Бошқа одамларга тазйиқ ва зўравонлик қилинаётганига гувоҳ бўлган бола, катта ёшдаги одамлар сингари кучли стресс ҳолатига тушади. Бола мазкур воқеанинг яна такрорланишидан жуда қўрқади, унинг онгидаги “дунёда адолат бор”, деган тушунча парчаланиб кетади. Бола ўзининг заифлигини, ҳимоясизлигини ҳис қилади.
Бола бўлиб ўтган воқеанинг энг даҳшатли жиҳатларини такроран тассаввурида (масалан, жароҳатланган инсонлар ёки зўравонлик ўтказган шахсни, унинг яқинлари, айниқса онасини урган инсонни) тиклайди. Зўравоннинг хатти-ҳаракатларини жаҳл, ғазаб билан боғлаб, катталар ўзларини тута олишларига бола ишонмай қўяди. У олган руҳий жароҳат сабаб ривожланиши орқага кетиши, машғулотларга нисбатан қизиқиши сўниб қолиши мумкин. Шу сабабли катталарнинг руҳий жароҳат олган бола билан мулоқотининг кўриниши жуда муҳим, чунки бу жараён сабр ва давомийликни ўзида мужассам этади. Энг асосийси, бола ёнидаги катта одам уни яхши кўриши ва ҳимоя қилишига ишониши керак.
Уйда, жамоат жойларида зўравонликнинг гувоҳи бўлган мактаб ўқувчиси билан катта ёшдаги одам ўзини қандай тутиши керак?
Катта ёшдаги одам хатти-ҳаракатининг алгоритми:
- Мактаб ёшидаги болаларга зарур маълумотни етказиб, тушунтириш лозим. Шунда улардаги хавотирланиш ҳисси камайиб, ҳолат барқарорлашади. Ҳар бир гапингиздан сўнг боланинг ҳолатига эътибор беринг. Унинг бир қарашда кераксиз саволларига ҳам жавоб беринг. Болани қўрқитиши мумкин бўлган деталлардан қочинг.
- Унга сиз руҳий ва жисмоний жиҳатдан ёнида эканингизни эслатиб туринг. Уни қучоқланг, эркаланг, сочларидан силаб, қўлларидан ушланг.
- Боланинг ҳиссиётларини англаб, улар ҳақида сўзланг, унга ҳар қандай усул билан стрессдан чиқишига ёрдам беринг. Бола йиғласа, жаҳли чиқса, хафа бўлса, қотиб қолса ўзига келиши учун вақт беринг.
- Қўрқинчли воқеалар содир бўлганида ҳар қандай одам ҳам қаттиқ ҳаяжонга тушиши ва бу оддий ҳол эканини тушунтиринг. Ҳар қандай одамнинг жаҳли чиқиши, тушкунликка тушиши мумкин. Буларнинг барчасини енгиш учун эса вақт керак.
- Бола мазкур ҳолатда ўзини кучли одамдек, ўзини қаҳрамонларча тутганлигини таъкидланг, у энди хавфсиз жойда эканини тушунтиришга ҳаракат қилинг.
- Ғалаба, яъни “ёвузлик” устидан ғолиб бўлган “яхшилик” расмини чизишни таклиф этинг.
- Ўйинлар ёрдамида қотиб қолган мушакларни бўшаштиришга ҳаракат қилинг (улар ҳақида шу ерда ўқишингиз мумкин).
- Бу пайтда бола ўзи ишонган катта ёшдаги одам билан хавфсиз жойда бўлиши лозим.
- Агарда бола уйда ёлғиз қолса, хавфсизлик қоидаларини (бегоналарга эшикни очмасликни, агарда ота-онаси уйда бўлмаса кимга қўнғироқ қилиш кераклигини) унга тушунтиринг.
- Зўравонлик мавжуд ҳар қандай видеотасвирларни кўриш бола учун тақиқланади.
- “Муаммолар қутиси”ни ясанг ва унга бола уни ўйлантираётган саволлар ёзилган қоғозчаларни ташлаши мумкин. Уларни биргаликда ўқиб, саволларга жавоб беришга ҳаракат қилинг.
- Боланинг ҳолатига эътиборлироқ бўлинг, унда намоён бўладиган хавотирли белгиларни кўрсангиз, мутахассисларга мурожаат қилинг.
Манба: https://t.me/zoravonlikka_yol_yoq_netnasiliyu