Баъзи мамлакатларда оилавий зўравонлик қурбонлари учун махсус белгилар ёки код сўзлари мавжуд. Шу тарзда, жабрланганлар бошқаларга ёрдамга муҳтож эканликларини билдиришлари мумкин.
Афсуски, Ўзбекистонда бундай код сўзлар мавжуд эмас, аммо бугун биз баъзи мамлакатлар тажрибаси ҳақида гапириб бермоқчимиз.
АҚШ
2019 йилда бутун мамлакат бўйлаб пицца туфайли оиладаги зўравонликдан халос бўлиш ҳақидаги ҳикоя шов-шувга сабаб бўлди.
Орегона штатида яшовчи аёл онасининг таниши уйларига келганда қутқарув хизматига қўнғироқ қилишдан ўзга чора топа олмаганди. Гап шундаки, ўша одам онасига қўл кўтарганини бир неча бор кўрган. Тажовузкор ҳаммасини эшитади, шунинг учун полицияни чақира олмасди. У 911 рақамини терди ва қайта-қайта ўз манзилини айтиб, пицца буюртма қила бошлади.
Диспетчер Тенейк (1): Орегона тўққиз бир бир.
Аёл (2): Мен […] манзилига пицца буюртма қилмоқчи эдим.
(1): Сиз пиццага буюртма бериш учун 911 га қўнғироқ қиляпсизми??
(2): Ҳа. Хонадон рақами […]
(1): Лекин сиз адашдингиз, бу рақамда пиццага буюртма қилинмайди…
(2): Йўқ, йўқ, йўқ. Сиз тушунмаяпсиз.
(1): Энди тушундим.
Диспетчернинг сўзларига кўра, дастлаб у қўнғироқ қилувчи аёл адашди, деб ўйлайди. Кейин у саволлар бера бошлади ва аёл тажовузкор тушунмайдиган даражада хавф ҳақида маълум қилди. Тенейк полиция патруль хизматига шошилинч қўнғироқ қилиб, манзилга яқинлашганда сирена ва чироқларни ўчириб етиб бориш кераклигини таъкидлади (видеони мазкур ҳаволада кўриш мумкин).
Фавқулодда хизмат Миллий уюшмаси диспетчерлик хизматлари директори 911 орқали пиццага буюртма бериш каби пароль доимо ҳам иш бермаслиги мумкинлигини айтади. У қўнғироқ қилиш ўрнига 911 хизматига хабар юборишни тавсия қилади. Аммо 911 га қисқа хабар юбориш функцияси ҳамма штатларда ҳам мавжуд эмас. Карвер қўнғироқ мазмуни тушунарсиз бўлса ҳам диспетчер гўшакни босмаслигига ишонтирди. Муҳими – диспетчерга ўз манзилингизни айтинг.
Буюк Британия
- Буюк Британияда оиладаги зўравонлик қурбонлари дорихоналардан ёрдам сўрашлари мумкин. Бунинг учун улар «Ани»ни чақиришларини сўрашлари керак. Ask for Ani – бу мурожаат қилган одам оиладаги зўравонликдан азият чекаётгани билдирувчи белгидир. ANI – бу қисқартма бўлиб, уни “дарҳол ҳаракат керак” (Action Needed Immediately) деб таржима қилиш мумкин.
- Бирор одам хавф остида бўлса, у 999 рақамиорқали оператор билан пичирлаб бўлса ҳам гаплаша олади. Қурбонлар саволларга жавоб берганда йўталиб қўйиши ёки телефон клавишаларини босиши мумкин. Агар бир нечта сўз айтиш имкони бўлса, манзилни айтиш керак (жойлашуви, мўлжал).
Мобил рақамидан 999 га қўнғироқ
Қўнғироқ қилувчи гапирмаса ва саволларга жавоб бермаса, сўров чиққанда 55 ни босиб, қўнғироқни полицияга йўналтиришларини кутиш керак.
55 ни босиш функцияси фақат мобил телефонларда ишлайди ва афсуски, полицияга қўнғироқ қилувчининг манзилини билиш имконини бермайди. 55 ни босмасангиз қўнғироқ тугатилади.
