Қаршимизда ўтирган қиз эндигина 16 ёшда. Озғин ва паст бўйли бўлгани учун янаям ёшроқ кўринади. Мадинанинг ёнида (исми ўзгартирилган) унинг онаси ўтирарди ва титраган қўллари билан қалин дафтар саҳифаларини варақларди. У бу дафтарни ўша вақтда 15 ёш бўлган қизи уни зўрлашганини айтиб берганида тутганди.
2021 йилнинг куз ойида қизни Жиззахдаги касалхонага ётқизишган. Қиз у ерда Миразиз исмли йигит билан танишади. Йигит ундан катта эди ва тез орада Мадина, касалхонадаги бошқа қизлар, Миразиз дўстлашиб олишди.
Касалхонадан чиққандан кейин улар ўзаро хабарлашиб туришди. 2021 йил декабрь ойида Миразиз Мадинани меҳмонга таклиф қилади. Қиз боришдан қўрқарди, лекин Миразиз учрашув унинг дўсти Сарварнинг уйида бўлиши ва бошқа қизлар ҳам таклиф этилганини айтади.
“Биз кейинроқ Сарвар Миразизга биров ҳимоя қила олмаслиги учун унга отаси йўқ, содда ва гўл қизни топиб беришни айтганини билдик”, — дея қўшимча қилади қизнинг онаси.
Қизнинг сўзларига кўра, ўша хонадонга борганида у ерда ҳаммаёқ безатилганини кўрган. Кроват ёнида шарлар ва гуллар бор эди, бошқа қизлар бўлмаган. Мадина уйига кетмоқчи бўлганда Сарвар уни тўхтатади, Миразизга пул бериб, бориб ижарага олинган хонадон пулини тўлаб келишини айтади. Сарвар эшикни ёпиб Мадинани ўзига тортади. У қаршилик кўрсатади, қочишга ҳаракат қилади. Пичоқ излаб ошхонага югурди, лекин хонадонда идиш-товоқ йўқ эди… Ўша куни у қизни зўрлаган.
“Кейин, ҳаммаси тугагач, у мени уйга қўйиб юборди. Ҳеч кимга айтмаслигимни тайинлади. Ҳаммасини видеога ва суратга олдим, жим юрмасанг бу суратларни ҳаммага кўрсатаман деди. У менга бошқа қизларнинг интим суратларини кўрсатди. Мен уларни танимайман, лекин ёши каттароқ қизлар эди”.
Мадина бўлган воқеа ҳақида ҳеч кимга айтмади, Миразиз билан алоқани узди. Қизнинг айтишича, Сарвар вақти-вақти билан унга телефон қилиб, ўша воқеа билан таҳдид қилган, унинг қанақалигини ҳаммага айтиб беришини, зўрлаш пайтида яширинча суратга олганини айтган. Янги йилдан кейин у яна қўнғироқ қилади ва унинг олдига келишини сўради. Мадина боришни хоҳламаса ҳам, лекин суратлари тарқалиб кетишидан қўрқиб, Сарванинг ёнига боради. Ўша воқеалар яна содир бўлади.
Шундан сўнг қизнинг соғлиғида муаммолар пайдо бўла бошлайди. Унинг уйқуси ёмонлашиб, иштаҳаси йўқолади, синфдошлари билан ҳам алоқани узади. Онаси шубҳаланиб қизини сўроққа тутади, лекин Мадина ҳаммасини яширади. Бу вақтга келиб қиз ҳомиладорлигидан шубҳаланарди, у ҳатто шубҳалари ҳақида Сарварга ҳам айтган, лекин йигит унинг устидан кулган холос.
4 апрель куни онаси уни шифохонага олиб боради. Чунки қизини касал бўлиб қолган ёки у билан бирор даҳшатли воқеа содир бўлган деб гумон қила бошлаганди. Ҳақиқатан ҳам қиз 18 ҳафталик ҳомиладор эканлиги маълум бўлди. Бундай хабардан кейин Мадина онасига бўлган воқеаларни айтиб берди. Эртаси куни қизнинг онаси Сарварни уйига чақириб, ультратовуш текшируви натижасини кўрсатади, лекин йигит, онанинг сўзларига кўра, кескин муносабат билдирган: ғазабланиб, дўқ-пўписа қилган.
“У шаҳардаги нуфузли университетларнинг бирида иккинчи курс талабаси, отаси ҳақида билмайман, лекин онаси пойтахтда таниқли аёл, телевидениеда ишлайди”, дейди Мадинанинг онаси бизга дафтаридаги ёзувларни кўрсатиб. Бу ерда тиббий ҳужжатларнинг нусхалари, милицияга мурожаат қилганимиздан кейинги ҳолатлар ҳақида ёзувлар бор”.
