Ўзбекистонлик Азиза Изамова февраль ойида санъат ва архитектура тарихи йўналиши бўйича докторантура қилиш учун Гарвард университетига қабул қилинди. Азиза ўқишга ҳужжат топшириш жараёни қандай кечгани, ўқишга топширишда нимага эътибор бергани, тадқиқот соҳасини қандай танлагани ва келажакдаги режалари ҳақида гапириб берди. «Ғарб академик доираларига Марказий Осиёси ҳақида кўпроқ билим олиб келиб, Ўзбекистондаги тадқиқот соҳасини бойитмоқчиман», — дейди у.
Февраль ойида ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик қиз, Азиза Изамова Гарвард университетида санъат ва архитектура тарихи йўналишида докторантура қилиш учун — Harvard University Department of History of Art and Architecture — тўлиқ грантини ютиб олгани ҳақида хабар берилган эди. AnotherDay Telegram канали муаллифи Жаҳонгир Азимов Азиза Изамова билан суҳбат қилиб, ўқишга ҳужжат топшириш жараёни қандай кечгани, нега айнан шу тадқиқот соҳасини танлагани ва келажакдаги режаларини ўрганди. «Газета.uz» интервьюнинг ўзбекча таржимасини тақдим этади.
Азиза Изамова Тошкентдаги халқаро Вестминстер университети қошидаги Академик лицейни битириб, Берлиндаги Бард коллежига ҳужжат топшираётганда ундан ўз ўтмишига назар ташлаб, нима учун ушбу олийгоҳни танлаганини тушунтиришни сўрашади. У ўйлаб, қўйилган ҳар бир қадам кишини ўзининг ҳаёти мазмунига яқинлаштиришини тушунади.
«Германияда ўқишимни ким билибди? — дейди Азиза, кейин эса қўшиб қўяди, — Ҳаммаси бир-бирига боғлиқ эди, ҳаттоки 60-сонли мактабда ўқиганим ҳам». Азиза ўша саволга жавоб берар экан, Фонд Форум қошидаги «Колибри» студиясида ўрганган рассомлик кўникмалари, у ерда яратган кичик кийимлар коллекцияси, Hope Art Studio студиясидаги машғулотлар ҳақида эслайди. Ҳаётининг ўн йили унинг мотивацион хатида (motivation letter — таҳр.) жонланди.
Университетга кириш учун тайёргарлик жараёнида у 18 та хорижий олийгоҳга ҳужжат топширади, лекин бирортасига ҳам ўқишга киролмайди. «Бу менга жуда ҳам қаттиқ зарба бўлди», — дейди Азиза. У ўқишга аниқ қира олиши учун лицейни битирганидан сўнг яна бир йил қўшимча равишда яхшилаб тайёрланган ҳам эди. «Синфдошларинг ёки лицейдаги гуруҳдошларинг университетда ўқиётганлигини кўриб, сенинг ҳам қаердадир бўлгинг, нимадир қилгинг келади», — дейди у.
Азизанинг айтишича, ўз ўрнини топиши, Берлиндаги Бард Коллежида санъатшуносликни ўрганиши учун 18 та рад жавобини олиши керак эди. У Бард Коллежига грант асосида ўқишга қабул қилинади.
Ретроспектива концепцияси Азизанинг профессионал танлови билан туташиб кетган. Бард коллежида у санъатни амалий иш эмас, балки фан сифатида ўрганади. Берлинга келишидан олдин санъат назарияси ва тарихи ҳақида унчалик яхши билимга эга бўлмаган бўлса-да, унинг бу йўналишни танлашини шошилинч қарор деб бўлмайди.
Азиза нега бу касбни танлаганини қизиқ бир воқеа билан тушунтириб беради.
2019 йилда профессор Ая Сойка (Aya Soika), ҳозирда Азизанинг бакалавр битирув иши бўйича раҳбари, фашизм ҳукмрон бўлган Германияда яшаган хамелеон рассом Эмиль Нольде ижоди ҳақида кўргазма ташкил этади. Иккинчи жаҳон уруши давомида у ўз асарларида нацизм ғояларини илгари сурган, кейинчалик унинг асарлари тақиқлаб қўйилган.
Уруш тугаганидан сўнг Нольде ўзини фашизм қурбони бўлганлигини таъкидлайди. Унинг қарама-қаршиликларга бой қарашлари яхши ўрганилмаган. Бундан ташқари, бир пайтлар Ангела Меркелнинг кабинетида у чизган расм осиғлиқ турган. Ая Сойка ушбу расмни кўргазмада намойиш қилиш учун бериб туришни сўраган.
Профессор Сойканинг тадқиқотлари Нольденинг радикал қарашларини тасдиқлади, кўргазма учун сўралган расмни эса «Қайтариб жўнатманг» деган илтимос билан юборишди.
«Санъат тарихига қанчалик чуқурлашсам, шунчалик кўп қизиқарли деталларни ўрганаман», — дейди Азиза ўзининг тадқиқот иши ҳақида.
У Совет давридаги Марказий Осиёнинг авангард санъатини ўрганади. «Бутун бир йил мен Игорь Савицкийни ўрганаяпман. Бу менинг бакалаврдаги битирув ишим». Азиза Совет Иттифоқидаги сиёсий муҳит Игорь Савицкийнинг Қорақалпоғистонга келишига қандай таъсир қилганини ҳамда ОАВда унинг имиджи қандай шаклланганини ўрганмоқда.
