Инсоннинг ўзига бўлган ишончи унинг шахс ва малакали ходим бўлиб шаклланишида катта аҳамиятга эга. Айнан ушбу хислат жамиятда ўз ўрнимизни топишга ёрдам беради. Бугунги маслаҳатларимиз ўзингизга бўлган ишончингизни мустаҳкамлашга ёрдам беради.
- Ҳаракатларингиз хато эканини тан олинг
Ўзига бўлган ишончнинг шаклланишида ота-оналар муҳим роль ўйнайди. Нафақат улар, балки опа-сингилларимиз, ака-укаларимиз, таниш-билишлар, синфдошлар, устозлар ҳам ўзимиз ҳақидаги тасаввурларимизга таъсир ўтказа олади. Яхши томонга ёки ёмон томонга. Нима бўлганда ҳам, ота-оналаримиз харчанд вазиятни ўнглашга ҳаракат қилмасин, улар уришиб ялинсада, ўзимизни англамас эканмиз, ҳаракатларимизга берадиган баҳоимиз ҳам аъло даражада бўлмайди. Ягона йўл — муаммонинг моҳиятини англаб етиш ва шахсий хулқимизни ўзгартиришга уриниш, мустақил иш тутишга ҳам ўрганиш керак.
- Терапевтик даво усулидан фойдаланинг
Ота-она меҳри — бу ўзингизга бўлган баҳоингизни яхши томонга ривожлантира оладиган манба. Табиийки, меҳр етишмаслиги боланинг руҳиятида салбий хотираларни қолдиради. Яхшиямки, бу каби хатоларни тўғриласа бўлади. Бунинг учун ўз устингизда ишлаб, анчагина тер тўкишга тўғри келади. Меҳр етишмаяпти, буни яқинларингизга очиқ айтинг, уялманг, бор фикрингизни тўкиб солинг. Мабодо бунинг иложиси бўлмаса ёки кутилган натижани бермаётган бўлса, бутун ҳиссиётларингизни қоғозга туширинг. Бу ҳам ўзига хос “терапевтик даво усули” ҳисобланади. Унутманг, ҳаммасининг ечими бор.
- Ирсий меросдан қўрқманг
Ўзига паст баҳо бериш наслдан ўтмайди, буни исботлайдиган биронта тадқиқот мавжуд эмас. Мазкур вазиятда ирсий омилларга қараганда, ҳиссий муҳит билан таълим аҳамиятлироқ. Лекин ирсий белгилар инсонда ички хавотир, депрессияга мойиллик каби асоратларни келтириб чиқариши мумкин. Бу ҳам инсоннинг ўзига ўзи баҳо беришида муаммоларни пайдо қилади. Аммо ирсиятнинг ўзимизга баҳо беришимизга бўлган таъсирини ҳам ўзгартиришнинг иложиси бор.
Масалан, семизликка мойил бўлсангиз, тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи орқали қоматингизни чиройли ҳолатга келтиришингиз мумкин. Психологияда ҳам худди шу қоида ишлайди. Баъзи балиқлар учганида, сиз ирсият қолипларидан чиқиб кета олмайсизми?
- Меҳр улашишни ўрганинг
Оиланинг катта фарзандлари ўзига баҳо беришда бироз сусткашликка йўл қўяди. Чунки катталарнинг елкасига катта масъулият юкланади.
Бошқа фарзандлар туғилганидан кейин, тўнғич болаларнинг ўрни ўзгаради. Энди улар ягона фарзанд бўлмай қолади. Табиийки, бу уларнинг руҳиятига таъсир қилади. Катталар ёлғиз яшаб, бўлишиш деган тушунчани кеч англайди. Кичик болалар эса бу борада омадли. Улар болаликдан ким биландир бўлишиш кераклигини англаб боради, шунинг учун катта опалари ва акалари билан тез тил топишади.
Шундай экан, оиланинг тўнғичларига бироз ёрдам керак бўлади. Азиз катта фарзандлар, атрофдагилар билан меҳр, ҳурмат ва жамики яхши хислатларингиз билан бўлишишни ўрганинг. Ўзимга қолмайди, деб ўйламанг. Чунки берган меҳрингиз ортиғи билан қайтиб келади. Қолаверса, ота-онангиздан келаётган эътиборни ҳам укаларингиз, сингилларингиз билан бўлишинг.
www.psychologies.ru материаллари асосида тайёрланди