Яқинда дўстим нега биз фақат аёллар ва оналар ҳақида ёзишимизни сўради.
— Мана, мен — болалар тарбияси билан машғул бўлишни яхши кўраман. Менга бу жуда қизиқ.
Ростини айтсам, ҳайрон қолдим. Эркак бола тарбияси билан шуғулланиши биз учун ғайритабиий ҳолат. У билан бироз суҳбатлашгач, жамиятимиздаги оталик билан боғлиқ стереотиплар ҳақида ёзишга қарор қилдим.
Бу эркакнинг иши эмас
«Қўйсанг-чи, бошқа қиладиган ишинг йўқми? Бу ишни хотинингга қолдир, болалар билан ўзи шуғуллансин» — негадир эркаклар кўпинча шу фикр билан учрайди. Бизнинг жамиятда оила ва бола тарбиясини аёллар елкасига юклашга одатланишган. Аёллар роботми? Эркаклар бола тарбияси билан шуғулланишининг ёмон томони йўқ. Бола умумий-ку, нега у билан фақат аёл шуғулланиши керак.
Барча эркаклар ўғилли бўлишни истайди
Кенг тарқалган стереотиплардан яна бири. Ҳамма эркаклар ҳам ўғил туғилиши ҳақида орзу қилавермайди. Танишимнинг иккита қизи бор, уларни еру-кўкка ишонмайди.
— Ростини айтсам, ўғил ҳақида орзу қилмаганман. Менинг опа-сингилларим бўлмаган. Онам бизни катта қилгунча роса қийналганлар. Шунинг учун қизли бўлганимда роса хурсанд бўлганман.
Бир-икки марта дўстларим наслим давомчиси йўқлиги ҳақида гапириб, қариганимда менга ғамхўрлик қиладиган ўғиллар кераклиги ҳақида насиҳат ўқишди. Болани тўғри тарбия қилсанг, жинсидан қатъий назар қариганингда ташлаб қўймаслигига ишонаман.
“Меросхўр” сўзининг маъноси ўзи нима? Мол-мулкка меросхўрми? Мулкка қиз фарзанд эгалик қилолмайдими? Бизнес давомчисими? Оилавий ишни қизлар ҳам давом эттириши мумкин. Фамилия давомчисими? Қиз истаса эрга тегганда ҳам ўз фамилиясида қолиши мумкин.
Эркаклар бола 3 ёшга тўлганидан кейингина улар билан шуғулланади
Эркак бола тарбиясига бефарқ бўлмаса, унинг туғилишиданоқ аёли билан баробар фарзандига қарайди.
Боланинг ҳар бир қилиғи, илк қадами, гапираётган сўзларини тинглаш – бахт-ку! Дугонамнинг айтишича, эри ундан кўра боланинг ҳар бир янги сўзини эслаб қоларди.
Эркак бола тарбияси билан эмас, балки рўзғор билан машғул бўлиши керак
Асло. Замонавий дунёда эркаклар уй ишларида аёлига тенг қарашиб, бола тарбияси билан ҳам машғул бўлади. Бугун гендер роллардан кетишимиз керак. Аслида эркаклар ҳам, аёллар ҳам иккала ишни бирдай уддалайди. Муҳими, ҳаммасини келишиб қилиш. Ҳақиқий оилада уни сен қил, буни мен қиламан, деган гаплар бўлмайди.
Оталар таглик алмаштиришдан жирканади
Исталган эркак тагликни алмаштириши, кечаси билан ухламай болага қараб чиқиши, алла айтиши мумкин. Ота ҳаммасини уддалайди. Она сингари. Бизда эса кўпинча ота ўз вазифаларини ҳафтада бир марта эслаб, болани 1-2 соатга қўлига олиб, шу билан оталик вазифасини бажарган деб ҳисоблайди.