Депрессия кучимизни олади, фаол ҳаракатдан айиради, шунинг учун унга қарши курашишда қийналиб қоламиз. Аслида қандай йўл тутсак, тушкунликни енгишимиз мумкин?
Ёмон кайфият, қувончни ҳис қилмаслик, пессимистлик ва биргина ҳеч нарса қилмаслик, бажармаслик истаги. Тушкунлик бизни мана шундай аҳволга келтиради. Кучимизни олиш орқали, у тобора кучайиб бораверади. Лекин ҳар қандай вазиятдан ҳам ақл билан чиқиб кетса бўлади. Энг асосийси, нажот йўлини излаб топиш.
Ўз ҳолатингизни қабул қилинг
Депрессияга қарши курашишнинг илк қадами, бу асл ҳолатни тўғри қабул қилиш. АҚШлик психологлар гуруҳи мураккаб ҳаётий вазиятда қолган 50 нафар аёл орасида сўровнома ўтказди. Иштирокчиларда юқори даражадаги тушкунлик, стресс ва ўзини қабул қилиш ҳолатлари ўрганилди. Бир неча ой оралиқ билан ўтказилган тадқиқот натижалари психологларни ажаблантирди. Аёллар вазиятни қанчалик тўғри қабул қилганда, депрессия даражаси ортга чекинаверди. Депрессияга яқин ҳолатлардан бири, апатия ҳам инсонни фаол ҳаракатдан узоқлаштиради, муаммодан қочишга ундайди ва депрессияга қулай вазият ҳосил қилади. Ушбу ҳисга берилмасак, таслим бўлмасдан курашишда давом этсак, муаммоларни англай олсак, биз тушкунликка қарама-қарши томонга қадам ташлаган бўламиз.
Таҳлил қилинг, аммо…
Депрессия ҳолатида бир муаммо атрофида айланаверамиз, миямизда бир фикр турғун жойлашиб қолади. Ўзини қийнайдиган, ич этини ейдиган одамлар тоифаси депрессияга осон берилади. Демак тушкунлик вазиятида чуқур таҳлил қилиш акс таъсирга эга бўлади. Бу билан ўзимизни қийнайверамиз. «Бу ҳолатдан қачон чиқиб кетаман?» деган савол бизни қийнайверади, мақсадимиз унга жавоб топиш бўлиб қолади. Муаммога чуқур кириб кетганимиз сари, депрессияга тушиш осонлашаверади ва ундан чиқиш йўли торайиб боради. Депрессия вазиятида мутлақо таҳлил қилиш керак эмас, дейишдан йироқмиз. Шунчаки бир муаммо атрофида ўралашиб қолманг. Олимлар тушкунликдан чиқиш йўли сифатида инсоннинг барча муаммолардан дам олишини ҳам кўрсатишади. Тинчланиш, ҳордиқ муаммога бошқача кўз билан қарашга ундайди.
Қандай вазият юз бермасин, барибир таҳлил қилмасликнинг иложиси йўқ. Айниқса, депрессияда нима рўй бераётганини аниқ англаб етиш учун вазиятни тарозига солиб кўриш керак. Энг яхши йўл, бир нуқтада қотиб қолмай, муаммога турли томондан ечим излаб кўриш.
Ўзимизга берадиган саволлар
Ўзимизга берадиган саволларни икки тоифага бўлиш мумкин. Биринчиси, бизни қийнайдиган, муаммога диққат қаратадиган хаёллар. Яъни, «Менга нима бўляпти?», «Нима учун айнан мен?», «Шунга лойиқмидим?», «Нимага муаммодан чиқиб кетолмаяпман?», «Нима учун бошқаларнинг муаммоси йўқ?» каби саволлар шодаси. Бу саволларни тўғри деб бўлмайди. Улар тушкунликни янада чуқурлаштиради.
Мукаммал ечим учун савол ҳам мукаммал қўйилиши керак. Бунинг учун депрессиянинг илдизини излаш лозим. Барча ҳодисаларни таҳлил қилиб кўринг, ўша пайтдаги ҳиссиётларингиз, хотираларингизни эсга олинг.
Юқоридаги нотўғри саволлар ўрнига қуйидаги тўғри саволларни ўртага ташланг:
«Мен нимани нотўғри қиляпман?» деган савол эмас, балки «Ўзимни бунчалик ёмон ҳис этишимга сабаб нима?» деган саволни беринг. Бу савол вазиятга тўғри баҳо беришга, уни ҳар томонлама таҳлил қилишга, истиқболда эса ечим топишга ёрдам беради.
Ўзимизга раҳм қилиш ёки қийнаш билан иш битмайди. Депрессиядан чиқиб кетмоқчи бўлсангиз, курашинг, муаммо ечимини изланг, уни енгишга ҳаракат қилинг. Балки олдимизда мураккаб йўл турар, лекин у тушкунликдан чиқишимизга ёрдам беради.
https://www.psychologies.ru/articles/kak-borotsya-s-depressiey/ асосида тайёрланди.