Яна бир аламга, заҳарли тутунга тўлган бағир, яна бир пуч ёнғоққа тўлдирилган қўйин, яна бир олам саробга айланган орзу-умидлар…
Бир аёл, оиланинг устунларидан бири бўлган аёл, ўзининг ерга урилган қадр-қиммати учун ўч олишни истади, юрагидаги ёнаётган оловни ўчириш учун бу ўтни ёққан гугурт устига сув сепишга уринди.
Ҳа, айнан оловни ёққан гугуртга! Чунки, айнан ўша гугурт ёнмаса, гўё бу олов ёнмаган бўларди! Унинг назарида шундай.
Аслида-чи?
Ташқаридан кузатилса, худди шундай манзара кўз олдимизда гавдаланади. Лекин! Биргина лекин бор! Бу гугурт бўлмаса, бошқаси, у бўлмаса, яна бошқаси топилади! Бу ҳақиқатни қандай инкор қиласиз?
Хиёнат – димоғни куйдирувчи ҳаво. Аммо, шу ҳавони ютгани учун димоғнинг айби нима? Сиз ўша хиёнатни келтириб чиқарган сабабни топиб, бартараф этишингиз керак!
Мен муаммонинг илдизи сифатида кўрадиган бир нечта сабаблар бор. Лекин энг асосийси – қиз фарзанднинг оилада одам ўрнида кўрилмаслигидир!
Қиз фарзанд туғилдими, унга меҳр кўрсатиш, чиройли тарбия бериш, шахс сифатида мукаммалликка эришиши учун ҳаракат қилиш, орзу-интилишлари учун йўл очиб бериш ўрнига, бошиданоқ ўз «мен»ини ўлдириб, ўзи ҳам танимайдиган кимларнингдир қули қилиб тарбиялаш бошланади. Чўриликнинг олий маълумоти берилади. Барча ҳақ-ҳуқуқларидан узиб, биров зеб-зийнатлари, сеп-сидирғалари, ашқол-дашқоллари билан олиб кетадиган буюмга айлантирилади! Ҳа, айнан буюмга!
Эсини танигандан эр уйининг содиқ итига айлантирилади! Эр деган Худо ясаб беришади унга! Шу боис, қўпол айтганда, эр чўчқахонага кириб-чиқсаям, у – муқаддас, юқоридаги вазият иштирокчиси нуқтаи назаридан фикрланса, эр чўчқахонага кириб-чиққани учун чўчқаларни бўғизлаш керак!
Энди, менинг мазкур вазиятни келтириб чиқарган иккинчи сабаб деб биладиган ҳолатга келсак, бу – ўғил фарзанд туғилиши билан унга Худодек сиғинишдир! Ҳар бир хатосини неъмат билиш, ҳар бир ҳайвоний қилиғи учун рағбатлантириш, уни шахс сифатида йўқ қилиб, ўзи яратган Иблисни ўзи ҳам бошқара олмайдиган ҳолга келтиришдир!
Унга гўдакликдан сенга ҳамма нарса мумкин, деб ўргатилади! Хато қилиш мумкин, хиёнат қилиш мумкин, беодоблик, тарбиясизлик қилиш мумкин. Нега?
Нега на қиз ва на ўғил фарзандга шахс сифатида қарашни йиғиштириб қўйдик? Нега қиз фарзанд ўзи истаганича орзу қилишга ҳам ҳаққи йўқ? Чунки, эрта бир кун уларнинг орзулари эр аталмиш ясама «Худо»нинг режаларига зид келиб, унинг қаҳрига учраши мумкинлигидан қўрқдик!
Нега ўғил фарзандга ўзини, ўз фикрини, танловини, қарорини, ўз ҳаётини ҳурмат қилишни ўргатмай қўйдик?
Чунки, уларнинг ўзлигини йўқ қилдик! Улар туғилганида фаришта эди! Уларнинг бирор бир фикрини инобатга олишни истамадик, чунки, бизга ҳам бунга имкон беришмаган, фикрлашни ўргатишмаган эди! Биз уларга танлаш ҳуқуқини бермадик, чунки, бизга ҳам «тепадаги» аввалгилар танлаш ҳуқуқини бермадилар; биз ҳам биздан кейингилар ким билан яшашигача ўзимиз ҳал қилиб, ўзимиз каби бахтсизлар занжир реакциясини давом эттириб келяпмиз! Биз ўғилларимизга ўзи учун қарор чиқаришга йўл бермадик, чунки, бизга ҳам мустақил яшаш имконини беришмаган эди! Биз фарзандларимизнинг ҳаёти билан яшаяпмиз, биздан аввалгилар ҳаётимизни тортиб олишгани эвазига! Мана, бизнинг, сизнинг ҳақиқий башарамиз!
Нега бунчалар ўзимизда йўқ шахсиятни бошқаларни эзиш, хўрлаш ҳисобига яратмоқчи, ниқобламоқчи бўламиз? Нега муаммони тинчлик, сокинлик йўли билан ҳал этиш мумкин бўлган жойда бунча шовқин кўтарамиз? Биз сўзлашишни унутдик. Чунки, бизга буни ўргатишмаган. Зўравонлик қонимизда оқмоқда. Биз жамият эмас, оломон бўлиб шаклландик!
Ҳолбуки, оилада муҳаббат тугаган экан, уни тинч йўл билан тугатиш имкони бўлиши керак. Албатта, эр ҳаромга югурмай, аёл сабаб қолиб, оқибатни бартараф этишга уринмай…
Ахир, ҳаммаси нақадар оддий – вирусни йўқ қилмас экансиз, у қўзғаган касалликни даволашдан наф йўқ. Эртага Сабинанинг ўрнига Мубина, Мадина, Зарина каби бошқа «дард»лар бош кўтараверади…
Алия Темурийзода