Гарчи аксарият катталар учун ажралиш оддий ҳолат бўлсада, болалар учун аламли ҳаёт. Бугунги суҳбатдошларимиз ана шу қайғули хотиралари билан бўлишади. Улар 9 ёшдан 43 ёшгача. Лекин ёшидан қатъий назар, уларни қалб яралари бирлаштиради. Ҳикояларига қараб эса, оилада қандай хатоларга йўл қўйиш керак эмаслиги ҳақида билиб олиш мумкин.
«Ота-онамга ишончим йўқолди»
Алишер, 26 ёш: «Мен 17 ёш, укам эса 14 ёшда эди. Ота-онам ажралади, деб кутмаган эдик. Чунки улар умуман уришмасди, бир-бирига бақирганини ҳам эшитмаганмиз. Улғайиб таҳлил қилар эканман, уларнинг кўп жиҳатлари бир-бириникига ўхшамаслигини англаб етаяпман. Онам ажралиш қарори ҳақида хабар берганида, ота-онам кўз олдимда ёлғончиларга айланиб қолган. Бугунги кунгача иккисига ҳам нисбатан ишончим кучли эмас».
«Ўзимни сезмаганга солиб юрганман»
Ахрор, 36 ёш: «Саккиз ёшимда ота-онам ажрашиб кетган. Дадам хизмат сафарларига кўп кетарди, шунгами, уларнинг муносабатига аллақачон дарз кетганини сезмаган эканман. Бир куни дадам бошқа аёлга уйланаётганини онамнинг телефон суҳбатидан билиб қолганман. Қизиғи, ота-онам ажралиб, айро яшашни бошлаганда ҳам, менга сездирмаган. Даданг хизмат сафарида, деган баҳонани эшитиб яшайверганман. Ваҳоланки ҳаммасини англаб, билиб бўлгандим. Хуллас бир йиллик алдовлардан кейин онамга ҳамма нарсани билишимни айтганман. Унга қадар ота-онамнинг ярашишини орзу қилиб ҳаёт кечирганман».
«Мендан ҳаммасини яширишади»
Диёра, 9 ёш: «Синфимизда ота-онаси ажрашган болалар бор. Улар билан дардлашиб, бу кунлар ўзимнинг бошимга тушишини ўйламаган эканман. Отам уйимиздан кетиб қолганидан кейин юрагим бўшаб қолди. Онам ҳеч нарсани тушунтирмайди, бувимнинг фақат раҳми келади. Дадам билан бир ойда бир учрашиб турамиз. Аҳволимни сўрайди. Лекин мен кичкина эмасман, ҳаммасини тушунаман, улардан ҳақиқатни эшитишни хоҳлайман».
«Даҳшатли кунлар тугаганига хурсанд бўлганман»
Марям, 17 ёш: «Ота-онам қандай қилиб ўн йил бирга яшаганига ҳайронман. Чунки уйимизда доим жанжал бўларди. Баъзида ҳатто бир-бирини ўлдириб қўйишидан қўрқардим. Онамга раҳмим келарди. Куни билан ишлаб келиб, кечқурун отамдан таёқ ерди. Ниҳоят, ўн ёшимда улар ажралишди. Ростини айтсам, роса хуранд эдим. Ҳаётимиздаги даҳшатли кунлар тугаганига шукр қилардим. Отамга нисбатан бугунгача меҳрим йўқ».
«Уятдан бошим эгиларди»
Хувайдо, 43 ёш: «Ота-онам ажрашганида, олти ёш бўлганман. Бу менга жуда ёмон таъсир қилган. Айниқса, онам доим отамни ёмонларди. Мен унга қарши қайраб яшарди. Буям майли, ҳамма камситилишлар кўчага чиққанимда бошланарди. Қўшниларнинг маъноли қарашлари, курсида ўтирадиган бувижонларнинг қучоқлаб юпатишлари, баъзи бир болаларнинг “етим” деб аташларига чидаш қийин бўлган. Ўша пайтда уятдан ерга киргудай бўлардим».
«Ҳаммага ҳалақит берсам керак»
Солиҳа, 29 ёш: «Ота-онам ажралган вақтни унчалик яхши эслай олмайман. Лекин ёдимда қолгани, кутилмаганда ҳаммага ҳалақит қиляпман, деган туйғу пайдо бўлган. Отам ўз йўлини топди, онам ўз ҳаётини қурди. Мен бувимнинг қўлида қолдим»
«Отамни соғинаман»
Даврон, 10 ёш: «Ота-онам бир ёшлигимда ажралишган. Илгари онамдан: «Яна қачон турмуш қурасиз?» деб сўрардим. Бунинг имкони йўқлигини энди тушуниб етяпман. Бировларнинг отаси бор, меҳрибонликларини кўриб ҳавасим келади. Лекин менинг отам бизни ҳатто кўришга ҳам келмайди. Катталарга осон, улар ажралиб яна бошқа оила қуриб кетаверади. Кичикларга қийин».
Манба: https://www.psychologies.ru/story/razvod-chto-dumayut-o-nem-deti/