6 март Ўзбек шоири ва озодпарвар инсон Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий таваллуд топган кун! Ушбу мақолани ёзишдан аввал руҳан ўзимни тайёрладим. Сабаби, шоир ва яқиндагина аёлларни хақлари хақида гапириб чиққан Рустамжон домлани гап билан эзиб ташлаган халқ мендек оддий аёл, ожизани кунини кўрсатиши, гап билан отиб ташлаши ва ҳатто оила аъзоларимни ҳам хақорат қилишга шайланиб, асл тарбиясини кўрсатиши тайин! Аммо… кимдур гапириши керак. Йўқ, гапириши шарт!!!
Бундан анча йиллар аввал яшаб, ижод қилган шоир байтларига асосланиб аёлларимизда ҳали ҳамон бирор бир ўсиш бўлмагани, эркакларимиз ҳали-ҳамон латта-путталар ичра ўралашиб, аёлларни хаққига хиёнат қилаётганини тушуниш мумкин. Жоҳилият даврида ҳам қиз чақалоқларни деворга отиб ўлдириб, агар тирик қолганлари бўлса умр бўйи уйида чўри қилиб, кўчага чиқишидан ор қилувчилар кўплаб топилган.
Аммо Саодат асрида бунга чек қўйилди. Қизлар таълим олиши, ўқиши, ўрганиши фарз қилинди! Макка ва Мадина аёллари мажлисларда қатнашганликлари, ўз фикрларини очиқ ва ойдин айтганликлари ҳақида саҳиҳ Ҳадислар кўплаб топилади! Йиллар ўта-ўта Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи вассаламдан сўнг яна адашишлар кўпайди. Аёлларни ҳудди Жоҳилият давридагидек эзиш, қийнаш, зулм қилиш ҳали-ҳамон давом этмоқда. Фарқи шуки, у даврда туғилиши билан деворга отиб, ерга кўмиб ўлдиришган бўлса ҳозир йиллар давомида қонини ича-ича, хаққига хиёнат қилиб, зулм қилиб эзиб ўлдиришмоқда.
Куни кеча аёлларнинг ҳуқуқи, хаққи хусусида гапириб чиққан домла, бутун бошли уламолар ва баъзи эркаклар томонидан саваланган гаплар остида қолди. Нега? Нима учун? Унинг гаплари мусумлончиликка эмас, ўзбекчиликка тўғри келмагани учун! Бизни қайнотаси олиб берган ички кийимни кийиб, у берган тўшакда ётиб, кечагина қайнонаси мозорбости қилиб узоқ йўлдан кўтариб келган мазардаги сомсани еб ётган куёвчакларнинг кўнгилчаларини бирозгина беҳузур қилгани учун!
Йиллар давомида Илоҳиётга салкам тенгланган, йўқликдан бир ўғилни пайдо қилганга тенгланувчи қайноналарнинг нафсларига тўғри келмагани учун! Ёки йиллар давомида на фарзандига эгалик қила олмаган, на эрига эркалик қила олмаган аёлларнинг энди ёруғликка чиқиб, босар-тусарини билмай, келинига ҳам худди ўзининг тақдирини раво кўрган баъзи қайноналарнинг сценарийларида йўқ гапларни гапириб қўйгани учун! Қўрқиб кетдинглар-а? Вай! Энди нима бўлади? А бу келин ўз ҳуқуқини билиб қолиб, уйда овқат қилмаса, оч қолишадику? Энди нима бўлади? Келинпошшамиз сеп-мебель қилмай, ўзимни олганингизга хурсанд бўлиб, фалон миқдорда маҳр беринг, деб қолса уйида ҳатто ерга соладиган шолчаси йўқ куёвчакларимиз ё кафангадо бўлади ё бир умр хотинсиз ўтади-ку?
А бу қайноналарчи, нима қилишади??? А бу келин келиб ишини қилмаса, қайнисингил, қайниукаларини кирини ювмаса, қайнотасини кўнглига қараб турмаса, уларни қўлларидаги хинолари ўчиб кетади-ку?! Уят! Аёлларнинг ҳуқуқини айтиб чиққан шоирни сал кам даҳрийга айлантирасизлар! Аёлларнинг хаққини сўйлаган домлани сал кам риёкорга йўясизлар! Кунинглар аёлларнинг хаққига қолиб кетдими?! Эркинликда, ўз хақида, меҳр кўриб яшайдиган аёллар ҳаётда қайнона-қайнотамнинг хизматини қилмайман, демайди у видеони кўриб. Лекин зулм ичида қолган келин учун бу мурожаат биргина нур эди. Аммо шуни ҳам кўп кўрдинглар!
Қайнона-қайнота қийналишининг сабаби улар ёмон келин олганида эмас. Улар ёмон ўғилни тарбия қилганида. Сабаби, сиз ўғиллар уларнинг хизматида бўлишингиз керак! Сиз керак бўлса оёқларини ювиб, қўлларини кўзигизга суртинг! Сиз овқатларини керак бўлса қошиқлаб едириб қўйинг! Йўқ! Келинг яхшиси буни ҳам хотинингизга ағдариб қўя қолинг! Ахир, онангиз сизни 9 ой қорнида аёлингизга тан махрамликка *бериб қўйиш учун қийналиб кўтариб юриб, туққанлар-ку! Ҳар икки гапнинг бирида «Кўпхотинлик» деса, «Адолат қиламан,» – деб чопгунча, аввал онангиз ва аёлингизнинг хақларида адолат қилинг! Меҳрингиз ва ишқингиз ошиб-тошиб кетаётган бўлса, хотин кўпайтиришга вақтингиз етаётган бўлса, шуни ота-онангизнинг хизматида ўтказинг! Уйланиш суннат бўлса, ота-онага силаи-раҳм қилиш ФАРЗ саналади-ку?!
Аёлларнинг хаққига хиёнат қилманг! Хеч йўқ қўни-қўшнилар, ё ўз оилангизни кузатиб айтинг-чи, қайси фарзанднинг исмини онаси қўйган??? Ҳозирда кўп оилаларда ё қайнона ё қайнота исм қўяди. Нега? Сабаби, у ҳам ўз фарзандига исм қўя олмаган! Аммо Исломда ота-онанинг энг катта бурчи бу фарзандига гўзал исм қўйиш ҳисобланади! Ҳатто ўз фарзандини ўзи хоҳлаган ном билан номлай олмайдиган, йиллар давомида эзилиб келса ҳам «Мен шундан бахтлиман. Ўлмадим-ку мана!» – дейдиган аёлларимизга раҳмим келади!
Уларга баралла «Ислом ундай эмас. Илтимос буни Ислом деманг! Ўқинг! Ўрганинг! Диндаги ҳуқуқларингизни талаб қилинг!» – дегим келади. Ёш қиз сал гап бошласа «Ҳа… Ҳозирги ёшлар ўз хаққини билиб олган. Шунинг учун ажримлар кўп!» – дейишса, бир ожизанинг хаққига қараб қолганини фахрланиб айтаётган қарияларни кўриб, йиғлагим келади!!! Исломни ўзингизга ва нафсингизга мослаштирманг! Айбларни энг ёш ва ожиза аёлларга ағдарманг! Ҳолимизга Аллоҳ раҳм қилсин! Ҳали ҳам бўлса Ўзи раҳм қилаяпти… Акси бўлганда борми…
Фотима Холтаева