Баъзида ШАХСИЙ МУНОСАБАТЛАРГА ЧЕТДАН НАЗАР ТАШЛАШ ҳалақит қилмайди — чунки инсон эмоционал зўравонликка учраётганини сезмаслиги ҳам мумкин. Бошқа томондан муносабатларнинг совиши ҳар доим ҳам жуфтликларда муаммо борлигидан далолат беравермайди, биз илгари яқинлик ҳисси шаклланган сари жинсий муносабатлар сони камайиши мумкинлиги ҳақида ёзган эдик. Бугунги рўйхатимизда орангиздаги муносабатга баҳо бериш имконини берувчи мезонлар бор. Уларга қараб сиз соғлом муносабатда эканингизни ёки ниманидир ўзгартириш фурсати етганини тушуниб оласиз.
- Бир-бирингизга ишонасиз
Гап нафақат орангизда сир йўқлигида, балки қарорларни қабул қилишда ўзаро ишончнинг борлиги ҳақидадир. Агар жуфтликнинг ҳар иккиси ўзи ва оиласининг манфаатларини биринчи ўринга қўйса, уларнинг ҳар бири қандай қарор қабул қилмасин, бу барча учун фойдали бўлади. Мабодо турмуш ўртоғи билан кўнгилдагидай муносабатда бўлган инсонга чет элдан иш таклиф қилишса, у буни жуфти билан муҳокама қилмай туриб, керакли жавобни бермайди. Агар якдил қарорга кела олмасангиз ёки аксинча, майда-чуйда нарсаларни назорат қилмоқчи бўлаверсангиз, ишончга путур етган.
Оддий ишонч ҳам муҳим, яъни уйнинг калитини ишониб топшириш ёки шахсий компютердан фойдаланиш. Фейсбукда умумий аккаунт очиш ёки телефон паролларини ўзаро алмашиш шарт эмас, чунки ҳар кимда махфийлик бўлиши керак. Аммо ишонч билдирган ҳолда жуфтингизга сумкангиздан ёки катмонингиздан бирор нарсани олиб беришни илтимос қилишингиз мумкин. Телефонингизга келган хабарни ўқиб қолмасин, деб уни яширишнинг кераги ё‘қ.
- Қизиқишларнинг мос келмаслиги – муаммо эмас
Яхши жуфтлик бўлиш учун, туну кун бирга бўлиш, бир-бирингизга ёпишиб юриш шарт эмас. Умумий қизиқишлар бўлса, жуда яхши, аммо бу муносабатларда энг муҳими ҳисобланмайди. Кўпроқ бирга вақт ўтказиш учун сиз жуфтингизни ўз қизиқишларингизга қизиқтиришингиз керак ёки аксинча, унинг ёқтирган машғулотларига шўнғиш лозим.
Шунга қарамай, сизга бошқа мусиқа, бошқа сериаллар ёқиши мумкин ёки саёҳатларда сиз денгиз бўйида дам олишни яхши кўрган бир пайтда, шеригингиз музей, дўконлар бўйлаб юришни ёқтириши табиий. Аслида зарур масалаларда фикрларнинг тўғри келиши муҳимроқ.
- Ундан алоҳида ўтказган вақтингиз кўнгилдагидай ўтади
Бу бўлим аввалгисини тўлдиради: турли қизиқишлар мулоқот доирасининг турфалигини билдириши мумкин. Агар танлаган инсонингиз йўқлигида мириқиб вақт ўтказсангиз, бу ҳолатни ўйлаб кўриш керак. Мабодо жуфтликлардан бири баъзида дўстлари билан вақт ўтказса, саёҳатларга кетиб турса ёки хизмат сафарларига борса, соғлом муносабатдаги инсонлар бир-бирини рашк ёки шубҳа қилмайди. Бир-бирини соғиниш ёки кўришни хоҳлаш бошқа гап, аммо гумонлар билан ҳиёнат ҳақида ёмон хаёлларга бориш бошқа.
Ишонч ва ўз вақтида мулоқот қилиш — соғлом муносабатларнинг асосий омиллари. Телефони ўчикми, балки батареяси қолмагандир, смс хабарларга жавоб бермаётганлиги эса ким биландир жиддий суҳбатлашаётганидан дарак беради. Бежиз хавотирланмаслик учун, ушланиб қолиш ёки режаларнинг ўзгариши ҳақида бир-бирини огоҳлантириш керак, бу индамасликдан яхшироқ.
- Муҳим масалаларда якдилсиз
Муносабатларнинг бошида кўпчилик оилавий бюджет, фарзандлар, диний ёки ахлоқий қадриятлар ҳақида муҳокама қилишга уялади. Аслида уларни бошиданоқ гаплашиб олган маʼқул. Агар жуфтликдан бири фарзандли бўлишни истаса-ю, бу истак унинг шеригида ҳам бор, деб ўйласа ва ушбу масала ҳеч қачон бирга муҳокама қилинмаган бўлса, иш муаммогача етиб бориши мумкин. Чунки жуфтликлардан бири ҳозирча фарзанд кўрмай туришни афзал билиши ҳеч гап эмас.
Шунинг учун энг долзарб масалаларни муносабатларнинг бошида муҳокама қилиб олиш зарур. Уларга бериладиган жавобларга қараб қандай муносабатни кутиш мумкин, уларга киришишнинг кераги борми ўзи, деган саволлар очиқланади. Балки бу бироз беадабликдай кўринар, лекин никоҳда энг муҳим масалаларга нисбатан турлича қарашлар бўлса, демак, кимнингдир бахтсиз яшаши эхтимоли катта.
