Ўзбекистонда оиладаги зўравонлик криминаллаштирилиши керак!

Аёллар ва болаларни ҳимоя қилиш тизими тўғрисидаги қонун лойиҳасининг жорий версиясини қайта кўриб чиқиш лозим.

11 январь куни Адлия вазирлиги аёллар ва болалар ҳимоясини кучайтириш бўйича қонун лойиҳасини эълон қилди. Ушбу лойиҳани тайёрлашда Сенат қошидаги ишчи гуруҳ иштирок этди. Гуруҳ Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, ЮНИCЕФ, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фаоллар, шунингдек НеМолчи.уз лойиҳаси вакилларидан иборат эди.

Ишчи гуруҳ қонунчиликда муҳим ўзгаришлар, жумладан, оиладаги зўравонликни жиноий жавобгарликка тортиш ва уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 126-1-моддасига ажратишни таклифини илгари сурган.

Аммо лойиҳанинг якуний версияси қисқартирилди. Унда оиладаги зўравонлик учун жазо ҳам, модда ҳам йўқ — фақат тушунчаси келтирилган. Шунингдек вояга етмаганларни жинсий алоқага ундаганлик, зўрлаганлик, уятсиз ҳатти-ҳаракатлар учун муҳим қўшимчалар ҳам олиб ташланган. Унинг муҳокамаси 26 январда тугайди.

Агар қонун лойиҳаси қабул қилинса, Ўзбекистонда узоқ вақт давомида аёлларини калтаклаган эрлар ҳимоя ордерлари ва кичик жарималар билан қутилиб қолишда давом этади.

Қонун лойиҳасини қайта кўриб чиқиш, ишчи гуруҳнинг тавсияларини тўлиқ қабул қилиш ва оилавий зўравонликни ҳақиқий жазо чоралари билан жиноий жавобгарликка тортиш керак!

Ўзбекистон 1995 йилда хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларини бартараф этиш тўғрисидаги Конвенцияни ратификация қилган ва Хотин-қизларга нисбатан зўравонликни бартараф этиш қўмитасига ушбу соҳадаги ишлар тўғрисида ҳисобот тақдим этган.

6-ҳисоботга якуний тавсияларда қўмита «оиладаги зўравонлик учун аниқ жиноий жавобгарликни таъминлаш, жиноий жавобгарликка тортиш чораларини кўриш»ни тавсия қилган.

БМТнинг хотин-қизларга нисбатан зўравонлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича тавсияларида ҳам ҳимоя ордерларининг бузилиши жиноий жавобгарликка тортилиши кераклиги кўрсатилган.

Бироқ, Ўзбекистонда оиладаги калтаклаш, иқтисодий ва психологик зўравонлик ҳолатларида жабрланувчини фақат расмий ҳимоя қиладиган ҳимоя ордерлари берилади. Уларнинг бузилиши ва тан жароҳати етказиш ҳолатида жиноий ва маъмурий ишлар деярли бошланмайди.

Оиладаги зўравонлик учун жазо тайинланиш чақирувимизда ёрдам беришингиз мумкин.

  • ушбу хабарни иложи борича кўпроқ одамлар кўриши учун уни ижтимоий тармоқларда бо’лишинг
  • ёки regulation.gov.uz қонун лойиҳалари порталида «оиладаги зўравонлик» 126-1-моддаси таркибини киритиш таклифи билан изоҳ қолдиринг.

Nemolchi.uz, Sukut Saqlama, Sarpa, Ayt Community, Sening Mening Haqqimiz, Qizlar, Hook