“СИНГАН ЗИНАПОЯ”: КАСБ ПИЛЛАПОЯЛАРИДАГИ ГЕНДЕР ТЎСИҚЛАР

Аёлнинг бошлиқ бўлиши қийин. Хизмат пиллапоялари бўйлаб одимлашда у жуда кўп гендер тўсиқларга учрайди. Таҳлилларга кўра, бошқарув органларида ҳам аёллар нисбати пастроқ, қолаверса, маош масаласида эркаклар илгарилаб кетган, оила ва касбдаги мувозанат масаласи мураккаб.

Европалик олимларнинг айтишича, раҳбарлик лавозими сари одимлаётган аёллар илк қадамларданоқ тўсиқларга учраб боради. Аёллар энди иш бошлаганда, уларга молиявий менежерликдан кўра бухгалтерлик вазифаси кўпроқ берилади, арт-директорлик қолиб оддий дизайнерликдан нарига чиқолмайди. Ваҳоланки янги ишчиларнинг барчаси тенг даражада бўлади. Ҳисоб-китобларга кўра, бугун ҳар 100 нафар эркакнинг лавозими ошаётган бир пайтда, атиги 72 нафар аёл касби томонлама кўтарилиб боради. Лекин вақт ўтган сари бу фарқ тобора қисқариб бормоқда. Хўш, нима учун бу рақам тенг эмас?

Аёлларнинг ўзи айбдорми?
Баъзилар аёлларда иштиёқ етарли эмас, деган баҳоналарни гапиради. Лекин жами аёлларнинг 71% и касб томонлама илгарилашни истайди, 29% и бу ҳақда эълон қилади ва 21% и маоши оширилишини талаб қилади. Бу шундан далолат берадики, сармояси катта ишларни ҳамон эркакларга беришади, аёлларнинг салоҳиятига ҳеч ким эътибор бермайди.

Аёллар наздидаги 3 сабаб
Келинг аёлларга сўз берамиз:

Аёлларни бошқа стандартларга қараб баҳолашади. Социологларнинг фикрича, эркаклар фаолияти юқори баҳоланган бир пайтда, аёлларники муносиб баҳога лойиқ топилмайди. Аёллар кўтарилиш учун натижани кўрсатишлари шарт, эркаклар эса бўлғуси ютуқлари учун ҳам мақтовга лойиқ топилаверади.
Аёлларнинг “ҳомий”лари йўқ. Кўпгина ишхоналарда бошлиқлар юқори лавозимларга кўпроқ эркакларни мўлжаллайди. Катта лойиҳалар пайдо бўлганда, ҳомийларнинг кўз олдига оиланинг боқувчиси эркаклар кўринади.
Аёлларнинг имкониятлари кам. Жамоада аёлга нисбатан ишонч, қарашлар бошқача бўлганидан кейин, унинг имкониятлари ҳам шунга яраша бўлади.
Лекин аёллар ва эркаклар тенглигини таъминлашни истайдиган корхоналар ҳам топилади. Улар раҳбарлик лавозимлари учун ҳар икки жинс вакиллари орасида турли тренинглар ўтказишади, қолаверса, бошқарувчилик илмини ҳам ўргатади.

Гендер тенглик сари 3 қадам
1. Вазиятга соғлом назар билан боқинг ва шароит яратиш ҳақида ўйланг. Аёл билан эркакни тенг кўринг, салоҳиятини тенг баҳоланг, бирини иккинчисидан устун билманг. Бўлғуси такомиллашув учун ҳам аёлнинг сўзини эшитинг.
2. Раҳбар аёллар иложи борича ўзини намоён қилиб, бошқа аёл-қизларга ўрнак бўлиши керак. Барча нозик дид вакилалари сизга ҳавас қилсин.
3. Ўзингиз билан мусобақалашинг. Эркаклар билан мусобақалашиш баробарида ўзингиз билан беллашинг. Ютуқ ва муваффақиятларингизни ҳисоблаб боринг. Ўзингизни намоён қилинг, истеъдодингиз юзага чиқсин.

Манба: https://www.psychologies.ru/articles/slomannaya-lestnitsa-gendernyie-prepyatstviya-na-pervyih-stupenyah-kareryi/