Қизнинг онаси дарҳол ИИВ ходимларига мурожаат қилиб ариза ёзган. Уч кундан кейин бокираликнинг бузилиши ва ҳомиладорликни тасдиқловчи текширувлар ўтказилган.
Сарварни бўлимга чақиришган. Жабрланувчиларнинг сўзларига кўра, йигит Мадина ўшанда бокира бўлмаганлиги, унинг ўзи у билан муносабатга киришишни хоҳлаганини айтган. Боланинг отаси эмаслигини таъкидлаган. Шундан сўнг тергов ишлари бошланган.
Бўлиб ўтган воқеалардан кейин Мадина янада тушкунликка тушиб қолган. Бир неча ҳафта ичида уч марта ўз жонига қасд қилмоқчи бўлади – уйдаги дори қутисидаги таблеткаларни ичади. Унинг боши айланиб, бурни қонаган, лекин омон қолган. Мадина бўлган воқеаларни узоқ вақт давомида ҳатто онасига ҳам айтишга журъат эта олмаган. Қўрққан. Ҳолатни қабул қилиши учун қизга бироз вақт керак бўлди. Бир неча ҳафта ўтгач, у ўз танасидаги ўзгаришларни ҳис қила бошлади. 18 апрель куни унинг қорни қаттиқ оғрий бошлади, қиз жасорат тўплаб, онасига ўз жонига қасд қилгани ҳақида айтади. Онаси яна қизини шифохонага, гинеколог ҳузурига олиб борди.
«Бола 21 ҳафталик эди, биз шифокор ёнига бордик. У сув кетаётганини айтди, ҳомилани сақлаб қолиш учун таблеткалар берди, лекин бола барибир нобуд бўлди. Улар кўмишимиз учун болани бизга бермоқчи бўлишди, лекин мен буни рад этдим, унинг отаси ким эканлигини аниқ исботлаш учун таҳлил ўтказишларини талаб қилдим. Прокуратурада болани олиб қолиб, бизга маълумотнома беришди. Кейинроқ маълумотномада сана ва болани олиб қолган масъул шахснинг исм-шарифи йўқлигини билдик», – дейди қизнинг онаси.
Маҳалла қўмитаси Мадина ва унинг онасини “ИСТИҚБОЛЛИ АВЛОД” ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказига юборди.
Юридик ёрдам USAID молиявий кўмагида “Жиззах вилоятида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини юридик хизматлардан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш” лойиҳаси доирасида кўрсатилмоқда.
Марказда она ва қизга кўрсатилган психологик ёрдам натижасида Мадина ўзига келиб олди ва унда эртанги кунга ишонч пайдо бўлди. Энди уларда адолатли қарор топиши учун курашишга кучлари етарли. Ҳақиқатан ҳам бу ишда кучли бўлиш зарур.
Мадинанинг онаси ва марказ ҳуқуқшунослари ҳозир Сарварни жавобгарликка тортишга ҳаракат қилмоқда. Мурожаат факти асосида Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисми (Балоғатга этмаган шахс билан жинсий алоқада бўлиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган, гарчи ҳуқуқшунослар ва жабрланувчининг онаси 118-модда (Зўрлаш) бўйича иш очишларини хоҳлашган бўлса ҳам, чунки Мадинанинг ўзи уни зўрлашганини даъво қилмоқда. 128-моддага асосан жиноят содир этганликда гумон қилинган шахс учун белгиланиши мумкин бўлган энг юқори жазо — 1 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, энг паст жазо эса ахлоқ тузатиш ишлари ҳисобланади.
Жабрланувчининг сўзларига кўра, ишни чўзишяпти, она терговга топширган ультратовуш текшируви натижалари тўғрисидаги ҳужжатлар ҳам йўқолган. Унинг дафтарида бу ҳақдаги ёзувлар, телефонида ҳужжатнинг фотосурати бор холос.
«Бу иш шундайлигича қолиб кетмаслиги керак, у қизимнинг ҳаётини барбод қилди, лекин ўзи ҳеч нарса боўмагандек юраверадими?» дея Мадинанинг онаси ғазабда. Марказ ходимларининг ёрдамига қарамай, унинг адолат қарор топишидан умиди камайиб бормоқда.
Марказ ҳуқуқшуносининг қайд этишича, жинсий зўравонликни исботлаш осон иш эмас. Бундай ҳолларда суд-тиббий ва биологик экспертизаси асосий далил ҳисобланади. Бизнинг ҳолатимизда, қиз қўрқувдан зўравонликнинг барча изларини йўқотиб юборган. Биз судларни нотўғри қарор қабул қилишда айблай олмаймиз. Суднинг ҳал қилув қарори терговчи томонидан тўпланган иш материаллари асосида қабул қилинади. Далилларни тўплашдаги хатоликлар айбдорга жазодан қутулиб қолишга ёрдам беради.