Hikoyani yuboring
burger x
#Jabrlanganlar uchun ko'rsatmalar

Бир келин ҳикояси. Ортда қолган даҳшатли кунлар.

Бир келин ҳикояси. Ортда қолган даҳшатли кунлар.
15 Avg 2020

Мукаррам (исми ўзгартирилган) бошини оёқлари орасига олиб, қўли билан беркитиб олганди, чунки ўтган галги калтаклардан сўнг анча пайтгача буйрагидаги оғриқ...

Мукаррам (исми ўзгартирилган) бошини оёқлари орасига олиб, қўли билан беркитиб олганди, чунки ўтган галги калтаклардан сўнг анча пайтгача буйрагидаги оғриқ уни қийнаб қўйган эди. Шу аҳволда навбатдаги калтаклардан ғужанак бўлиб уй бурчагига тиқилиб олганди…

Биринчи марта Азиз (исми ўзгартирилган)дан совчилар келганида, Мукаррамнинг ота-онаси унинг рози бўлишини умид билан кутди. Ота-онасининг фикрича, бундай куёвни фақат орзу қилиш мумкин…бўлмасам-чи! Чет элда ўқиб келган, ўз бизнесига эга, ўзига ишонган куёвни ким хам орзу қилмайди, дейсиз?!

Даҳшатли кунларнинг дебочаси, никоҳ тўйининг биринчи кечасидаёқ бошланди! Азиз ётоқхонага спиртли ичимликлар таъсиридан оёғини зўрға судраб кириб келди-ю, ўзини ётоққа ташлади. Аввалига оёғидаги пайпоғи, кейин шимини ечишни буюрди. Шимнинг бел тасмасини ечишда бироз қийналганди, шу пайт Мукаррамнинг белига зарб билан мушт туширди. Кейин эса… Мукаррамни томоғидан бўғиб зўрлади! Мукаррам бу хақида батафсил гапиришни истамайди, умуман бу кунларни эслаш унга фақат азоб беради, эслаган сари қўллари қалтираб, нафас олиши оғирлашиб бораверарди.

Мукаррам кенжатой келиндан уй хизматкорига айланди. Ҳар куни уч махал иссиқ овқат, ёғ тушса ялагудек ҳовлини тозалаш. Куз кунларинг бирида ховли юзасига тушган бир дона барг учун қайнона Мукаррамга чойи тўла чойнакни отиб юборди. Ҳаттоки қайнотанинг назарида етарлича тозамасдек кўринган идишлар деворга отилиб чил-чил синар эди. Шундай кунларнинг бирида кир ювиш машинаси бузилиб қолиб, деярли икки ҳафта устага олиб бориб тузатиш ҳеч кимнинг хаёлига келмади. Албатта Мукаррам барча кирларни қўлда ювишига тўғри келди, агар оила вакилларидан бири ювилган кирлардан норози бўлиб эри Азизга шикоят қилса борми… У дарров “Тарбиявий соат” дарсини бошлар, аёлни аёвсиз калтакларди, оила аъзолари учун бу табиий ва шундай булиш керакдек эди гўё.

“Ота-онасига шикоят қилмадими?”Албатта туйдан кейинги биринчи ҳафтадаёқ унга сабабсиз бақиришларини айтган, лекин шунда ҳам эрининг урганини айтмаган. Онаси унга: “Сабрли бўл, янги хонадонга мослашиш учун вақт керак. Уларга хам хонадонида янги оила аъзосига кўникиши осон эмас, бундан буёғига улар истагандек овқат тайёрлаб, улар истагандек рўзғор юритишинг керак. Агар эрдан қайтиб келсанг ҳеч кимга кераксиз бўлиб қоласан”, деб айтди. Шундан кейин онасига қайта оилавий муаммолари ва тинимсиз калтакланиши ҳақида шикоят қилмай қўйган.

Ички ишлар ходимларига шикоят қилиш хақида хатто ўйлаб хам кўрмаган, ахир бу унинг оиласи эди, ким хам ўз оиласи устидан шикоят қиларди? Айтган тақдирда ишонишармиди, деган савол туғиларди? Мукаррамдан ташқари оилада олти киши яшайди, улар албатта бўлаётган холатларни рад этиши табиий. Шундай ҳам бўлди, бир куни келган меҳмонлар Мукаррамнинг қўлидаги кўкимтир излар сабабини сўрашди, бунга жавобан “Вой, бизни келинимиз бирам нўноқ, халигача уйларнинг бурчакларига кўника олмаганидан ҳамма жойини кўкартириб олаяпти, шундайми, Мукаррам”, деб устидан кулди қайнонаси.

