Негадир сўнгги вақтда эркакларнинг ҳиёнат қилиши ҳеч кимни ажаблантирмай қўйган. Нафақат ҳаёт, балки сериал ва фильмлар ҳам “ҳиёнат” саҳналарига тўла. Афсуски эркакларнинг бу ҳаракатлари тобора оддий ҳолга айланиб боряпти ва асл айбдорлар сояда қолмоқда ёки пана-паналарда яшириниб юрибди. Ҳиёнат аслида нормал қабул қилинадиган ҳолат эмас. У ҳақда бонг уриш лозим. Бугун эркаклар ҳиёнати ва унинг салбий оқибатлари ҳақида гаплашамиз.
Статистикага кўра, эркаклар аёлларга қараганда ҳиёнатга кўпроқ қўл уради. Мурожаатларимиз айнан мана шундай “мардлар” учун.
1. Ёлғончига айланасиз. Ҳиёнат кўчасига кирган эркак ҳар гал ёлғон тўқишга мажбур бўлади. Қарабсизки, бутун бир ёлғон занжири ҳосил бўлади. Ёлғонсиз ҳаёт кечиролмайди.
2. Сирлар очилади. Бугун бўлмаса ҳам эртага, индинга ёки вақт ўтиб, барибир сирингиз ошкор бўлади. Сизни муҳокама қилишади, яширин муносабатларингиз дув-дув гап бўлади. Хитой мақолида шундай дейилади: «Сирим очилиб қолмасин десанг, сирли иш қилма».
3. Ҳамманинг хафсаласи пир бўлади. Жуфтингиз, дўстларингиз, ҳамкасбларингиз, ота-онангиз, фарзандларингиз. Уларнинг кўзига қандай қарайсиз, бошингиз эгилмайдими?! Ҳаводаги бадбўй ҳидга ўхшаб қоласиз.
4. Обрў тушади. Ўзингиз намуна бўла олмасангиз, атрофдагиларга қандай таъсир қила оласиз. Фарзандларингизничи, қандай тарбия қила оласиз. Нимага қўл урманг, ҳиёнат тамғаси ҳурматингизни пастга тушираверади.
5. Энг яқин инсонларингиз – рафиқангиз ва фарзандларингиз ишончини йўқотасиз. Сизга ишонадиган, меҳрини, қалбини берадиган инсонлар олдида юзингиз қора бўлади. Ҳиёнатингиз уларни соя каби таъқиб қилади. Энг ёмони, фарзандларингиз тафаккури ўзгаради, нафрат туйғуси пайдо бўлади. Оилада муҳит ёмон томонга ўзгаради.
6. Қани эди, ҳаммаси жойига тушса, деб ўкинасиз. Тақиқланган мева ширин кўрингани билан, унга яқинлашганингизда тасаввурингиздаги фикр алдамчи бўлиб чиқади. Оёғингиз остида яшнаб турган боғ энди куйиб кул бўлади.
7. Шубҳа-гумонлар гирдобида қоласиз ва атроф билан муносабатларингиз бузилади. Кўнглингиздан хотиржамлик кетади.
8. Турмуш шароитларингиз ёмонлашади. Балки бошқа уй излашингизга тўғри келар. Мулк тақсимоти, алимент муаммолари пайдо бўлади. Суд машмашалари. Аёлингиз ғамхўрлигини йўқотасиз.
9. Тушкунликка тушасиз. Аксарият ҳиёнаткор эркаклар эртами кечми, айбини тан олади. Афсус чекади, тушкунликка тушади. Бир неча соатлик кўнгилҳушлик, бутун умрни чилпарчин қилади. Фақат сизникини эмас, яна бир талай инсонларникини.
Ҳиёнат шунча қурбонликларни келтиришга арзирмикан?!
Манба: https://www.psychologies.ru/standpoint/izmena-kak-luchshiy-sposob-razrushit-sebe-jizn/