Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори Сайёра Ходжаева «Газета.uz»га берган интервьюсида нима учун оиладаги зўравонлик ҳолатлари судгача етиб бормаслиги, аёллар учун сиёсат ва бизнесда квоталар нима учун зарурлиги, нега Хотин-қизлар қўмитаси ўз вазифаларини янги Маҳалла вазирлигига топширмасдан, Аёллар ишлари бўйича вазирликка айланиши лозимлиги ҳақида гапириб берди.
Aнъаналар ва «менталитет» ҳақида
Ислом қадриятлари нуқтаи назаридан «жаннат оналар оёғида остида», аммо шу билан бирга биз аёлларга нисбатан муносабат асосан патриархал бўлиб қолаётганини кўрамиз. Aввало, унинг репродуктив функциясига, сўнгра бошқа томонларига аҳамият берилади.
Менталитетни, стереотипларни ўзгартириш учун вақт керак. Ҳар қандай халқнинг менталитетини ўзгартириш учун уч авлод ўзгариши керак. Томчи тошни тешади, ҳозирги тараққийпарвар аёллар ҳамжамияти биздан кейинги авлодга аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларида янада маданиятли жамиятни қолдириши учун барча имкониятларни ишга солмоқда.
Маиший зўравонлик ҳақида
Оиладаги зўравонликка нафақат тажовуз, балки мажбурий жинсий алоқа, доимий ҳақорат ва руҳий босим ҳам киради. Бу каби зўравонлик негизида аёлнинг турмуш ўғтоғида қайсидир бир муаммони ечиш истаги эмас, аксинча оила аъзосини камситиш ва бошқариш истаги ётади.
Калтак ва таҳқирлашларга қарамай, оиладаги зўравонлик қурбонлари муҳаббат, қасос қўрқуви, жамиятдаги қарашлар ёки ҳар қандай йўл билан бўлмасин ўз оилаларини сақлаб қолиш истаги туфайли кўпинча ёрдам сўрамайдилар. Баъзан бу фожиага олиб келади.
Баъзи аёллар зўравонликка кўп йиллар давомида дош беришга тайёр, аммо охир-оқибат жабрланувчи ортиқ тоқат қилолмайдиган ҳақиқат вақти келади. Масалан, Самарқандда Мустаҳкам исмли аёл воқеаси — унинг эри мунтазам равишда уни калтаклаган, қўлларини синдирган, йўргак ейишга мажбур қилган… Аёл бирга кечган турмуши даврида барига чидаган. Кўриниб турибдики, юқорида тилга олинган стереотип бу ерда ўз аксини кўрсатган: унинг сўзларига кўра, гўёки оилани тарк этиш жамият томонидан нотўғри қабул қилинади ва ҳамма уни милицияга боргани ва ажрашгани учун қоралайди.
Ёки Тошкентнинг Мирзо-Улуғбек туманида яшовчи аёл мисоли, унинг эри болалар ҳузурида уни мунтазам равишда калтаклаган, кинояли тарзда масхара қилган ва болаларнинг нажосатини ейишга мажбур қилган. Жаҳолат ва зулмкорлик, аёлнинг тушунарсиз итоаткорлигининг энг юқори даражаси.
Сўнгги йилларда, айниқса, мамлакат ҳудудларида оиладаги зўравонлик ҳолатларининг кўпайиши сабаблари — авваламбор, ишсизлик ва иқтисодий аҳволнинг ёмонлашувидир. Ишсиз қолган эркак қўрқув, хавотир, стрессни ҳис қилади. У аламини кимдан олади? Aлбатта, уйдагиларидан. Ҳуқуқий саводхонликнинг паст даражаси туфайли аёллар ўз турмуш агар жиноий жавобгарликка тортилса, ягона боқувчисини йўқотиб қўйишларидан қўрқиб, ёрдам сўрамайдилар.
«Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга биноан бизда ҳимоя ордерлари берилади. Уларнинг вазифаси — такрор зўравонлик ҳолатларидан ҳимоя қилишдир. Жабрланувчининг аризасига кўра, агар таҳдид бартараф этилмаган бўлса, ҳимоя ордерининг муддати 30 кунга узайтирилади. Ордер бериш орқали давлат шафқатсиз муносабат қурбонига ғамхўрлик қилади, шунинг учун доимий назорат зарур.