Эр-хотинлар орасида хам зўрлаш ҳолатлари мавжудлигини у фақатгина “Немолчи” асосчиси билан бўлган суҳбатдан кейингина билди. Унгача эр қачон хоҳласа, ҳеч қандай эътирозсиз унга рози бўлиши шарт, деб ўйларди. Ҳатто оғриқли бўлса ҳам, ғинг дейишга ҳаққим йўқ, деб ўйларди. Жинсий алоқадан роҳатланиш ҳақида умуман гап ҳам бўлиши мумкин эмас, унинг фикрича бу фақат киноларда бўлади – муҳаббат, бир биридан кўнгил тўлиши деган тушунчалар ғирт ёлғон эди. У доим: “ Эр–хотин ўртасидаги нозик муносабатлар аёлга фақат азоб беради ва у нарса фақат ва фақат насл қолдириш, авлодни давом эттириш учун керак”- деб ҳисоблар эди.

Афсуски, фарзандли бўлиш хам унга насиб этмади. Биринчи марта ҳомиласидан ажралганда ҳамма уни “cоғлиғига эътиборсиз”ликда айблади. Ахир қандай эътиборли бўлсин? Эрта тонгдан то қоронғу тунгача тиним билмаса, оиланинг барча хизматини қилса, қорни тўйиб овқат емаса, яна тинимсиз эридан калтак еса, соғлик ҳақида гапириш мумкинми? Доим дастурхон туза, йиғиштир билан куни ўтарди. Ҳали иккинчи овқатни тортишга улгурмасдан, биринчиси ейилиб, иккинчисини кутиб ўтиришарди. Иккинчи хам ейилиб энди оғзига бир қошиқ овқат олиб борганда, чой дамлаб келишни буюришарди. Охир-оқибат Мукаррам ошхонада овқат тайёрлаш жараёнида қорнини алдаб турадиган бўлди, шунда ҳам қайнонаси кўриб қолса, норози бўлиб тўнғилларди: “Уйда шунча иш турибди, бу хонимча фақат ейиш билан овора”. Баъзи пайтларда Мукаррам жонидан ўтиб эътироз билдирса, қайнонаси уйни бошига кўтариб, жанжал қилиб, юрагини ушлаб ётиб оларди. Табиийки, ҳамма қариндош уруғ йиғилиб Мукаррамни айбларди ва эри Азиз томонидан калтакланарди. Охири Мукаррам бесабаб калтакланишлардан безиб, индамас бўлиб қолди. Ҳомиладан ажралганига ҳам анча бўлди, лекин янгилик йўқ. Шифокорларга кўринишга рухсат йўқ, ҳатто ота-онасини кўриб келишга ҳам рухсат беришмасди ва, ниҳоят, кунларнинг бирида Азиз уни шифокорларга олиб боришга қарор қилди ва, афсуски, киста борлигини айтишди. Уни жарроҳлик йўли билан олиб ташалашга қарор қилишди. Тузалиш ўрнига йиринглашни бошлади, яна операция! Мукаррамнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун бачадонининг ярмини олиб ташлашга мажбур бўлишди. Энди бутунлай “яроқсиз” номини олди, шўрлик, энди фарзанд кўролмайди. Оиладаги муҳит янада оғирлашди.

Кунларнинг бирида аёлнинг телефонига нотаниш рақамдан “Асалим, қалайсан, бугун кўришамизми?”деган ҳабар келди.Мукаррам кимдир адашгандир деган ўй хали хаёлидан ўтиб улгурмасданоқ, хабарга кўзи тушган Азиз рақам эгасига қайта қўнғироқ қилиб вазиятга ойдинлик киритиш ўрнига Мукаррамнинг сочига чанг солиб, юзи аралаш бошини столга урди.

