UzNews бугун сарлавҳаси билан ҳайрон қолдирди: «Тошкентда MMA жангчиси ўз аёли ва ўғлини нега дўппослагани маълум бўлди». Таҳририят одамни калтаклаш мумкин бўлган биронта сабаб йўқлигини унутган, чоғи. Бу сарлавҳа орқали ўзларига кўпроқ ўқувчи жалб қилмоқчи бўлишган, шекилли.
ZorTV ҳам улардан қолишмаган ҳолда маҳалла раисидан интервью олди. Бу аҳлоқсиз журналистикага ёрқин мисол. Негаки айнан ўша интервьюдан кейин кўплаб оммавий ахборот воситаларида тажовузкорни оқлайдиган материаллар эълон қилинди. Ваҳоланки ўша ОАВ лар сирасида ўзларини гендер зўравонлигига тоқатсиз кўрсатадиганлар ҳам бор🙈
Бундай материалларни ёзишда асосий тавсиялар мавжуд. Улардан айримлари:
1️⃣ Жабрланувчи истаса, унга гапириш имконини беринг.
2️⃣ Сўзларга эҳтиёт бўлинг ва жабрланувчи зўравонликка ўзини сабабчи қилиб кўрсатадиган жумлалардан қочинг (қуйидаги жумлалардан асло фойдаланманг: «Можаролар асосан рашк сабаб юзага келади», «аёл ҳар гал аризасини қайтариб олган»)
3️⃣ Зўравон ёки жабрланувчининг қариндошлари эмас, экспертларнинг фикрини олинг. Акс ҳолда аниқ маълумот эмас асл ҳолатни очиб бермайдиган «Жуфтлик бир-бирини севарди», «аслида у меҳрибон ота эди» каби хабарни эшитасиз. Ҳолат таҳлилини шифокорлар, психологлар, юристлар, тор мутахассислар бериши мумкин.
4️⃣ Жабрланувчилар учун улар кечирган зўравонликнинг қисқа муддатли ва узоқ муддатли оқибатларини кўрсатинг.
5️⃣ Жамият учун жиноятнинг бундай тури оқибатлари ҳақида маълумот беринг.
6️⃣ Алоҳида ҳолатни ёритиш билан чекланманг: «зўравонлик маданияти»ни таҳлил қилинг, гендер экспертлари ва фаоллардан интервью олинг.
7️⃣ Гувоҳларнинг пассивлиги одамга хавфли ҳолатда ёрдам бермаслик билан тенглигини таъкидланг.
8️⃣ Гендер зўравонлигига алоҳида ҳолат деб қараманг, уни инсон ҳуқуқлари бузилиши деб баҳоланг. Бу ҳокимият ва ҳукмронлик муносабатлари туфайли бутун жамиятга хос тизимли ҳодисадир.
9️⃣ Сарлавҳаларга эътиборли бўлинг. Сенсация кетидан қувиш ёмон оқибатларга олиб келмасин.
Гендер зўравонлигига қарши чиқувчи оммавий ахборот воситаси сифатида биз зўравонларга ва уларни қўллаб-қувватловчиларга сўз бермаймиз. Бу таҳририятимиз сиёсатининг бир қисмидир. Зўравон ҳар доим баҳона қидиради ва жабрланувчини айблайди, маҳалла эса ўзини жавобгарликдан озод қилиш учун ҳар қандай гапни айтаверади. Кўплаб оммавий ахборот воситалари зўравонлик ва тажовузкорларни оқлаётганларга сўз беришни ҳамон одатий ҳол деб ҳисоблаётгани ҳафа қилади.