Hikoyani yuboring
burger x
#Jabrlanganlar uchun ko'rsatmalar

Туғруқхонадан воқеалар…

Туғруқхонадан воқеалар…
25 Dek 2022

Кеча мени тўлғоқлар бошлангани сабаб туғруқхонага олиб боришди. Тунни туғруқ залида ўтказдим, эрталаб умумий бўлимга (патология) ўтказишди. Тўлғоқ такрорланишини кутиб...

Кеча мени тўлғоқлар бошлангани сабаб туғруқхонага олиб боришди. Тунни туғруқ залида ўтказдим, эрталаб умумий бўлимга (патология) ўтказишди. Тўлғоқ такрорланишини кутиб ётарканман, ҳамхона аёлларнинг ҳикояларини эшитиб ётардим.

Бири учинчи фарзандига юкли, туғруқ муддати етган. Икки каттам қиз, дейди у. Қорнидаги – ўғил экан. Уйда қайнона, эр, турмушга чиқмаган қайнсингил ва қизлари туришаркан. Катта қизи (9 ёшда) телефон қипқолди. Унинг айтишича, кеча туз тотмай, уйқуга ётишипти. Чунки, уйда «овқат пиширадиган одам йўқ» экан. Бувининг бир кўзи ТВда, биркўзи телефонда. Амма кечгача қаёққадир ғойиб бўлган, ота эса ишдан кеч келган ва тўғри ухлашга ётган.

Айни шу пайтда менга турмуш ўртоғим берворган нарсаларни опкелишган, шу жумладан нонуштага деб бериб юборган манти, минерал сув ва ширинликларни чиқариб, овқатлана бошлагандим. Энди бир тишлаганим – манти бўғзимга тиқилиб қолгандек бўлди. (Шошилинчда келганимиз учун фақат ширинликлар олгандим, нонушта қилишга энди имкон туғилганди.)

Телефонни ўчиргач, айтиб берди – қайнонаси биринчи фарзанди қиз эканини билиб, уни олдириб ташлашни талаб қилганмиш. Чунки, ҳомила жинси унинг истагига мос келмаган эмиш! Аёл фарзандини нобуд қилишни истамай, аборт қилдиришга кеч қолишганини, ҳомила каттариб қолганини айтибди. Айни пайтда эса, қайнона ҳали туғилмаган набирасининг туғруқхонадан чиқишига байрам уюштириш ҳаракатида экан. Чунки, бу – ЎҒИЛ НЕВАРА, МЕРОСХЎР, НАСЛ ДАВОМЧИСИ эмиш! Мен эса, бу ҳолат катта фарзандлар (қизлар)нинг руҳиятида қандай доғ қолдираркин, деб ўйланаман. Сизларни туққанимда, бунақа нарсалар бўлмаган, деб қўяқоларман, дейди синиққина…

Иккинчиси – жарроҳлик (кесарча) йўли билан туғишга келган, операцияга тайёрлаш жараёнида. Туғруқдан сўнг, ота уйимга қайтиб, ўша ерда бир неча ой яшаб тураман, дейди у. Чунки, барибир эр уйида унга на уй ишларида, на болага қарашда ёрдам беришади. Барибир, ҳаммаси ўзига қолади, ҳали олдинда жарроҳи туғруқдан кейинги узоқ жисмоний ва руҳий тикланиш жараёни ҳам турибди…

Учинчиси – тушиб қолиш хавфи билан келган, ҳали ҳомиласи кичкина. Кучли токсикоз, сув ичса ҳам қайт қилади. Лекин унга ҳар дақиқада қўнғироқ қилиб, (кимлигини сўрамадим), тезда тузалиб, уйга қайтишни талаб қилиб туришди. Ҳомиладор бўлган биргина у эмаслигини, ва рўзғор ишлари кутиб турмаслиги, нонлар ўзини ўзи ёпиб қўймаслиги-ю, овқатлар ўзини қозонга осмаслигини айтишди…

