Феминизм тўғрисидаги афсоналар

Феминизм ҳақида энг тарқалган янглиш фикрларни тўпладик ва уларнинг нима учун ноўрин эканлигини кўриб чиқдик.

Феминисткалар эркаклардан нафратланади

Феминизмда бир нечта оқимлар мавжуд бўлиб, уларни умумлаштириш нотўғри. Жамиятнинг фикрига кўра, тажовузни намоён қиладиган ҳар қандай одам радикал феминистдир. Эркакларга оид имтиёзларга қарши қилинган ҳар қандай ҳаракатларни феминистлар томонидан қилинган деб ҳисоблашади. Аммо бундай ҳаракатлар ҳар қандай одамлар томонидан уюштирилиши мумкин. Аслида, радикал феминизм аёлларга нисбатан зулмлар тизими сифатида патриархал тизимга қарши курашади. Унинг радикаллиги ҳам шунда. Радикала феминисткалар эркакларга қарши чиқмайди. Бошқа оқим феминисткалари ҳам патриархатни аёлларга нисбатан зулмнинг асоси деб ҳисоблашлари ва эркак имтиёзларига (эркакларга қарши эмас) қарши курашишлари мумкин. Ҳар қандай ҳаракатда бўлгани каби, баъзи тарафдорлар янада тажовузкор бўлиши мумкин. Аммо барча феминистлар эркакларга қарши деб айтиш янглишдир, ҳудди барча эркакларга фақат жинсий алоқа керак ёки ҳамма аёллар уй бекалари дейиш ҳам нотўғри бўлгани каби.

Барча феминисткалар агрессив

Келинг, жамият наздидаги аёллар тажовузкорлигини кўриб чиқайлик. Қизларга болалигидан мулойим, хушмуомала бўлишга, хизмат қилишга тайёр бўлишга ўргатишади – айнан шундай қиз «одобли» ҳисобланади. Қиз жамият талабларига мос бўлишни истамаса, нима бўлади? Агар у ўз фикрига эга бўлса ва уни ифода этишдан тортинмаса? Кимдир қизнинг феъли борлиги ва эркакшода эканлигини айтса, бошқа биров уни одобсизлик, сурбетлик ва тажовузкорликда айблайди. Оддий мисол. Кўпинча постларимиз остидаги шарҳларда: «Ёлғон гапиряпсиз, аёллар камситилмаяпти, статистикани келтиринг!», дейишади. Гуглда бундай статистикалар кўп, вақти-вақти билан бизнинг лойиҳамиз томонидан ҳам мақолалар тайёрланади. Ўша шарҳ ёзган одамга саҳифадаги постларни кўриб чиқишни таклиф қилсанг, 90 % ҳолатда бизни агрессия ва қўполликда айблашади.

Шунингдек, шахсий чегаралар ҳимоясини ҳам агрессия деб қабул қилишади. Масалан, одамга унга яқин туришлари ёки унга енгил тегинишлар ҳам ёқмаса ва у ундан узоқлашиш ва тегмасликни илтимос қилса, буни агрессия сифатида қабул қилишади. Бундай илтимос аёл томонидан айтилсагина агрессия деб қабул қилинади. Умуман олганда, аёлларнинг ўз ҳуқуқлари учун курашлари кўпларга тажовузкор хатти-ҳаракатларга ўхшатилади. Ваҳоланки айни ҳаракатлар эркаклар томонидан амалга оширилса, унда жамият буни табиий аччиқланиш сифатида қабул қилади. Чунки болалигимиздан бери бизда вужудга келган стереотиплар аёлга бўйсунмаслик кераклигини, эркак эса курашчи бўлиши кераклигини уқтиради. Аёлнинг қарама-қарши хатти-ҳаракати тажовузкорлик деб ҳисобланади. Эркакда эса – заифликнинг намоён бўлиши.

Феминизм аёлларга кўп қиррали бўлишга ва ўзларини эркин ҳис қилишга имкон беради. Феминисткалар шахсий чегаралар нима эканлигини билишади ва улар жамият ва гендер стереотипларига мувофиқ яшаш шарт эмаслигини билишади. Айнан агрессив одамлар ҳар қандай борлигини унутмаслик керак. Феминизм бундан мустасно эмас. Аммо бутун ҳаракатга алоҳида издошларнинг хужумлари билан ҳукм чиқариш мутлақо нотўғри. Бу ҳудди барча мусулмонларни террорчиликда айблашдек гап. Ўз фикрига эга одам, хоҳ у христиан, хоҳ бошқа эътиқодда бўлсин, террорчиликнинг Ислом билан алоқасини йўқлигини тушунгани каби, феминизмнинг агрессиядан йироқлигини ҳам англайди.

