Халқаро эндокринологлар Константин Овсянников ва Катя Янг гормонлар билан боғлиқ энг кўп учрайдиган саволларга жавоб беришди.
Гормонлар моддалар алмашинувига қандай таъсир кўрсатади?
Вазнга асосан қалқонсимон без гормонлари, жинсий гормонлар, буйрак усти бези ишлаб чиқарадиган гормонлар таъсир қилади. Қолаверса, қондаги инсулин миқдори ҳам муҳимлик бобида қолишмайди. Қайси бир шифокорга семизликдан шикоят қилманг, аввалига эндокрин патологияни текшириб, ана ундан кейин даволайди.
Семизлик қандай бўлади?
Аёлда бел айланаси 80 см, эркакларда 94 см дан ошса, демак семизлик муаммоси ҳақида гапирса бўлади. “Олма” шаклида семириш фақатгина эстетик муаммо ҳисобланмайди. Бундай ҳолатда юрак-қон томир тизими азият чекади, липид алмашинуви бузилади, “ёмон” холестерин кўпаяди, мокард инфаркти хавфи уч марта ортади. Шунингдек, жинсий фаолият ва жигарда ўзгаришлар кузатилади. Аёлларда жинсий гормонлар миқдори кўпаяди. Кийимларингиз L ўлчамидами, соғлиғингизга эътибор бериш вақти етибди.
Гормонал фонга озиқ-овқат маҳсулотлари қандай таъсир ўтказади?
Озиқ-овқат маҳсулотлари гормонал фонга жиддий таъсир қилмайди. На чой, на сутли маҳсулотлар гормон кўрсаткичларини ўзгартиришга қодир. Парҳезга тўхталадиган бўлсак, уларнинг барчасида боши ва охири бор. Аммо организм етарлича калория, микро ва макро элементларни доимо олиб туриши зарур. Парҳез тутасизми ёки йўқми, энг муҳим қоидани ҳеч қачон унутманг: инсон бутун умри давомида тўғри ва ҳар томонлама балансланган таомларни истеъмол қилиши керак.
Уйқусизлик семизликни келтириб чиқарадими?
Ортиқча вазн ва уйқусизликнинг бир-бирига боғлиқ томонлари бор. Агар одам мунтазам уйқусизликдан азият чекса, унда асосан 23:00 дан 1:30 гача ишлаб чиқариладиган соматотроп гормони етишмовчилиги кузатилади. Ушбу гормон ёғларни эритишда иштирок этади. Инсомния – касаллик ва уни даволаш керак. Шу сабабдан ҳам психотерапевт, эндокринолог ва диетолог шифокорлар ҳамкорликда ишлашлари зарур.
Тез вазн ташлаш мумкинми?
Бунинг оқибатида кўпгина аъзолар азият чекади. Бепуштлик, ҳайз циклининг бузилиши, иммунитет тушиши кабилар шулар жумласидан. Ўта озғин одамларда ҳам ички аъзоларнинг касалликларга учраши эҳтимоли юқори бўлади.
Эмизиш вазнга таъсир қиладими?
Эмизиш даврида пролактин гормони ишлаб чиқарилади. Унга қандай жавоб бериш ҳар бир организмнинг ўзига хос. Агар эмизиш даври чўзилиб кетса, семириш хавф солиши мумкин.
Жисмоний юкламалар гормонал фонга салбий таъсир қилмайдими?
Асло. Аксинча, қанча фаол ҳаёт тарзи олиб борилса, гормонлар шунчалик меъёрда бўлади. Жисмоний фаоллик окситоцин, серотонин, эндорфин каби қувонч гормонлари миқдорини оширади ва стресс гормонларини камайтиради. Энг муҳими, жисмоний машқлар мунтазам бўлиши керак. Бунинг учун махсус спорт залига бориш шарт эмас. Яёв юриш, югуриш, сакраш каби машқларни оддий уй шароитида ҳам бажарса бўлади.
Парҳезлар иш бермаса, нима қилиш керак?
Биринчи навбатда қалқонсимон безни текширувдан ўтказиш лозим. Ундаги муаммолар вазн камайишига тўсқинлик қилади. Яна бир сабаб, семиз инсонларда глюкоза ҳужайрани ичига кира олмайди ва инсонда энергетик очлик кузатилади. Бундай вазиятда ҳам эндокринологга мурожаат қилинади.
Вазн ташлаш учун турли дорилар ёрдам бера оладими?
Яшаш тарзини тартибга тушириш ва тўғри овқатланиш 90% муваффақият дегани. Дорилар вақтинчалик чора холос. Ҳаёт тарзи ва овқатланиш тартибини меъёрга солмай туриб, улардан самарага эришиб бўлмайди. Унинг устига дориларнинг ножўя таъсирлари ҳақида ҳам унутмаслик керак.
Кам-камдан тез-тез овқатланиш озишга ёрдам берадими?
Соғлом инсон учун бир кунда 3 маҳал овқатланишнинг ўзи кифоя. Бўлиб-бўлиб тез-тез овқатланиш эса ошқозон-ичак трактида муаммолари бор инсонлар учун.
Манба: https://beautyhack.ru