Флоренцияда яшовчи 35 ёшли америкалик Эшли Энн Олсен 2016 йил январь ойида шаҳар марказидаги ҳашаматли хонадонида ўлик ҳолда топилади. Маълумки, қотилликдан олдин Олсен Флоренциянинг тарихий Ольтрарно туманидаги ичимлик шаҳобчаларида кечгача дам олган. Бу ер тарихий жойларга бой ва сайёҳлар орасида машҳур.
Хусусан, Эшли Montecarla клубига боради. Бу тунги клубни маҳаллий аҳоли четлаб ўтади. Уларнинг сўзларига кўра, бу ерда гиёҳвандлик моддалари ҳам сотилади. Полиция Montecarla бар ходимини гувоҳ сифатида сўроқ қилади. Тергов маълумотларига кўра, жума куни кечқурун Эшли Montecarla клубида бир йигит билан танишиб, кейин эса уни уйига таклиф қилган.
Воқеа содир бўлган жой кўздан кечирилганда, уйга бузиб кириш излари топилмаган. Шунингдек, тўшакда ётган марҳуманинг жасадида ҳеч қандай кураш белгилари йўқ. Фақат жабрланувчининг бўйнида механик асфиксия излари бор эди. Дастлаб терговчилар қотил аёлни қўллари билан бўғиб ўлдирган деб тахмин қилишади. Аммо суд-тиббиёт экспертлари жиноятчи бўғиш воситасидан фойдаланган, деган хулосага келишади.
Эшлининг яқинлари аёл қаёқдаги барда танишган эркакни уйга таклиф қилиши мумкинлигига ишонишмайди. Олсеннинг 42 ёшли бойфренди бор эди.
«У дўстига ҳеч қачон ҳиёнат қилмасди», – дейди Эшлининг дўстларидан бири.
Лекин аёлнинг клубларга бориб алкоголь ичимликларни суиистеъмол қилиши ҳақиқат. Терговчилар қотилликни яқинда Италияга ноқонуний муҳожир сифатида кириб келган 27 ёшли Сенегал фуқароси Чек Тидиана Дио томонидан амалга оширилганини аниқлади. Эшли у билан барда учрашади, кейин у билан бирга квартирасига боради, у ерда улар ихтиёрий жинсий алоқада бўлишган. Шундан сўнг Дио қизни ўлдиради ва квартирани тарк этади.
Эшли Олсен иши «мигрантларга қарши» иш сифатида кўрилади. Европа Иттифоқи давлатларининг ҳуқуқ ҳимоячилари миграция сиёсатини ўзгартириш учун бундай ҳолатларни йиғишган. ОАВ қабул қилувчи давлатларнинг маданий қадриятларини тушунмайдиган қочқинлар хавфи ҳақида гапирарди.
Шу билан бирга, Эшли ўлдирилишида унинг ўзини айбдор қилганлар ҳам топилади. Ахир, қиз йигити бўла туриб, бошқаси билан ичкиликбозлик қилган ва ҳатто уйига таклиф қилган. Бу чиқишлар фонида Диога берилаётган 30 йиллик қамоқ жазоси ҳам эътирозларга сабаб бўлиб, жазони енгиллаштириш таклифлари билдирилди.
Виктимблейминг чегара билмайди. Қурбонни ҳар қандай ҳолатда айблашади.