Афсуски техника ривожланиб кетганидан кейин бугун кўп ишимиз компьютер ва телефонларда битиши натижасида, қўлда ёзмай қўйганмиз. Баъзиларимизнинг ҳатто ҳуснихати хунуклашиб кетган. Ваҳоланки ёзув фақат чиройли ҳуснихат учун эмас, балки бошқа томонлама ҳам анча фойдали эканини олимлар аллақачон исботлаб бўлган. Ҳиссиётлар ва фикрлар ҳақида ёзиш асабларни тинчлантиради, фикрларни тартибга туширади. Яқинда бир гуруҳ психологлар антиқа тажрибага қўл уриб, ёзишнинг яна бир фойдали жиҳатини кашф этишди.
Окленд университети (Янги Зеландия) психологлари соғлом кўнгилли аёл ва эркакларни танлаб олиб, уларнинг бармоқларига атайлаб озгина жароҳат етказишди. Сўнг ушбу жароҳатнинг битишини кузатиб боришди. Иштирокчиларнинг ярмига ҳар кунги ҳолати ҳақида кундалик тутиш таклиф этилди. Орадан 11 кун ўтиб, ҳолатини ёзиб борган 76% одамда жароҳат чандиқ қолдирмай, тез битиб кетди. Кундалик тутмаганларда эса ўша вақтда яранинг фақат 42% и битишга улгурган эди.
Тадқиқотчиларнинг хулосаси шундай бўлди: қўлда ёзиш нафақат руҳий, балки организмнинг жисмоний ҳолатига ҳам таъсир ўтказар экан. Тажриба вақтида олимлар шунингдек, «ёзаётган» инсонлар орасида стресс гормони кортизол миқдорининг пасайганини қайд қилди. Маълумки, кортизол моддаси қонда кўпайиб кетса, организм инфекцияларга қарши курашолмайди ва иммунитет пасаяди.
«Экспрессив ёзув» усули муаллифи ижтимоий психолог Жеймс Пеннебейкернинг фикрича, фикр ва ҳиссиётларни қоғозга тушириш организм кўп куч сарфлайдиган психологик ҳимоя ҳусусиятимизни бўшаштиради. Қоғоз олдида биз ўзимизни хотиржам ҳис қиламиз ва стресс даражамиз ҳам тушиб боради.
Психолог ҳар куни 15-20 дақиқа давомида ёзишни тавсия қилади. Нафақат қўлда, балки компьютерда ҳам ёзиш мумкин. Олдиндан атайлаб режалаштириш шарт эмас: натижадан ҳам кўра, жараён муҳим. Кейин матнни бемалол ўчириб ташлаш мумкин. Бошида матнларни ёзишда қийналасиз, ноқулай аҳволга тушасиз, лекин кейинчалик равон, осон ёзишни ўрганиб оласиз. Қарабсизки, фикрлашингиз равшанлашади, ҳиссиётларингизни тартибга солишни ўрганасиз.
Экспрессив ёзувнинг 7 қоидаси
1. Сизни ўйлантираётган нарса ҳақида ёзинг. Ҳаётингизда нима рўй беряпти, ундан мамнунмисиз?
2. Биринчи 5-10 дақиқа давомида миянгизга келган биринчи хаёлларни қоғозга туширинг, чуқур ўйлаш шарт эмас, сўзларингиз бетартиб бўлса ҳам майли.
3. Ўзингиз билан мулоқот қилинг. Саволларни ўнг қўлда, жавобларни чап қўлда ёзиб кўринг. Шунда мулоқот ҳиссини туясиз.
4. Сизни таъсирлантирган дақиқаларни қайд қилинг. Бугун нима хурсанд қилди? Иложи борича ижобий ҳисларга диққат қаратинг.
5. Портретингизни чизиб кўринг. Ўхшамайди, деб хавотирланманг. Муҳими, суратда ҳиссиёт бўлсин. Тасаввур қилиб кўришга ҳаракат қилинг.
6. Ютуқларингизни ҳисоблаб юринг. Ғурурланиш учун сабаб топинг. Инглиз тилида ўнта сўз ёдладингизми, ёзиб қўйинг. Мўлжалланган ишларингизга улгурдингизми? Ҳисоботнинг яна бир банди тайёр.
7. Кўнгилсизликлар ва хатоларни учинчи шахсда ёзинг. Бу ташвишлардан узоқлашишга имкон беради. Шунда вазиятга тўғри баҳо бера оласиз.
Манба: https://www.psychologies.ru/articles/pishite-eto-zalechivaet-ranyi-i-ne-tolko-dushevnyie/