Афсуски, жамиятимизда бошқа инсонлар – айниқса аёлларнинг яшаш тарзи жуда қизиқ. Ҳар бирингиз ўз ҳаётингизда шундай фаросатсиз саволларга учраганингиз аниқ.
Менталитетимиз бошқа мамлакатлар менталитетидан тубдан фарқланади. У ерларда аёл битта қараши билан ўта қизиқувчан инсонни жойга қўйиши мумкин билса, бизда аёллар ўзларига ноқулай бўлган саволга қатъий жавоб беришдан уялади.
Келинг, аёлларга қандай савол бериш мумкин эмас ва модомикки бировнинг фаросатсизлигига учрасангиз қандай жавоб бериш кераклигини аниқлаб оламиз.
1. «Йигитинг борми? Унаштирилганмисан? Қачондан бери учрашиб юрибсизлар?»
Эрга тегмаган қизларга энг кўп бериладиган савол. Бир тарафдан сиз бундай саволларга, айниқса улар бегона ёки нотаниш одамлардан берилса, жавоб беришга мажбур эмассиз, лекин сиз ўзингизнинг шахсий ҳаётингиз ҳақидаги барча ҳақиқатни ошкор қилишга тайёр эмаслигингиз ҳақида қистириб ўтишингиз мумкин. Агар одам биринчи марта тушунмаган бўлса, иккинчи бундай саволлар билан безовта қилмасликларини сўранг.
2. «Йигитинг сенга уйланмоқчими?»
Учратганмисиз? Бундай саволни эркак кишидан эшитсангиз, ўзига ҳам шундай савол бериб қутулса бўлади – «Ўзингиз уйланмоқчимисиз?». Ёки шахсий ҳаётни муҳокама қилмоқчи эмаслигингизни айтишингиз мумкин.
3. «Эрга тегдингми? Йўқми? Қачон энди?»
Ҳеч кимга сир эмаски, қизлар маълум ёшга етиши билан, у автоматик равишда потенциал келинга айланади. Ота-онаси, қариндошлар ва ҳатто қўшнилар унга куёв излай бошлайди, қиз ҳақида танишларига айтиб «реклама» қилишади.
Баъзида атрофдагиларни унинг ҳаёт режалари ҳам қизиқтирмайди – у ўқиш ёки ишлашни хоҳлар – лекин улар учун бу муҳим эмас, муҳими, турмуш қуриш ва фарзанд кўриш, чунки бу ҳақиқий аёлнинг вазифаси ва тақдири.
Агар қиз ўқиш ва ишлаш ҳуқуқини ҳимоя қила олган бўлса ҳам, атрофдагилар барибир уни тинч қўйишмайди: «Қачон эрга тегасан?», «Вақтинг ўтиб кетяпти, чўзма, кейин қари қизни ким ҳам олади?
Қандай жавоб бериш керак: албатта бу ҳолда «Менга бундай саволлар беришлари ёқмайди» ёки «Шахсий ҳаёт унга аралашиш мумкин эмаслиги учун ҳам шахсий дейилади!” каби жавоблар билан чегараланишингиз мумкин. Бундан ташқари, «Мен эркинликни ихтиёрий қулликка алмаштиришга тайёр эмасман» каби жавоблар билан ҳазиллашингиз мумкин.
4. «Қачон кўпайишасизлар? Вақтинг ўтиб боряпти!» ёки «Қачон бизни набирали/эварали қиласизлар?»
Тасаввур қилинг: ўша кун келди – қиз турмушга чиқди! Ҳамма хурсанд, тўйдаги меҳмонлар «ували-жували» бўлиш тилаги билан қадаҳ кўтаради, бобо-бувилар ёшларга тезроқ уларни неварали қилиш шарт эканликлари ҳақида эслатади. Яна кимдир оила фарзандлар билан тўкислигини эслатади.
Қандай жавоб бериш керак: болали бўлмоқчи бўлсангиз буни кимдир хурсанд бўлиши учун эмас айнан ўзингиз жавобгарлигини ҳис қилган ҳолда фарзанд кўришингизни айтинг.
5. “Ўзинг туғдингми”. Ҳар бир аёл шундай саволга дуч келгани аниқ. Бундан ташқари, жамиятимизда ўзи туғмаган аёлни қадрсизлантириб, ҳақиқий аёл ва она эмас деб талқин қилишади. Нима деб жавоб бериш керак: бундай фаросатсизларча берилган саволга “Мени ўрнимга қўшним туғди” ёки “Ўзимда эмасдим, эсимда йўқ” деб жавоб берса бўлади.
6. “Эмизасанми”. Ёш оналарнинг асабига тегадиган яна бир бемаъни савол. Ҳар бир одам сен ҳақиқий она ва эмизишдан яхшиси йўқлигини билишингга ишонч ҳосил қилиш шарт, гўё. Ўзи эмизмаса, аёллик мажбуриятини бажармаган, деб ҳисоблашади одамларимиз. Нима деб жавоб бериш керак: ғамхўрликлари учун миннатдорлик билдириб, она сифатида болангизга нима кераклигини ўзингиз билишингизни айтинг.
7. “Иккинчисини қачон туғасан?”. Ғашингга тегувчи саволлар хит-парадининг яна бир “қаҳрамони”. Энди биринчингни катта қилишга улгурмайсан, одамлар иккинчиси, учинчиси ва ҳоказосини қачон туғишингга қизиқади. Нима деб жавоб бериш керак: сабр, сабр ва яна сабр. Бундай эътиборни ўз ҳаётларига қаратишларини тилаган ҳолда сабрли бўлинг. Чунки бундай савол энг сабрли одамни ҳам асабини бузиши тайин.
«Вақтинг ўтяпти!!» – фаросатсиз саволлар ва уларга қандай жавоб бериш кераклиги ҳақида
Афсуски, жамиятимизда бошқа инсонлар – айниқса аёлларнинг яшаш тарзи жуда қизиқ. Ҳар бирингиз ўз ҳаётингизда шундай фаросатсиз саволларга учраганингиз аниқ....
10