- Зиддиятлар муҳокама ёрдамида ҳал бўлади
Яна бир бора таъкидлаймиз, соғлом муносабатлар учун мулоқот қилиш, алоқада бўлиш жуда муҳим. Зеро, ҳамма нарса ҳар доим ҳам силлиқ кетмайди; турли зиддиятлар жиддий сабаблар ва майда-чуйда гап-сўзлар туфайли келиб чиқиши мумкин. Кўнгилдагидай муносабатлар замирида муаммо бўлмаслиги керак, деган ҳақиқат мавжуд эмас, муҳими, бу муаммолар муҳокама қилиниши лозим ва чиқариладиган хулосалар бундай вазиятларнинг такрорланишига тўсқинлик қилади.
Агар ҳамма одамлар муносабатларнинг аҳамиятини англаб борса ва уларни ривожлантиришни истаса, ҳар қандай зиддиятлар фақат муҳокама мавзуси, фойдали сабоқлар сингари қабул қилинади. Хафаликларни йиғиб боришнинг кераги йўқ, гина сақлаб нима қиласиз, ранжидингизми, шу заҳотиёқ айтинг, вазиятни ўнглашга ҳаракат қилинг.
- Жинсий алоқа фақат розилик асосида рўй бериши керак
Соғлом муносабатлар аввало зўравонлик устига қурилмайди, унда на жисмоний, на ҳиссий, на жинсий зўравонликка ўрин бор. Муносабатлар ҳақоратга тўлалигини тан олиш осон эмас, айниқса, ёшликдан ўргатиладиган «никоҳдаги бурч» ва эркак кишига рад жавобини бериб бўлмайди, деган тушунчалар муносабатларни янада қийинлаштиради. Унинг устига жинсий алоқа хоҳишга қарши устма-уст содир бўлаверса, зўравонликка учрамаяпманмикан, деб жиддий ўйлашга сабаб бор, агар шундай бўлса, ёрдамга муҳтожсиз.
Одатда зўравонликдан ҳар доим ҳам аёл жабр кўравермайди, лекин аксарият ҳолатларда асосий қурбон барибир аёл. Намунали жинсий соғлом муносабатларда ҳар икки томон нозик алоқаларни бирдек истамаслиги мумкин, ҳар дам рад жавобини эшитишга тайёр туриш керак. Агар жуфтингиз жинсий муносабатларда қизиқиши сўниб қолса, вазиятни тинчлик билан ҳал қилинг, бундай вазиятда унга босим ўтказиш зўравонликнинг яна бир кўриниши бўлади.
- Бирга табассум қиласиз
Соғлом муносабатларда ҳиссиётлар яширин бўлмайди, сиз бирга хурсанд бўласиз, мулоқот хурсандчилик олиб келади, жуфтингиз томонидан билдирилган ташаббус эса иштиёқ бағишлайди. Бир-бирингизни кўриш бахт, суҳбат эса ёқимли дамларни ҳадя этади, бу яхши белги. Асабийлашиш ёки чарчоқ, ёлғиз қолиш истаги ҳам меʼёрий ҳолатлар, улар муносабатлар ёки дўстликка жиддий зарар етказмайди.
Ишдан кейин жуфтингиз олдига боргингиз келмаса, уйга яқинлашган сайин хавотирингиз кучаяверса, демак, муаммо бор. Адашиб қолишдан қўрқиб яшасангиз, сизга нисбатан ҳақоратли муносабатлар бўлаверса, сиз эмотсионал зўравонлик қурбонисиз.
- Бахт учун ҳар икки томон масъул
Оиладаги муҳаббат ва фаровонлик учун фақат аёл киши жавобгар деган нотўғри қараш кўплаб инсонлар ҳаётини издан чиқарган. Бундай қоидалар оқибатида эркак муносабатлар устида ишламайди, аёл эса вазифасини уддалай олмагани учун ўзини айбдор ҳис қилади. Ёки аксинча.
Соғлом муносабатларда ҳар бир инсон жуфтининг ёлғиз ўзи бахт манбаи, бахтиёрлик ва фаровонлик кафолати бўла олмаслигини яхши тушунади. Жуфтликлар бир-бирига қўллаб-қувватлов ва кўмак учун керак, аммо шахсий бахт учун ҳар ким ўзи жавоб бериши зарур, албатта барчанинг манфаатлари кўзланган ҳолда.
- Бир-бирингизни ўзгартиришга ҳаракат қилманг
Агар инсон қайсидир одатидан воз кечмоқчи бўлса ёки унга ёрдам зарур бўлса, унинг ўзи хабар беради. Жуфтингизни ўзгартираман деб ўйламанг, акс ҳолда яхши натижанинг ўрнига салбий муносабатларга эга бўласиз.
Биз яна такрорлашдан чарчамаймиз, ҳурмат қилинг, ишонинг ва мулоқотда бўлинг: жуфтингиз «иккинчи ярмингиз эмас», у мустақил инсон ва шахсий қарашлари, истак ва одатлари бор. Фикрлар хилма-хиллиги ва ўз нуқтаи назарида қолиш ҳам бор гап, булар ҳам соғлом муносабатларга хос.
Манба: https://www.wonderzine.com/wonderzine/life/life/228366-relationship-checklist?from=readmore