Нима учун маиший зўравонлик ҳолатлари камдан-кам ҳолларда судгача етиб боради
Aсосан, сабаб битта — зўравонлик қурбони ўз ҳохишига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларидан ўз аризасини қайтариб олади. Ўзи тушган вазиятидан ҳамма хабар топишидан қўрқув ва ночорлик ҳисси маиший зўравонликларга дучор бўлганларнинг доимий ҳамроҳидир. Ўзбекистонда маиший зўравонлик учун жавобгарликка тортилган шахслар деярли йўқ.
Яраштириш институти ҳақида
Собиқ ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходими сифатида шуни таъкидлашни истардимки, илгари бундай расмий институт бўлмаган, аммо маҳаллаларда кекса авлод вакиллари орасидан ҳурматга сазовор одамлар бўлган, улар муаммоли оилаларни яраштирган ва ҳар қандай келишмовчиликлар юз берганда ёрдам беришган.
Оилани сақлаб қолишга ҳаракат қилиш керакми? Aлбатта келажакда муносабатлар яхшиланади ва ҳеч ким зарар кўрмайди деган кафолат бўлса, албатта сақлаб қолиш керак. Европанинг айрим мамлакатларида ажрашиш тақиқланган давр бўлган. Бироқ, бу ҳаракат оилаларни сақлаб қололмади. Шунинг учун, ҳаёлий қасамёдлар зўравонлик қурбонига айланишга сабаб бўлолмайди. Чидашнинг асло кераги йўқ.
Оилавий муносабатлар модулининг зарурлиги ҳақида
Биз ҳаммамиз турли хилмиз ва ҳар биримиз илгари эшитган, кўрган нарсаларимизни ўзимизга асос қилиб оламиз. Эҳтимол, оила қуришнинг баъзи умумий тамойиллари ва ундаги муносабатлар зарурдир.
Ўзаро муносабатларда ўз ота-оналарининг модулини қабул қилишни истамайдиган кўплаб одамлар бор. Қулоғимизга тез-тез: «Мен ҳеч қачон фарзандларимни ота-онамнинг услуби билан тарбияламайман!» деган гаплар эшитилиб туради. Ушбу ибора билан ҳар қандай нарсани изоҳлаш мумкин.
Ишончим комил, оммавий таълим олиш ёки ота-оналарга фарзандларини тарбиялашда ёрдам кўрсатишга зарурий эҳтиёжимиз мавжуд. Ўзаро муносабатларни ўрнатиш ва болага соғлом тарбия бериш учун кўп нарсаларни билиш зарур. Ёш ота-оналар, бола туғилишидан олдин келажакдаги турмушнинг барча қийинчиликлари ва олдиларида турган вазифаларнинг барча нозик жиҳатларидан хабардор бўлиб, инсоният тўплаган билимлардан унумли фойдалана олсалар, ҳамма нарса қанчалик ўзгаришини тасаввур қилинг.
Ўзбекистонда гендер камситишлар ҳақида
Ҳуқуқий нуқтаи назардан қараганда, Ўзбекистонда гендер камситишлар мавжуд эмас. Мамлакатимизда асосий қонун, Конституция билан бошланиб, бошқа қонун ҳужжатларига қадар бу масалада ҳамма қонун меъёрлари мукаммалдир. Аёллар ҳуқуқларини 100 дан ортиқ қонунлар ҳимоя қилади.
Бироқ, бизда гендер камситишлар йўқ дейиш, аслида ўз-ўзимизни алдашдир. «Тенг ҳуқуқлар ва тенг имкониятлар тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш заруриятининг ўзи, юмшоқ қилиб айтганда, вазият у қадар яхши эмаслигидан далолат беради. Барча етакчи лавозимларни эркаклар эгаллаб тургани бугунги кунда инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир.
Барчамизга маълумки, аёллар таълим каби анъанавий соҳаларнинг энг яхши вакилларидирлар. Ижро этувчи даражадаги вакил сифатида Халқ таълими вазирлиги тизимидаги хотин-қизларнинг намоён бўлишлари қуйидагича: бошланғич мактаб даражасида аёл ўқитувчиларнинг улуши 89,5 фоизни, ўрта мактаб даражасида эса бу кўрсаткич 64,4 фоизни ташкил этади. Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўйича туман (шаҳар) бўлимларида раҳбар аёлларнинг улуши 14,4 фоизни, ўрта мактаб директорлари даражасида эса 34,4 фоизини ташкил этади. Рақамларнинг ўзи гапирмоқда.
Гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг аҳамияти ҳақида
Баъзилар гендер — бу аёлларнинг ҳокимиятга бўлган интилишлари деб ҳисоблашади. Ҳақиқатда эса, бу эркаклар ва аёллар масалалари билан боғлиқ кенг ва долзарб муаммо — ҳар икки жинснинг тенглиги деб айтиш мумкин. Шубҳасиз, аёлларнинг жамиятда муаммолари кўпроқ, шунинг учун аёлларга кўпроқ эътибор қаратилган. Бугунги кунда дунё билан алоқалар, таълим, фан, маданият, ижтимоий сиёсат тизимидаги гендер нуқтаи назари янги қараш прототипи, жамоатчилик билан алоқалар ва ўзаро муносабатларнинг янги модули сифатида қабул қилинмоқда.
Хотин-қизлар қўмитаси вазифаларини Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятига қўшиш ҳақида
Бизнинг фикримизча, Хотин-қизлар қўмитасини йўққа чиқарган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигини ташкил этиш билан бироз шошилдик.
«Маҳалла» сўзи билан, одатда, фуқаролар йиғини, юқори ҳокимият органлари олдида ўз маҳаллаларини бошқариш, фуқароларнинг ҳаёти ва бўш вақтини ташкил этиш масалаларини ҳал қилиш учун масъул бўлган сайланадиганмаҳалла раиси ва маҳаллий ўзини ўзи бошқаришни амалга оширадиган жамоат типидаги анъанавий ижтимоий институт кўз олдимизга келади.
Энди, албатта, ушбу тузилмани институционализациялаш бутун маҳалла тизимини тегишли равишда қайта ташкил этишга олиб келади.
Вазирнинг биринчи ўринбосари аёллар билан боғлиқ масалаларни назорат қилади. Вазирликнинг бўйсунувчи вилоят ва туман бошқармаларида аёллар билан ишлаш учун масъул бўлган шу каби лавозимлар мавжуд. Эҳтимол, мазкур вариант ҳам самарали бўлиши мумкин.
Aммо ҳозир бизда аёллар ўзларининг кўпгина муаммолари билан мурожаат қилишлари мумкин бўлган тўғридан-тўғри хотин-қизлар билан ишлайдиган алоҳида, мустақил ташкилот йўқ. Биз Aёллар ва ёшлар ишлари бўйича вазирлик ташкил этилишини кутган эдик.
Aёллар ва эркаклар жамиятдаги ўз ўринларини қайта кўриб чиқишлари учун нима қилиш керак
Назаримда, бизнинг барча дардларимиз жоҳилликдан келиб чиқади. Доимий равишда ўқитиш ва ўрганиш керак. Бироқ, сиёсатдаги баъзи донишмандларимиз тасаввур қиладиган тарзда эмас, улар фақат қизларни тарбиялаш, уларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ҳақида гапиришади.
Мамлакатимизда кўпинча қизлардан устунлик руҳида тарбияланадиган ўғил болалар ҳам ўқитилиши керак. Мактабларда аълочилар, одатда қизлар, ўғил болалар эса ўртача кўрсаткичларга эга. Бундан келиб чиқадики, ҳаётда кечаги «иккичи» ёки уч баҳога ўқиган бола ўзининг ҳаёлий устунлиги туфайли етакчига, раҳбарга айланади. Бу, албатта, бемаънилик. Aммо бу ҳақиқат.
Шунинг учун болаларга ёшлигиданоқ замонавий гендер ёндашувлар талабларига жавоб берадиган тўғри муносабатларни сингдириш жуда муҳимдир. Болалар боғчасидан, мактабдан бошлаб, ўғил ва қиз болаларга гендер тенглик тушунчасини сингдириш, агар кимдир устун бўлса, унда жинси асосида эмас, балки ҳар бир шахснинг шахсий фазилатлари ва устунликлари туфайли ютуққа эришиш мумкинлигини уқтириш лозим.
Тўлиқ матн: https://www.gazeta.uz/uz/2020/10/14/khdojaeva/