Тарбия жараёнида кўпчилик ота-оналар фарзандини сўзсиз итоат этишга ва ўзини қурбон қилишга ўргатади. Айниқса, ота-онанинг эҳтиёжларини бажариш биринчи ўринга қўйилади. Аммо бу нотўғри, сабаби ота-она ўз боласига ғамхўрлик қилиши керак, асло фарзанд эмас.
Болани жароҳатлайдиган тарбия оқибатида у бўйсунишга мойил ва бошқаларга қарам бўлиб улғаяди. Қолаверса, эрта етилади, шахсий чегараларини ўрната олмайди, манфаатларини қурбон қилади ва ўзини-ўзи емиради. Қуйидаги бешта ҳолат боланинг шаклланишида катта тўсиқ бўлиб хизмат қилади:
1. Меҳр ва ғамхўрликнинг етишмаслиги. Ота-онанинг совуқ муносабати, болага психологик босим ўтказиш, қатъий бошқарув, ёлғонлар, зўравонлик кабилардан бола ушбу хулосага келади: мени яхши кўришмайди. Натижада у ўзини ёмон, нуқсонли, номуносиб, муҳим эмас деб ҳисоблайди. Доим таҳдидни ҳис қилиб туради. Афсуски бу ҳолатлар болага бутун умр ҳамроҳлик қилади.
2. Ёлғон таассуротлар. Ота-оналар ва бошқа одамлар болага ёлғон гапларни кўп гапиришади. Улар: «ота-она доим ҳақ», «сендан катталар яхшироқ билади», «ҳали кичкинасан», «худбин бўлма» деган иборалардан фойдаланади. Бола эса бундан: ким кучлироқ бўлса, ўша одам муҳим бўларкан, деган фикрга боради. Менинг эҳтиёжларим эмас, айнан катталарнинг эҳтиёжлари биринчи ўринда деб иш тутади.
3. Ўз қадрини билмаслик. Заҳарли шароитда бола ўзи ҳақида ёлғон тасаввурларни пайдо қилади ва кейинчалик уларга қаттиқ ишониб қолади. Масалан, нима хато кетса, шу иш учун фақат мен жавобгарман, айбим бор, деган тушунча билан ўсади. Иложсизлик гирдобида қолиб, бировдан ёрдам сўрашга қодир бўлмайди. Ўз қадрини эса бировларнинг баҳоси билан ўлчайди.
4. “Барибир ғолиб бўлолмайман”. Баъзи ота-оналар болам мукаммал бўлиши керак, дея жуда катта талаблар қўяди. Бола нима қилмасин, у танқидлар ёмғирига учрайверади. Хато қилиш табиий, деган фикрдан йироқда улғаяди. Мабодо хатога йўл қўйса, жазо олишини билиб яшайди. Натижада асабий, хавотирли, меҳрга зор бўлиб катта бўлади. Мукаммалликка интилиб, ўзига нисбатан ишончсизлик билан ҳаёт кечиради.
5. Ҳиссиётларни жиловлаш ва тақиқлаш. Болани ҳиссиётлардан маҳрум қилиш ва уларни ифодалашни чеклаш, ҳақиқий шафқатсизлик. Бундай шароитда яшаган бола ҳиссиётларини ифодалашга қўрқади. Аслида тўғри бўлган ҳаракатни ҳам амалга оширолмайди, ота-онасининг салбий фикридан ҳайиқади. Ўз “мен”ини бутунлай йўқотади.
Руҳан “сиқилган” болани тўғрилагандан кўра, психологик соғлом болани ўстириш осонроқ. Шундай экан, кейин кеч бўлиб қолмасидан, болангизга эркинлик ҳам бериб туринг. У хоҳишларингиз қурбонига айланмасин.
Манба: https://www.psychologies.ru/articles/pyat-sposobov-samorazrusheniya-kotoryim-nas-nauchili-v-detstve/