Токсик муносабатлар асири бўлган инсоннинг ўзи вақт ўтиб токсик одамга айланиб бориши мумкин. У зуғум ўтказаётган яқинига ўхшаб қолади. Қалбида ўч олиш, ҳимояланиш ҳисси устунлик қилиб, қўпол одам бўлганини сезмайди. Бу асир оғзидан чиқаётган сўзларини, бажараётган ҳаракатларини назорат қилолмайди.
Назорат қилиш учун эса аввало ёмон инсонга айланиб бораётганини англаш керак.
Токсик муносабатлар асири буни қанчалик яхши англаса, уни хафа қилаётган одамга берадиган жавоблари ҳам ўзгара бошлайди. Мисол учун, илгари “Сен аҳмоқсан” деган мурожаатга “Ўзинг аҳмоқсан”, деб жавоб берган бўлса, энди “Шундай тарбия олганингдан афсусдаман” дея ундан узоқлашади. Зуғум ўтказаётган инсонга қарши бирор нарсани исботлашга уринмайди. Энг муҳими, ўзини яхшироқ англаш орқали, асирликдан чиқади. Энди у эркин, мустақил инсон, хавотирли фикрлардан қийналмайди ва мен ёмон инсонга айланиб боришдан тўхтадим, деган хулосага келади. Ўз ҳаракатларини бошқаради, ўзга инсонлар билан ўзаро муносабатлари тикланади.
Асир ўзини хафа қилувчи инсон деб ҳисоблайди
Ўзини йўқотиб қўйган асир ёмон одамман деб ўйлайди. Бунинг сабаблари оддий: ҳақиқий золим одам ўзини касалга солиб, роль ўйнайди. Агар бу одамнинг миясидаги фикрлар билан танишадиган бўлсак, золим чиндан ҳам дард чекади. Фақат асирининг айблари учун. У ҳаётдан хафа ва ҳеч нарсадан қониқмайди. Золим учун асирининг ҳиссиётлари муҳим эмас ва унга нисбатан жонсиз нарсадай қарайди. Агар унга “бунча зуғум ўтказасан, ахир аёлингни ҳам ҳиссиётлари бор” деб айтадиган бўлсангиз, у хайрон бўлиб “шу аҳмоқнинг ҳам ҳислари борми” деб жавоб беради. Афсуски бу эркак нафақат хотинини, балки атрофдаги барчани менсимайди.
Асир эса золим эрининг ҳиссиётларидан хавотир олади. Турмуш ўртоғини асабийлаштиргани учун ўзини койийди. Мана шу дамда аёл ўзини айблаш орқали, заҳарли одам бўлсам керак, деган тўхтамга келади. Зуғум ўтказувчи инсон эса ҳеч қачон ўзининг тажовузкор эканлигини тан олмайди.
Сиз золим эмассиз, агар…
Жуфтингиз ҳиссиётларига бефар бўлмасангиз. Унинг таъналарига жавобан бақирсангизу, кейин айбдорга ўхшаб уялиб мунғайиб ўтирсангиз. Золимдан кечирим сўрасангиз. Ўзингизни уришсангиз.
Билингки, сиз золим эмассиз.
Турмуш ўртоғингиз фикрини тинглаб, у билан тил топишишга ҳаракат қилсангиз. Ўзингизни қурбон қилиб бўлса ҳам, жуфтингизга шароит яратиб берсангиз. Унинг қизиқишларини биринчи ўринга қўйсангиз. Бу ҳолда ҳам зулм ўтказувчи эмассиз… Лекин барибир асир бўлиб қолгансиз.
Баъзида ўзингизни назорат қилолмай, унинг устингиздан кулишларига ниҳоят портлаб кетсангиз. Унинг ҳужумларига қарши, ўзингизни ҳимояласангиз. Сиз ёмон одам эмассиз. Ўз ҳуқуқингизни ҳимоя қилишга ҳақлисиз. Унга рад жавобини беришингиз табиий. Қолаверса, барча хоҳишларини муҳайё қилишга мажбур эмассиз. Агар келишувни бузса, бунинг учун танбеҳ беришингиз мумкин. Дилингиз оғриса, унинг сўзларидан азият чексангиз, ҳиссиётларингизни билдиришга ҳаққингиз бор.
Фарзандларингизни турмуш ўртоғингизнинг ортиқча зулмидан ҳимоялашингиз мумкин. Рўзғордаги шахсий буюмларингизга тажовуз қилса, уни тўхтатиб қолишга ҳақлисиз. Қолаверса, сизга ёққан нарсаларни унга бермаслигингиз ҳам табиий ҳолат. Бу билан ёмон инсонга айланиб қолмайсиз. Ўз қулайлигингиз ва шароитингиз ҳақида қайғуришингиз мумкин. Зўравонлик ўтказаётган пайтда, уни тўхтатиб масофа сақлашга ўтиш билан, муаммони ҳал қилишингиз тўғри қарор.
Зулм, зуғум ўтказиш, золимлик қилиш – бу инсон ичидаги заҳар, бу заҳарни у атрофдагиларга сочиш орқали, уларнинг ҳаётини заҳарлайди. Агар инсон ушбу заҳарга тўлиб кетган бўлса, у фақат заҳардан бошқасини чиқармайди. Бу заҳарни болга айлантириш эса мураккаб жараён. Ҳақиқий золим ўзини ҳеч қачон айбдор, гуноҳкор деб билмайди. Аммо ўзгаларни золимликда айблайди. Бундай инсонга мутахассис ёрдами керак.