Тўртинчиси – ярим йил аввал «енгиллагани»га қарамай, яна иккиқат. Ҳомила кичик, ташхис – токсикоз. Жуссасига қарасангиз, ҳали қўғирчоқ ўйнайдиган гўдак. Нозиккина, сув ичса томоғидан, сабзи еса биқинидан кўринадиган, бир шамолда учиб кетадиган ҳоли бор. Эри катта фарзандини сал қолса қўлига келтириб берарди, яхшиямки, туғруқ комплекси тартиблари бунга йўл қўймайди. Унинг айтишича, эри ўлганнинг кунидан ЎЗ боласини қўлига олиши мумкин, бола фақат онанинг қаровида бўлиши керак, деган гапга ёпишиб олган. Бир гал чақалоқни қўлига олганида, бола «ишини қилиб» қўйган бўлган, у тагликда бўлса ҳам, бу отанинг жаҳлини чиқарган. Буни кўрган қайнона бутун уйни бошига кўтариб, келинни болага қарашни билмайдиган меровга, ёмон онага чиқарган.

Тунда болам йиғлаб қолса, эрим жаҳл қилиб, бошқа хонага чиқиб кетади ёки «БОЛАНИНГ ОВОЗИНИ ЎЧИРАСАНМИ-ЙЎҚМИ?!» – деб менга ўшқиради, деб ҳикоясини тугатди у ҳам.

Уларни тингларканман, ўйга толаман. Улар қанақа одамлар ўзи?! Мен умримда ўзимга нисбатан бунақа муомала кўрмаганман ва бунақа муносабатда бўлишларига йўл ҳам қўймайман. Туғруқхонага борганимда, мутлақ хотиржам эдим, бундан ҳатто тўлғоқ оғриқларига чидаш ҳам у қадар қийин бўлмаганди. Аммо, бу ҳикоялар таъсирида кўзёшларимни тиёлмай қолдим. Ҳомиладор аёлларга асабийлашиш қатъиян маън этилган, лекин уларнинг кундалик ҳаёти тафсилотлари мени шу қадар ўзимдан чиқариб юборгандики…

Биттагина келин – ожиза, нозиккина, «қулай» бир шахс, унга хўжайинчилик қиладиган «қулдорлари»нинг эса саноғи йўқ… Бир неча соат ичида мен ҳис этган асабийликни сўз билан ифодалаб бўлмайди.

Ҳомиладор ҳолида улар шу хўрликларга чидашга мажбур, боз устига ўз ҳаёти, ўз танаси ва танасида улғайтираётган болаларининг ҳаёти борасида қарор қабул қилишга ҳаққи йўқ… Мени, айниқса, бир суткадан ортиқроқ вақт оч қолиб кетган қизалоқлар тақдири ларзага солди. Туғруқ олдида турган онасига қандай таъсир қилдийкин, боласининг оч қолганини билиб, аҳволи нима кечдийкин?! Ҳа, бу аёлларнинг сабр-матонатига ҳайкал қўйиш керак…

Oldingi maqola

Нима учун болалар ёлғон гапиради?
20 Dek 2022
Нима учун болалар ёлғон гапиради?

Keyingi maqola

2022 йилда гендер тенглиги соҳасида қонунчилиги такомиллашган мамлакатлар
16 Yan 2023
2022 йилда гендер тенглиги соҳасида қонунчилиги такомиллашган мамлакатлар
Shuningdek, siz o‘z tarixingizni o‘rtoqlashishingiz va zo‘ravonlik tajribasini aytib berishingiz mumkin

Sizning hikoyangiz boshqalar uchun muhim tayanch bo‘lishi va zo‘ravonlikka qarshi kurashda yordam berishi mumkin.

Biz ma’lumotlarning to‘liq maxfiyligi va himoyasini ta’minlagan holda shaxsiy ma’lumotlarni hech kimga oshkor qilmaymiz

O‘z tarixingizni bizga yuboring

U eshitiladi va javob topadi

Hikoyani yuboring
shadow
Muharrirdan
top