Совуққон, бепарво, ўзини четга олувчи ота-оналар нафақат фарзандларининг болалигини, балки келажагини ҳам заҳарлайди. Боланинг ҳар томонлама баркамол ривожланиши учун унга меҳр, эмоционал яқинлик, қалбан илиқлик зарур. Аммо барча ота-оналар ҳам буни ўз фарзандларига бера олмайди. Бунинг сабаблари кўп: руҳий бузилишлардан тортиб оғир феъл-атворгача. Баъзи ота-оналарнинг ўзлари болаликдан носоғлом муҳитда катта бўлган.
Совуққон ота-оналарнинг турлари кўп: инкор этувчи, эмоционал томондан инкор этилганлар, нарцисстик тоифадаги, касбига муккасидан кетган ва ҳоказо. Уларнинг оиладаги ҳаракатлари оқибатида келажакда қуйидаги муаммолар юз бериши мумкин:
Муносабатлардаги қийинчиликлар. Бу муаммолар болаликдан бошланади. Агар ота-она болаликдан совуқ муносабатларда улғайган бўлса, у ҳолда фарзандларда ҳам шу такрорланиши мумкин.
Меҳр кўрсатолмаслик ва боғланиб қолиш қўрқуви. Совуққон ота-она қўлида тарбия топган ўсмирлар ва болалар бировга меҳрини кўрсатолмайди ва боғланиб қолишдан қўрқади. Натижада атрофдагилар билан масофа сақлашга ҳаракат қилади. Бундай инсонлар муносабатларда ўзларини хотиржам ва хавфсиз ҳис этолмайди.
Худбинлик. Меҳр кўрмаган болалар худбинлик ҳисобига ҳаётини яхшилашга ҳаракат қилади. Худбинлик орқали етишмаётган муносабатлар ўрнини тўлдиришга интилади. Улғайгач ҳам кўп нарсага эришишда кўпроқ ўзини ўйлайди.
Қарамликка бўлган мойиллик. Ички оғир ҳолатлар спиртли ичимликлар ёки гиёҳванд моддаларга бўлган мойилликни келтириб чиқариши мумкин. Инсон улардан таскин топишни истайди.
Ўзини назорат қила олмаслик муаммолари. Инсоннинг иродаси кучли бўлмаса, ўзига ишонмаса, атрофдагилар таъсирига тушиб қолади. Унинг атрофида соғлом жамият шаклланмайди. Қолаверса, ўзини ҳам бошқаролмай, ҳаракатлари учун жавоб беролмайди.
Умидсизлик, ишончсизлик ва ғамгинлик. Ҳиссий беқарор ота-оналарнинг фарзандлари қалбида тушкунлик билан яшайди. Худди бир нарсасини йўқотгандай, афсус надомат чекаверади. Ота-онаси бўла туриб, уларнинг борлигини ҳис қилмасдан яшашдан ёмони йўқ. Бунда инсон умид қилиш, ишонч ва хурсанд бўлиш қобилиятини йўқотади. Унинг ортидан тушкунлик, ҳатто суицид ҳаракатлари ҳам кузатилиши мумкин.
Манба: https://www.psychologies.ru/standpoint/holodnyie-roditeli-i-ih-vzroslyie-deti/