Ўша машъум воқеа биринчиси эмас. Самарқанд вилоятида Россияда ишлаётган эрига жаҳл қилиб болаларини ўлдириш билан таҳдид қилган ва буни камерага ёзган аёл ЖК 112-моддаси бўйича жазоланганди.
Бундан ташқари, жорий йилнинг май оқида Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманида эркак Россияга ишлашга кетган аёлидан ўч олиш мақсадида икки ўғлини буғиб ўлдиради. Унга қарши ЖК 97-моддаси билан жиноий иш қўзғатишган.
Мазкур ҳолатларнинг барчаси биттагина Самарқанд вилоятида содир бўлган. Демак бу фожеанинг кўлами жуда катта. Илдизлари эса маиший ўч олишдан ҳам чуқур.
Нега ота-оналар ўч олиш воситаси сифатида фарзандидан фойдаланишни ўзларига эп кўришади?
Бундай ҳолатлар камдан-кам учрайдиган ҳодиса деб ўйласангиз, адашасиз. Кўпинча, собиқ ёки ҳозирги турмуш ўртоқларга нисбатан туйғуларига дош бера олмаган, келиша олмаган ҳолда, катталар манипуляция объекти сифатида болани танлайдилар. Бола ҳис-туйғуларга босим ўтказиш, айрилиқдан кейин шундоқ ҳам мавжуд бўлган оғриқни яна кучайтиришга ишлатилади. Бундай вақтда катталар ота-она эканлигини унутишади.
Ўз ҳис-туйғуларини жиловлай олмаслик бир томон, жамиятимизда яқинларини «ўзиники» деб ҳисоблаш ҳисси жудаям кучли. Бу эр-хотинлик ва фарзандлар билан муносабатда айниқса яққол кўринади.
Эр ёки хотиннинг шахсини ҳурмат қилсангизгина, ажримни ёки бошқа ҳолатни оғриқсиз қабул қилиш мумкин. Болангизнинг шахсини ҳурмат қилсангизгина, уни ўзингиздан ажрата оласиз ва ўз ҳаётини яшашга қўйиб берасиз. У сизнинг мулкингиз эмас. Ва асло эр-хотинлик муносабатини тикловчи восита ҳам эмас…
Нигина Худайбергенова