-Жа…б, билардим ҳар ким билан ўйнашиб юришингни, – деб оғзига келган гап билан Мукаррамни ҳақорат қиларди, сочларини муштига ўраб юзи кўзи аямай урарди, бу ҳам етмагандек аёлни бир мушт уриб ағдарди ва тепкилашни бошлади. – Сени хали қон йиғлатаман, тушундингми? Увиллама қ….қ! Ўчир овозингни, сенга айтаяпман!

Мукаррам бошини оёқлари орасига олиб,қўли билан беркитиб олган эди, чунки ўтган галги калтаклардан сўнг анча пайтгача буйрагидаги оғриқ уни қийнаб қўйган эди… Шу аҳволда навбатдаги калтаклардан ғужанак бўлиб уй бурчагига тиқилиб олган, жони оғзига тиқилган аёл “Ол шу жонимни, тезроқ қутилай” дегиси келди-ю, лекин шўрликни овози чиқмади. Худди аёлнинг хаёлидаги гапларни эшитиб тургандек, эри унинг томоғига чанг солди ва буға бошлади, бечора аёлнинг онгида “ Яна озгина қолди, ҳаммасидан қутуламан” деган ўй ўтди.

Кутилмаганда қайнонаси келиб эрининг қўлига ёпишди, чеккадан томошабин бўлиб ўтирган оила аъзоларини Мукаррамнинг ҳолати эмас, агар ўлиб қолса ўғлини жавобгарликка тортилишидан қўрқишди. Мукаррам зўрға калтакдан маматалоқ бўлган оғир гавдасини кўтариб, ювиниш хонасига ўтди. Шунда ҳам хонадондаги бирор тирик жон холинг нима деб сўраб кирмади. Мукаррам отасига кўнғироқ қилиб, уни олиб кетишини сўради, қизининг овозидаги ўзгаришни пайқаган ота ортиқча савол бермади: “Ҳозир етиб бораман, болам…!” деди.

Худди ҳаммаси кинода бўлаётгандек эди, аёлнинг отаси кўп куттирмасдан етиб келди. Мукаррам машинага секингина ўтирди-ю, эшикни ёпди, ҳеч ким унинг ортидан чиқмади, нега кетаяпсан демади, у ўзини бу хонадаонга кераксиз инсон эканлигини биларди…

Уйига етиб келгач, онаси қизининг ахволини кўриб хушсиз йиқилди. Мукаррам хаётидаги кўрган хўрликлар, азоблар, эри томонидан зўрланганлари – барча-барчаси кўз олдидан ўтиб, бор овози билан ўкириб йиғлади… Она ҳам қўшилиб кўз ёш тўкди. Қанча пайт кўз ёш қилганини эслолмади. Мукаррам бирор бир шифокорга кўринмади, ҳатто қонун ҳимоячиларига ҳам арз қилмади, соғлигини ота-онасининг уйида тиклади. Икки ҳафта ўтгач, қайнона қўнғироқ қилиб келиннинг қачон қайтишини сўради. Онаси: “Ҳеч қачон” деган жавоб билан кифояланди.

Ҳозир Мукаррам суд томонидан ажримни кутаяпти.Ажабланарлиси шундаки, ўрталарида фарзанд бўлмаса ҳам уларга муддат беришди….

 

________________

#Сукутсақлама #SukutSaqlama #ЗўравонликданҲолиЎзбекистон #ЗўравонликҚурбонлари #Келин

Oldingi maqola

Нима учун аёллар эрларига фарзандлари устидан масхара қилишларига йўл қўйиб беришади?
14 Avg 2020
Нима учун аёллар эрларига фарзандлари устидан масхара қилишларига йўл қўйиб беришади?

Keyingi maqola

Севган йигитим янги йил кечасида мени зўрлади
24 Avg 2020
Севган йигитим янги йил кечасида мени зўрлади
Shuningdek, siz o‘z tarixingizni o‘rtoqlashishingiz va zo‘ravonlik tajribasini aytib berishingiz mumkin

Sizning hikoyangiz boshqalar uchun muhim tayanch bo‘lishi va zo‘ravonlikka qarshi kurashda yordam berishi mumkin.

Biz ma’lumotlarning to‘liq maxfiyligi va himoyasini ta’minlagan holda shaxsiy ma’lumotlarni hech kimga oshkor qilmaymiz

O‘z tarixingizni bizga yuboring

U eshitiladi va javob topadi

Hikoyani yuboring
shadow
Muharrirdan
top