Ҳар бир вергулга тегишадиган бошлиқ, ғийбатчи, мақтовсуяр ҳамкасблар, ноаҳил жамоа… Бундай муҳитда ишлаш жуда қийин. Мана шу шароитда хотиржамлик ва иш унумдорлигини сақлаб қолиш учун нима қилиш керак?
Жамоадаги негатив инсонлар худди сувга тушган заҳарга ўхшайди. Улар атрофдаги ҳаммани бир четдан заҳарлайди ва жамоадаги муҳитни бузади. Дунёвий таҳлилларга кўра, компания жамоада фитна қўзғатувчи ходимни ишга олмаса, анча-мунча сармоясини тежаб қолади. Афсуски ёмон ишчини олдиндан билиш жуда қийин. Қолаверса, уни суҳбатдан ўтказаётганда, психологик томонлари текширилмайди. Қуйида биз сизларга жамоага “заҳар” тарқатувчи ходимларни аниқлаш йўлларини ўргатамиз.
1. Бошқармаса, яшолмайди
У ҳаммани текшириб юради, биронта одамни назаридан четда қолдирмайди. Ўзини ҳаммадан ақлли ҳисоблайди, фикрини сингдиришни яхши кўради. Бундай одам ҳеч кимни тингламайди ва ҳурмат қилмайди ҳам.
Салбий оқибати
Бу одам компанияни бошқарса, вазият мураккаблашаверади. Ўз ходимларига ишонмайдиган одам, уларни руҳлантирармиди?! Бундай бошлиқлар ходимларининг салоҳиятига шубҳа қилади. Албатта бу бошлиқнинг қўлида кўп ишлай олмайсиз, сабаби уни ўзгартиришнинг деярли иложи йўқ. Ёки лавозимдан кетишини кутасиз, ёки тепароқдан дакки беришларини.
Бошлиқ бўлсангиз
Мабодо ходимингизда бошқариш қобилияти жўш уриб турса, бу хусусиятини фойдали томонга буринг. Бирга ишланг, ташаббус ва ғояларидан унумли фойдаланинг, бошқа ходимлар билан ҳамкорлик қилишга унданг.
2. Мақтовсуяр
Бировга ёқиш истаги ёмон эмас. Исталган жавобни олсангиз, кайфиятингиз кўтарилади. Аммо доим мақтов эшитиш истаги бора-бора муаммога айланиб қолади. Бундай инсонлар ўзига муносиб баҳо бера олмай, фақат бировларнинг фикри билан юради. Ўз қадрини йўқотиши ҳам ҳеч гап эмас.
Салбий оқибати
Диққат-эътиборни ортиқ даражада талаб қиладиган ходим бир кун келиб ўз шартини қўяди. Мабодо унга етарли даражада эътибор бермасангиз, у бошқа ходимларни ҳам сизга қарши қайраши мумкин. Қарабсизки, иш жараёни хавф остида қолади.
Бошлиқ бўлсангиз
Бошлиқ ўз вақтида ходимларини рағбатлантириб, мақтаб туриши керак. Лекин мақтовсуяр ходимларини ҳам аниқлаб олиш зарур. Уларга жамоанинг аҳамиятини, барча билан ҳамжиҳатликда ишлаш, бошқалар ҳам истеъдодли эканини тушунтириб қўйиш керак.
3. Ғийбатчи
Бу ходим бекорчи гаплар билан барчани чалғитади. Ўзига ишонмайди, эътиборни тортишни истамайди, бировларга диққат қаратиш орқали, ўзидан масъулиятни соқит қилади. Инсон салбий фикрлар билан банд бўлганда, у ўз устида ишламайди. Бундай ходим ишни фақат орқага тортади. Қолаверса, ғийбат жамиятда энг салбий қусур ҳисобланади.
Салбий оқибати
Ходим ишда ғийбат қиляптими, демак у бекорчи. Шунинг учун уни иш билан банд қилиш керак. Меҳнатга киришиб кетганидан, ғийбатга вақт топа олмай қолсин. Ғийбатдан фойда йўқ, унинг оқибатида жамоада кўнгилсизлик қолади.
Бошлиқ бўлсангиз
Ғийбат ҳар бир жамоада бўлади. Сиз шунчаки бу ҳолатни назоратдан чиқарманг. Мабодо иш жараёнига жиддий таъсирини сезиб қолсангиз, ҳаракатга тушинг, тарбияланг, дакки беринг, тушунтиринг. Токи ғийбатчи иш бу миш-мишлар макони эмаслигини тушуниб етсин.
4. Қувват сўрувчи вампир
Унинг бисотида салбий ҳаракатлар захираси кўп. Атрофдагиларни негатив оламига олиб кира олади. Бундай ходим учун жамоада ҳеч нарса ёқмайди. У жавоб изламайди, балки шикоят қилишни яхши кўради. У худди эртакдаги юраги музлаган Кайга ўхшайди. Танқидлари ҳам асосли эмас. Қувватхўрнинг ҳиссиётлари иш жараёни учун хавфли.
Салбий оқибати
Мабодо қувватхўр ходим бошқаларни назоратга олган бўлса, бутун жамоанинг ишга бўлган иштиёқи йўқолади. Ходимлар умумий мақсад сари интилмай қўяди. Ўзингизни бу каби жамоадошлардан четлаш учун, ижобий ҳислар қуршовида бўлинг. Ўзингизга ишонинг, ютуқларга қувонинг. Хатоларга келажак меваси сифатида қаранг. Қувватхўрларни ўз вақтида аниқлаб, уларни сизга босим ўтказишига йўл қўйманг.
Бошлиқ бўлсангиз
Тарбиявий ишлар қўл келиши мумкин. Ҳаётга бўлган қарашлари билан қизиқинг, балки муаммоси бордир. Уларни ҳал қилишга ёрдам беринг. Мабодо ўзгармаса ва жамоани орқага тортаверса, ишдан кетгани маъқул.
Ечим
Ҳар қандай ёмон ходимни қайта тарбиялашнинг ягона усули, бу ўзини ўзи ривожлантириш. Ижобий ҳиссиёт бағишловчи инсонлар билан кўпроқ мулоқотда бўлинг. Улар ўзингизга бўлган ишончни орттиради. Керакмас ва бефойда суҳбатларни тезроқ тугатинг. Ишда гапга чечанликдан кўра, меҳнат қобилиятингизни кўпроқ намоён қилинг. Компаниянгиз умумий мақсадларига содиқ қолинг, севимли иш билан шуғулланяпсизми, фақат олдинга қараб юринг. Ютуқларингиз кўпайиб бораверади.
www.psychologies.ru материаллари асосида тайёрланди.