Маълум бир вақт Ўзбекистондан узоқда бўлиши Азизага Марказий Осиёнинг салоҳиятини тўлақонли тушунишига ёрдам берди. Ҳаёт ва суратларни ортга назар ташлаб аниқроқ тушуниш мумкин.
Азиза Марказий Осиё авангардини ўрганишни Гарвард университетида давом эттиради. 2021 йилнинг қишида у «Санъат ва архитектура тарихи» (History of Art and Architecture) мутахассислиги бўйича докторантура дастурига ўқишга қабул қилинди. «Умидим йўқ эди», — дейди Азиза. У Гарварддан ташқари Стэнфорд, Дьюк, Эмори, Кембридж ва Ратджерс олийгоҳларига ҳужжат топширган. Бу рўйхатдан уни Кембриджга ҳам ўқишга қабул қилишди.
Ҳужжат топшириш учун унга университетдан транскрипт (ўзлаштириш кўрсаткичлари/баҳолари), учта тавсиянома (профессорлар ёки иш берувчидан), ёзган ишларининг портфолиоси (таҳлилий ва ёзиш бўйича кўникмаларини намойиш қилиш учун илмий ишдан бир боб ёки академик эссе), мотивацион хат, стандарт тестлар ва талабанинг ноёб тажрибаси ёки унинг академик муваффақиятига таъсир кўрсатган омил ҳақида бир варақли эссе, яъни «diversity statement» керак бўлди.
Ҳужжатларни юборишдан аввал, 2020 йил сентябрь ойида Азиза ушбу университетлардаги профессорларга олдиндан ёзиб, уни қизиқтирган тадқиқот соҳасини тушунтиради. У қарор қабул қилишда университетнинг тадқиқот соҳасидаги имкониятлари, университетда уни қизиқтирган тадқиқот соҳаси бўйича профессорларнинг мавжудлигига эътибор қаратган.
«Менга имконият беришадими, профессорлар менинг тадқиқотимга раҳбарлик қилишга қизиқадими, буларни билиш менга қизиқ эди», — деб тушунтиради Азиза. Талабалар ва университетлар бир-бирларига мос келишлари керак.
Гарвард университети Азизанинг барча саволларига батафсил жавоб берди, лекин суҳбат ўтказилмади. Бу университетга Азиза 4 январь куни ўз ҳужжатларини юборади ва февраль ойининг бошида улардан жавоб олади. «Бу жуда ҳам тез ва кутилмаган воқеа бўлди», — дейди у. Азиза бу фақат ўзининг тажрибаси эканлигини ва бошқа талабалар ва йўналишларда ҳолат бошқача бўлиши мумкинлигини айтади.
«Келажакдаги диссертациям мавзусини олдиндан айта олмайман. У ҳар қандай кўринишга эга бўлиши мумкин. Чуқурлашмасдан, Гарвардда олган билимларим мени қаерга олиб келишини кўриш учун менда икки йил вақт бор. Умуман олганда, мен Марказий Осиё мавзусини мўлжаллаяпман», — дея ўз режалари билан бўлишади Азиза.
Гарвард ҳақида ўйлаганда, кишининг хаёлига ҳуқуқшунослар, бизнесменлар, сиёсатчилар, технологлар ҳақидаги стереотип бўлиб қолган фикрлар келади. Уларнинг орасида санъатшуносларни топиш қийиндек туюлади.
Азизанинг тадқиқот соҳасини оммалашган дейиш мушкул. «Дўстларим ва қариндошларимга нима билан шуғулланишимни тушунтирганимда, улар мендан „Шундай қилса бўладими?“ деб сўрашади». Бўлади. Санъатшунослар илмий ишлар ва музейлар ёрдамида ўтмишни ҳозирги кунда ифодалаш мақсадида тарихни ўрганади. «Санъат соҳасидан бўлган тарихий фактлар дунё ҳақидаги фаразларимизни шакллантиради», — дея қўшимча қилади Азиза.
Бу жиҳатдан Марказий Осиё ноёб минтақа. Азизанинг фикрига кўра, Ғарб академик доираларида Марказий Осиё ҳақида тарихий мураккаб, қизиқарли, кўп маданиятли ва янги минтақа деган тушунча шаклланмоқда. «Туркий ва араб халқларининг меросидан ташқари бу ерда совет ва форсий ўтмишнинг излари ҳам мавжуд, — дейди у. — Марказий Осиё санъати Ғарбий Европаникидек чуқур ўрганилмаган».
Азизада тадқиқот билан шуғулланиш учун керакли «қуроллар» мавжуд: инглиз, немис, рус ва ўзбек тиллари, Ўзбекистондаги илдизлари ва тарихга бўлган чуқур қизиқиши.
Азиза ўқиш учун тўлиқ грант ютган, лекин ўзини «особенный студент» дейишдан йироқ. «Чунки барча докторантура талабалари тўлиқ стипендия олишади», — дея аниқлик киритади у.
Ярим йилдан сўнг Азиза докторантурада ўқишни бошлайди, уч йилдан кейин эса Гарварддаги катта аудиторияда туриб талабаларга дарс беради. «Мен „кўприклар қурмоқчиман“. Бир томондан, ғарб академик доираларига Совет Марказий Осиёси ҳақида кўпроқ билим олиб келмоқчиман. Бошқа томондан, Ўзбекистондаги тадқиқот соҳасини бойитмоқчиман», — дейди у.
Манба: https://www.gazeta.uz/uz/2021/04/21/aziza-izamova/?utm_source=push&utm_medium=telegram