«Дунё бўйича одам савдоси қурбонларининг 30 фоизи болалар ҳисобланади. Ўзбекистонда эса 2018 йилда одам савдоси жиноятлари ичида чақалоқ савдосининг улуши 28 фоизни, 2019 йилда 44 фоизни ташкил этган.
Сўнгги уч йилда чақалоқ савдосидан жами 114 нафар бола жабрланиб, уларнинг асосий қисми, яъни 89 фоизи 1 ёшгача бўлган болалар ҳисобланади.
Чақалоқ сотиб олувчи шахслар билан ўтказилган суҳбат натижаларига кўра, улар бу ишга фарзанди бўлмагани, оиласини сақлаб қолиш чораси сифатида қўл уради ҳамда бола ўз ақлини таниб олмасдан, кичиклигида асраб олишим керак, деган важни келтиришади», – деди Танзила Норбоева 4 декабр куни бўлиб ўтган йиғилишда.
«Туғуруқхоналарда чақалоқ савдосини амалга ошириш мақсадида аёлларнинг ҳомиладорлигини яшириш, қалбаки ҳужжатлар тайёрлаш, фарзандини ўлди деб сохталаштириш билан боғлиқ ҳолатлар ҳам аниқланмоқда.
Яна бир жиҳатга диққатингизни қаратмоқчиман. Янги туғилган чақалоғини сотмоқчи бўлган аёлларнинг 75 фоизи оилавий, ҳудудий поликлиника рўйхатидан ўтмагани аниқланган.Бу жиноятнинг кўпайиб боришига нималар сабаб бўляпти? Чақалоқ савдосига қарши кураш борасида давлат органларининг ҳамкорлиги бўйича яхлит тизим йўқ. Фертил (туғуруқ) ёшидаги аёлларни ҳисобга олиш, ҳомиладорликнинг эрта босқичидан туғуруққача автоматлаштирилган тизим йўлга қўйилмаган.Ҳомиладор аёллар тиббий кўригини ташкил этиш борасида патронаж ва умумий амалиёт шифокорларининг маҳалла, профилактика инспекторлари билан ҳамкорлиги самарали эмас. Шунингдек, аҳоли болани қонуний асраб олиш бўйича тўлиқ маълумотга эга эмас», – деди Норбоева.