999 га стационар телефондан қўнғироқ
Қўнғироқ қилувчи гапирмаса ва саволларга жавоб бермаса, оператор қўнғироқни полицияга йўналтиради.
999 га уй телефонидан қўнғироқ қилганингизда полиция абонентнинг жойлашувини автоматик равишда билади.
Уй зўравонлиги қурбонлари карантин пайтида ўзларини қандай ҳимоя қилди
Карантин чекловлари пайтида оиладаги зўравонлик ҳолатлари кўпайиб кетганда кодли ибора ғоясини турли мамлакатлардаги манфаатдор ташкилотлар ўзлаштирди.
Масалан, Россияда июньдан Mixit ва “Зўравонликка.Йўқ” марказининг долзарб алоқа рақами уй зўравонлиги ҳақида қўнғироқларни қабул қиляпти. Исталган аёл ёки қиз компанияга қўнғироқ қилиб, гўёки косметика воситасини сотиб олиш баҳонасида “менинг буюртмамга сиёҳранг тасмани солиб қўйинг” каби кодли иборани айтиши мумкин. Сиёҳранг тасма – бутун дунёда уй зўравонлиги белгисидир. Шундай қилиб Mixit оператори мазкур қўнғироқ бўйича барча маълумотни “Зўравонликка.Йўқ” марказига тезкор узатиш кераклигини тушунади.
Польшада Кристина Пашко исмли талаба қиз мавжуд бўлмаган косметика интернет-дўконини очдики, уй зўравонлигидан азият чекканлар тажовузкорнинг диққатини тортмаган ҳолда ёрдам сўрашлари мумкин. Қурбонлар дўконнинг Facebook тармоғидаги саҳифаси ёки электрон почтага “тана учун табиий косметика” бўйича савол юбориши мумкин. Дўкон оператори “ҳаридор”нинг саломатлиги хусусида ва буюртмани уйга олиб келишлари керакми деган савол беради. Мижоз манзилни кўрсатса, оператор дарҳол полицияни чақиради.
Қўшни Қозоғистонда полиция зўравонлик қурбонларига 102 қуйидаги оғзаки сўров билан мурожаат билан мурожаат қилишни тавсия қилди: “Ниқоб ва антисептиклар келдими”, сўнг уй манзилини айтиш керак.
#SignalForHelp
Канада аёллар хайрия ташкилоти Canadian Women жабрланганларга билдирмасдан ёрдам сўраш усулини ўйлаб топдилар.
Ташкилот оилавий зўравонлик қурбонлари учун ўқув видеосини ёзиб олди. Бу одамнинг ёрдамга муҳтожлигини кўрсатадиган имо-ишорани кўрсатади. Бир дақиқали видеода иккита аёл видео орқали қўнғироқлашяпти.
Сариқ сочли аёл (орқасида эркак кўриняпти) дугонасидан бананли пирог рецептини сўраяпти, бунда кўз ёшларини яширишга ҳаракат қиляпти. Кейин сочларини тўғирлаётиб, эрига билдирмасдан дугонасига белги юборяпти. Бошқа аёлнинг юзи дарҳол ўзгариб, дугонаси уй зўравонлиги қурбони бўлганини англаяпти. Бунда видеоқўнғироқ орқали суҳбатдошингизга кафтингизни кўрсатинг, сўнг катта бармоқни букиб, кафтингизни ёпиб, мушт ҳосил қилинг. Видеони кўрганлар бу белги ҳақиқатдан ҳам тажовузкорга билдирмасдан зўравонликка учраганингни билдириш учун яхши ишора эканлигини айтишди. Видеони мазкур ҳаволада кўриш мумкин.
Ўзбекистонда ҳалигача оиладаги зўравонлик қурбонига айланганингни ва ёрдамга муҳтожлигингни кўрсатувчи кодли иборалар ёки имо-ишоралар мавжуд эмас, аммо ҳар биримиз «Ёрдам учун сигнал» ишорасини осонгина эслаб қолиб, яқинларимиз билан бўлишишимиз мумкин. Ким билади, балки эртага, ушбу ишорани билганингиз туфайли бировнинг ҳаётини сақлаб қоларсиз.