Феминисткалар хунук ва ўзига қарамайди

Тўғри, феминизм бодипозитив рағбатлантиради, лекин кўпчилик буни нотўғри талқин этади. Ва буни ҳам феминизмга ағдаришади.

Бодипозитив ўзи нима? Бу сизнинг танангизга ижобий муносабатда бўлишга, уни тўлиқ қабул қилишга ва ўзингизни эркин ифода этишга ўргатадиган ҳаракатдир. Кўплаб феминистлар, аёл қандай бўлишини ўзи танлаши керак деб ҳисоблайди: бўяниш ёки бўянмаслик, пошнали оёқ кийим кийиш ёки киймаслик ва ҳоказо.

Бундан ташқари, жамият аёлдан гўзал ва латофатли бўлишни талаб қилади. Эркак сочлари олинган ва ювинган бўлиши кифоя. Аёл ўзига қараши, терини парвариш қилиши, қоматига қараши, ортиқча тукларни олиб ташлаши, бўяниши ва ҳоказоларни бажариши керак. Бундай талаблар билан аёл бўлиш молиявий жиҳатдан ҳам фойда зиён келтириши мумкин! Шу сабабли, феминистларнинг фикрига кўра, аёл бу процедуралар учун пул сарфлашга мажбур эмас. Истаса қилсин, истамаса – йўқ, бу унинг ҳуқуқи, бўянмаса аёлликдан чиқиб кетмайди.

Феминисткалар ― шахсий ҳаётлари “ўхшамаган” ҳафа бўлган аёллар

Кўп феминистакаларнинг оиласи бор, турмуш ўртоқлари уларни шахс сифатида ҳурмат қиладилар. Бундай аёллар бошқаларни қўллаб-қувватлаш учун кўпроқ кучга эга – чунки оила уларга ёрдам беради ва куч бағишлайди. Бундай оилаларда аёл ўзига қараши ва ўз устида ишлаши учун вақти бўлади, чунки улар вазифаларни турмуш ўртоғи билан тенг тақсимлашади. Эркак ҳам одатда хотинининг бошқа қизиқишлари ва севимли машғулотлари борлигини ижобий қабул қилади. Худди аёли унинг бўш вақтини ҳурмат қилгани каби.

Уйдаги зўравонлик, доимий қадрсизлантириш ва хўрланиш муҳитида яшайдиган аёлларнинг аксарияти ички ресурсларга эга бўлмайди. Ўз оилаларида омон қолсалар шуни ўзи етарли. Шунинг учун уларнинг муаммоларини ички ресурсга эга бошқа аёллар томонидан айтилади. Бундай аёллар бошқаларни камситиш ҳисобига жамиятда ўз ўрнини белгилаш каби жирканч ишга қўл урмайдиган эркаклар борлигини билади. Улар аёл бахтли ва жамият босимидан озод бўлиши мумкинлигини билишади.

Шахсий ҳаёт доим ҳам сиёсий ва фуқаролик позициясини белгиламаслигини англаш муҳим. Кимдир шахсий ҳаётда салбий тажрибага эга бўлса-да, бу уларга бошқа шахснинг фуқаролик позициясини қадрсизлантириш ҳуқуқини бермайди.

Феминисткалар эркаларни пастга уради ва хушмуомалаликни йўқ қилишади

Феминисткалар эркакларга ўзлари учун эшик очишни тақиқлайди, деган гап бор. Агар сиз феминисткага пальтосини узатиб ёки жойингизни бўшатсангиз, у сизни судга беради деган гаплар ҳам бор. Бундай стереотиплар нодонлик ва шаблонларга асосланади. Феминисткалар билан мулоқот қилган ва бу мавзуни ўрганган одамлар ҳеч қачон бундай демайди. Феминистлар, бошқа одамлар сингари, ёрдам беришга тайёр, бошқаларнинг ёрдамини ҳам тинчгина қабул қилишади. Кўпчилик феминистлар умуман эшикни ким очиши ҳақида ўйламайдилар. Улар янада жиддий нарсалар ҳақида ўйлайди: оиладаги зўравонлик, аёлларнинг репродуктив ҳуқуқлари, таълим олиш ҳуқуқини чеклаш, сексизм, таъқиб қилиш ва бошқалар.

Шу билан бирга, феминисткалар қачон эркак ҳушмуомалалиги тарбия сифатида намоён бўлиши ва қачон манипуляция сифатида қўлланилишини фарқлай оладилар. Масалан, жанжал пайтида эркак мунозара ўрнига хушмуомалалик билан: «Ҳа, сен аёлсан, доимо ҳақсан» деса, бу рақибининг овозини ўчириш учун қўлланилган манипуляциядир. Феминисткалар эркакларнинг ҳушмуомалалиги патриархал маданиятнинг таркибий қисми эканлигини ҳам тушунишади: эркак ғамхўрлик қилади, аёл қабул қилади; эркак ташаббус кўрсатади, аёл розилик билдиради; эркак пул олиб келади, аёл уйга қарайди. Тенглик бўлса, шериклар пальтони ўзлари кийиши ёки бировнинг ёрдамисиз эшикни очишлари мумкин. Ёки улар бир-бирини қўллаб-қувватлашлари мумкин. Ва бу нормал ҳолат сифатида қабул қилинади.

Тенглик шундоқ ҳам мавжуд, феминизм бизга керак эмас

Бугун аёллар юз йил аввалгидан кўра кўпроқ ҳуқуқларга эга. Аммо, афсуски, дунёда ҳуқуқлар ва имкониятларнинг тенглигига ҳали эришилмади. Сиз шахсан камситишга дуч келмаслигингиз мумкин. Аммо бу унинг мавжуд эмаслигини англатмайди. Ўзингиз унга йўлиқмаганингиз учун радикулит борлигини инкор этмайсиз, тўғрими? Аёллар ҳуқуқлари ва имкониятлари чекланган кўплаб соҳалар мавжуд: аёлларга нисбатан оиладаги зўравонлик даражаси, уй вазифаларининг тақсимланиши, сиёсатдаги ва қарорлар қабул қилиш даражасидаги аёллар сони, кам таъминланганлар орасида аёлларнинг кўплиги, аёлларнинг таъқиб қилиниши ва бошқалар. Кўриниб турибдики, тенглик ҳали тўлиқ амалга оширилмади ва аёллар турли соҳаларда камситилмоқда.

Феминизм оилани барбод қилади

Феминисткалар оила ва оналик масалаларида эркин танлов тарафдори. Улар аёлнинг асосий мақсади – оила ва болалар деган стереотипдан воз кечишади. Аёл болалар ва оилани танлаши мумкин ёки у карьерани танлаши мумкин, у иккисини ҳам бирлаштириши мумкин. Ким билан турмуш қуришни, қанча бола туғишини ўзи ҳал қилиши керак. Феминизм, қизларнинг оиласи ўтказадиган эмас, балки ўзи танлаган ҳаётда яшашларига ёрдам беради. «20 га тўлдинг, қачон эрга тегасан?», «Невара боқмоқчиман, қачон туғасан?» – одамлар шу каби орзуларни бошқалар орқали амалга оширишни исташади. Натижада, аёл 10 та бола туғиб, ўзи истаган ҳаётда яшамайди, ёшлигида орзу қилганидек, ҳеч қачон олим бўлолмайди.

Бу масалада танлаш эркинлиги нафақат аёлларга, балки эркакларга ҳам тегишли. Ҳар ким ўзи севган одам билан оила қуришга ҳақли. Ёки умуман турмуш қилмаслик. Йигит ва қиз онгли равишда яратадиган оилалар «вақти келди», «ҳавас қилгулик келин / куёв» ёки қариндошлар истаги билан бўлган оилаларга қараганда анча мустаҳкам. Бундай оилалардаги болалар доимий нафрат, жанжаллар, хиёнатни эмас ўзаро ҳурмат ва муҳаббатни кўриб улғаяди.

Мабодо ажрим бўлса ҳам, эр-хотин буни англаган ҳолда қабул қилади, одамлар учун бир-бирини қийнаб яшашда давом этмайди. Феминизм “болалар учун чидаш керак”, “ёлғиз она катта қилган бола тарбияси мукаммал бўлмайди”, “ажрашган аёл ҳеч ким керак эмас ёки у енгил табиат” каби стереотиплар билан курашади, инсонинг оилавий ҳолатидан қатъий назар муҳимлигига эътибор қаратади.