаҳл қилолмайсан дейишади. Аммо инсонда негатив ҳиссиёт пайдо бўлса, уни чиқариш керак. Агар бу амалга оширилмаса, у чиқиш йўлини топади – фақат одамнинг ичига қаратилади. «Яқинларимдан ғазаблансам, мен ёмонман» … Ушбу модел бошқа шунга ўхшаш вазиятларда мустаҳкамланиб, одам доимо ўзига нисбатан ғазабланади.
Яна бир сабаб – айбдорлик ҳисси. Масалан, фарзандингиз тез-тез «Сен отасиз улғаймаслигинг учун шафқатсизликка дош беряпман» деган гапни кўп эшитади, дейлик. Ёки унга: «Сен мени жуда хафа қилдинг, юрагим оғриб, босимим кўтарилди», деб айтишади. Буларнинг бари манипуляциялар: болада айбдорлик ҳисси пайдо бўлади ва уни бошқариш осонроқ бўлади. Аммо баъзида бола сизсиз ҳам муайян ҳолатлар учун жавобгарликни ўзига олиши мумкин. Масалан, «мен ёмон ўқиганим учун дадам онамни ташлаб кетди», «ота-онам доим мен уларни безовта қилганим учун урушишади». Болалар оилада ёмон муҳитни ҳис қилишади ва кўпинча ўзларини бунга сабабчи деб билишади. Бундай айбдорлик ҳисси одамда узоқ вақт қолади. Бунга қарши туриш учун одам аутоагрессия билан шуғулланади: у ўзини айблайди, ўзига зиён келтирадиган ҳатти-ҳаракатлар қилади, ўзига жароҳат етказади. Бундай жазодан кейин анча енгиллашади.
Аутоагрессиянинг учинчи сабаби – бу бошқаларнинг эътиборини тортиш учун намойишкорона хатти-ҳаракатлар. Эҳтимол, шу тарзда одам мадад ёки ҳамдардлик кўрсатишларини хоҳлар. Намойишкорона аутоагрессияга йўлиққан одам ўзи ҳақида салбий фикрда бўлмаслиги, аммо унинг хатти-ҳаракати ҳам хавфли бўлиши мумкин. Ўзига зарар етказишга бепарволик билан уриниш жуда қайғули оқибатларга олиб келиши мумкин.
 
Аутоагрессиядан одатда ким азият чекади
Ҳиссий беқарор бўлган одамлар одатда аутоагрессиядан азият чекади. Улар учун жаҳлни тийиш мушкул ва улар импульсив ҳаракат қилади. Уларнинг ғазаби ташқи муҳитга ҳам, ўзларига ҳам йўналтирилиши мумкин. Ва уларнинг бу туйғу билан курашишлари қийин. Онгсиз аутоагрессия итоаткор ва интизомли одамларга хосдир. Бошқалар наздида улар ўзларини қандай тутиш кераклигини билишади, доим хушмуомала. Аммо ичкарида тўпланиб қолган ҳиссиётларни чиқармаса, улар юрак, қон томирлари ва ошқозон-ичак трактининг турли касалликлари шаклида «юзага чиқиш» мумкин.
Шунингдек, ҳиссиёт, норозилик, бир-бирларига хатти-ҳаракатлар ва муносабатларни муҳокама қилиш мумкин бўлмаган оилаларда ўсган одамлар аутоагрессияни бошдан кечиришади. Ёки бу оилаларда болаларда айбдорлик ҳисси тарбия қилиниб, уларни бошқариб туришган.
 
Аутоагрессияни қандай енгиш мумкин
Ҳиссиётларни ташқарига чиқаришга ўрганинг. Ўзингизга ёки бошқаларга зарар етказмаслик учун мақбул усулни топинг. Масалан, қоғоз парчалаларини йиртиш мумкин. Бу ҳам ҳис-туйғуларингизни ифода этишнинг бир усули. Чизиш, ёзиш, бақириш ёки йиғлаш мумкин.
Ўзингизга турли хил ҳис-туйғуларни бошдан кечиришга “рухсат беринг”. Одамлар қувониш ва ғазабланиши, табассум қилиш ёки хафа бўлишлари мумкин – бизнинг ҳиссиётларимиз турфа, салбий ҳис-туйғуларни ҳам намоён қилишга ҳақлимиз. Туйғуларингизни аниқлаб, уларни сўз билан ифода этинг. Агар сиз кимдандир ғазаблансангиз, унга: «Мен ғазабланяпман, жаҳлим чиқяпти», деб айтинг. Ғазабланиш зўравонликни англатмайди. Бу шунчаки муайян лаҳзада пайдо бўлган туйғу. Агар сиз уни ўз номи билан ифодаласангиз, у ўз кучини йўқотади.
Ўзингизни тингланг, сиз учун муҳим бўлган нарсаларни қилинг. Одамлар кўпинча болалар, ота-оналар, ҳамкасблар, жамият олдидаги бурчлари учун яшайдилар. Кимдир у ҳақида ёмон ўйлашидан қўрқади, шунинг учун можаролардан қочади ва ён беради. Кимдир жамоатчилик талабларига мос бўлиш деб ўйлайди ва ўзи хоҳлаган нарсани унутади. Ғазаб ичингизда йиғилиб қолишига йўл қўйманг – бу сизга фақат зарар келтиради. Сиз бошқалар фикрига қўшилмаслигингиз ва баҳслашишингиз мумкин, чунки ўз фикрингиз бор. «Мен хоҳлайман» ва «Мен қиламан» ўртасида ҳеч қандай келишмовчилик бўлмаслиги учун ички зиддиятларни йўқ қилишга ҳаракат қилинг. Бу ички стресс ва аутоагрессияни камайтиради.