Инсоннинг шаклланишида аввало оиланинг ва ота-онанинг ўрни катта бўлади. Ҳеч бир ота-она боласини худбин бўлиб вояга етишини истамайди. Хўш, фарзанд худбинликдан йироқда улғайиши учун нималарга эътибор бериш керак? Бугун ушбу саволга жавоб топишга ҳаракат қиламиз.
Ота-она ўзи сабабчи
Шундай оилалар борки, боласини фақат ютуқларга эришганда мақтайди. Меҳр ҳам ўлчовли, сабаб бўлгандагина эътироф кутилади. Бошқа вазиятларда эса кўнгилсизлик ва дилхираликлар ҳукмрон бўлади. Бундай оилаларда бола ҳар нарсадан баҳрамандлик ҳиссини туймайди. Ўз истакларига қараб иш тутиш ўрнига, ота-онасига ёқиш учун ҳаракат қилади. