Инсон учун ноҳақлигини тан олиб, кимдандир кечирим сўраш ҳар доим ҳам осон бўлавермайди. Гоҳида қадримизни туширгимиз келмайди ёки хафаликни унутолмаймиз. Хўш, қандай қилиб тўғри кечирим сўраш керак? Бугун биз сизларга хатоларни четлаб ўтиш учун қўл келадиган энг зарур беш маслаҳатни тавсия қиламиз.
Кечирим сўраш чиндан ҳам ёқимли ва қувноқ машғулот эмас. Чунки ҳеч ким ноҳақ бўлиб кўринишни истамайди. Ким ҳам ўзини “ёмон” деб ўйлагиси келарди. Ахир ҳамма ўзича “яхши” ва ғамхўр инсон.
Айнан шунинг учун ҳам биз иложи борича кечирим сўраш керак бўладиган вазиятлардан четда юрамиз. Аслида кечирим сўрашни истамаслик салбий ҳодисадан кўра ёмонроқ натижа беради. Биз баҳслашамиз, бировларни ҳақорат қиламиз, ниманидир исботлашга уринамиз. Кечирим сўрашнинг ўрнига бировдан узр сўрашини кутамиз. Атрофдагиларни айблаб, қорага чиқарамиз. Ўзимизга эса гард юқтирмаймиз. Биз ҳам ноҳақ бўлишимиз мумкин-ку, деган фикрга келиш учун эса анча йиллар талаб этилади. Афсуски бу ҳақиқатни жуда кеч англаб етамиз.
👉Шундай экан, ҳали кеч бўлмасдан, кечирим сўраш усулларимиз билан бир танишиб чиқинг.
1️⃣ Бировнинг дардини била олмайсиз
Ўзганинг терисига кира олмаганингиздай, унинг қалбидагини ҳам аниқ билолмайсиз. Чунки барчамиз бир-биримизга ўхшамаганмиз, ҳар бир дардни турлича қабул қиламиз. Тўғри, тахмин қилиш мумкин, лекин аниқ мўлжални барибир олдиндан айта олмаймиз. Шундай бўлиши ҳам керак аслида. Ҳаммамиз бир хил бўлишимиз шарт эмас. Демак, биринчи қоида бўйича, бировларнинг ўрнига фикрлашни бас қилинг.
2️⃣ “Мени кечиринг” дейишни ўрганинг
“Хафа бўлгангиздан афсусдаман”, “Бунақа қабул қилишингизни билмагандим”, дейишнинг ўрнига, “шундай иш қилдим, шунинг оқибатида бундай бўлди, афсусдаман, кечиринг” дея айбингизни тан олинг. Мабодо тан олгингиз келмаса ва сизга барибир бўлса, буни ҳам очиқ айтинг. Алдаб нима қиласиз. Шундай дамлар бўлади, бировни хафа қилиб, ўзимиз ноқулай аҳволга тушамиз. Ёки хафа қилиб ҳам, виждонимиз заррача қийналмайди. Нима бўлган тақдирда ҳам биз ҳаракатларимиз учун албатта жавоб беришимиз керак.
3️⃣ Айбдорлигингизни билсангиз, вазиятни тўғрилаш чорасини топинг
Ёки хатони бошқа сафар такрорламанг. Катта инсон кечирим сўраш орқали, хатосини тўғрилашга уринади ёки бу ҳаракатидан келгусида дарс олади. Яна бир нарсани инобатга олинг, сиз хафа қилган инсон хатоингизни тўғрилашга ёрдам бериши шарт эмас. Мабодо бу борада ёрдам қўлини чўзса, бу сизнинг ютуғингиз ва бунинг учун миннатдор бўлишингиз керак.
4️⃣ “Лекин” деган сўздан фойдаланманг
Кечирим сўраб туриб, “лекин” сўзини ишлатиш орқали ўзингизни оқлайдиган бўлсангиз, бу чин дилдан узр сўрашга кирмайди. Бу шунчаки расмиятчилик ёки кўзбўямачилик бўлиб қолади. Лекин сўзи орқали кечирим сўрашмайди, балки баҳсга киришишади. Мабодо сизни ҳам хафа қилишган бўлса, буни бир дақиқага унутиб туринг. Аввало кечирим сўранг, қаршингиздаги одам буни қабул қилсин. Қулай фурсати келганда эса, таҳқирланган ҳиссиётларингиз ҳақида эслатиб ўтинг. Суҳбатдошингиз узр сўрашни истамаса, бу ҳам унинг иши. Бу билан сиз кечирим сўзингизни ортга қайтариб олмайсиз. Аксинча атрофдагиларга ўрнак бўласиз.
5️⃣ Сизни кечиришга ҳеч ким мажбур эмас
Биз хафа қилган инсонлар олдимизда қарздор эмас. Агар у истамаса, кечиримимизни қабул қилмаслиги ҳам мумкин. Бунга ҳаққи бор. Ҳатто бизни яхши кўрмаслик ҳуқуқига эга. “Кечириминг ўзингга сийлов. Сен менга ёқмайсан”, – дейиши ҳам мукмин. Бу табиий ҳол. Балки сиз жуда катта хатога йўл қўйгандирсиз. Ҳар қандай шароитда вазиятга тўғри баҳо беришни билинг.
Харчанд “кечирим сўраш” қийин бўлмасин, бу бировнинг олдида индамай қизариб туришдан, кўзларни яшириб юришдан яхшироқ. Яхшиси, узр сўраб, виждонни тоза қилиб яшаш маъқулроқ.
psyhologies.ru материаллари асосида тайёрланди