Орамизда шундай одамлар бор, улар учун атрофдагиларнинг фикри муҳим эмас. Агар истаса, оддий кўйлакда ҳам кўчага чиқиб кетаверади ёки нотаниш инсон билан бемалол гаплашаверади, мусиқа эшитиб қолса, кўчанинг ўртасида ҳам рақсга тушиши мумкин. Сиз-чи, кўчага фақат сипо кийиниб чиқасиз, нотаниш инсон биринчи келиб гапирса ҳам, индамайсиз, мусиқага эса фақат чапак чалиш билан чекланасиз. Баъзан ана шундай жасур одамларга ҳавас қиласиз, эркинлик, бироз одамовилик, енгилроқ ҳаёт тарзини кўнглингиз тусаб қолади.
Биз яшайдиган жамиятда мувозанат бўлиши керак. Уни таъминлаш учун эса икки тарози баробар бўлиши лозим. Тарозининг бир палласида жиддий одамлар турса, иккинчи палласида жиддийликдан йироқда бўлган одамлар жойлашади. Психологияда эмоционал заковат (emotional intelligence) тушунчаси бор. Унга кўра, инсон кимнинг нимага муҳтожлигини англайди, вазиятни тўғри талқин қилади ва унга ўз фойдаси йўлида таъсир қила олади. Демак, агар кимда ушбу қобилият бўлса, у жамиятда ташвишланмасдан, бемалол яшай олади.
Аммо кўнглидагини амалга оширолмайдиган инсонлар кимгадир ёқиш учун ҳаракат қилишга мажбур. Бу эса хавотирланиш учун сабабдир. Аслида ҳаммаси майда-чуйда нарсалардан бошланади: масалан, дўстингизга сизга ёққан расм ёқмади ва у бу расмни ташлаб юборди, сиз эса ичингизда афсусланиб қолаверасиз. Бутун умр тупроқшуносликка қизиқиб, биргина ота-онангизнинг истаги билан менежер бўлишга аҳд қиласиз. Ёки йигитингиз сизга унчалик ёқмайди, аммо атрофдагиларнинг “бир-бирингизга узукка кўз қўйгандай ярашиб турибсиз” деган гапларидан кейин унга турмушга чиқишга аҳд қиласиз. Бу каби кичик индамаслик ҳолатлари ўзингизни алдашга киради, улар бора-бора катта дардга айланиши ҳеч гап эмас.
Ҳаммага бирдай ёқиш мумкин эмас
Ҳаётимиздаги қарорларни иккига бўлиш мумкин. Бир қисми фақат ўз истагингиз натижасида қабул қилинган, қолган ярми эса атрофдагилар нима дейди, деган мақсадда амалга оширилган. Барча балоларнинг негизи ақл назарияси (theory of mind) номли ҳодисада. Бу фойдали хусусият ҳисобланади, аммо чуқурлашиб кетаверсак, оқибати яхши бўлмайди. Ақл назарияси бизга ўй-фикрларимиз бошқаларникига ўхшамаслигини тушуниш имкониятини беради: масалан, бизга ёққан нарса бошқаларга манзур келиши шарт эмас. Ягона муаммо шундаки, бировга ёқадиган нарса деб, гоҳида ўзимизни унутиб қўямиз ва таҳминларимизни ҳақиқат деб ўйлаб қоламиз.
Амалий маслаҳатлар
Тасаввурингизни назоратга олинг, аниқроғи, бошқалар ўрнига таҳмин қилишни тўхтатинг. Сариқ, қизил каби ёрқин рангларни кийсам, атрофдагилар ёқтирмайди, яхшиси қора, кўк рангли кийимларни танлайман, дея ўзингизни чеклайсиз. Шу орқали жамият ишончига кирмоқчи бўласиз. Аммо жамият истаса, сизга умуман эътибор бермайди. Кейин кимгадир ёрқин ранглар, кимгадир эса тунд ранглар ёқади. Хўш, аслида кимга ёқмоқчи бўласиз? Нотаниш одамларнинг сиз ҳақингиздаги фикрини олдиндан таҳмин қилиш жуда қийин. Биринчидан, барчага бирдек ёқиб бўлмайди. Иккинчидан, ноаниқлик бор эканлигини тан олинг ва унга юзма-юз келганда, ўзингизни бўш қўйишни ўрганинг. Бунинг энг яхши усули — ўзлигингизни сақлаб қолинг, ўзингиз учун нима қулай бўлса, шуни кийинг ва шундай ҳаракат қилинг. Бировга ёқаман, деб, сочингизни сариқ рангга бўяш шарт эмас. Сариқ рангли соч билан ноқулай ҳолатда юргандан кўра, қора сочда бемалол яшаган маъқул. Ҳазиллашишни билмасангиз, яхши кўринаман, ўзимга диққатни қаратаман, деб жамоадошларингиз олдида “қўпол” ҳазил қилманг.
Шахсиятингизни қабул қилинг ва ўзингизни севишни ўрганинг
Инсоннинг табиатига бировга ўхшаш, тақлид қилиш хусусияти хос. Мабодо сиз ҳам бу интилишдан ўзингизни тўхтата олмасангиз, бировдан фақат яқин деб билган хусусиятларни ўрганинг, қолганида эса мустақил йўл тутишга ҳаракат қилинг. Ўзингизни яхши кўришга уриниб кўринг. Унутманг: нима қилсангиз ҳам, одамлар ўз фикрига эга, сиз телепат сингари уларнинг фикрини бошқара олмайсиз. Кимгадир ёқмаслик бу оддий ҳол, асло фожиа эмас. Биринчи тасаввур энг тўғри, деб ҳисобласангиз, унда бир ўйлаб кўринг, бир деганда ҳазилкаш инсоннинг асл қиёфасини аниқлай оласизми? Ақлли одамни-чи? Кўнгли нозик инсонни-чи?
Муҳим қоидани ҳеч қачон эсдан чиқарманг, аксарият одамларга сизнинг ҳисларингиз аҳамиятли эмас. Шуни қулоғингизга қуйиб олинг-да, бехавотир яшайверинг. Балки бу ҳақиқат сизга эриш туюлар ёки тан олишга қийналарсиз, аммо токи одамларнинг ҳаётида иштирок этмас экансиз ёки уларга яққол таъсирингиз бўлмас экан, уларнинг сиз билан умуман иши йўқ. Сизнинг “мен ҳақимда нима деб ўйлайди”, деган хавотирларингиз эса бекор.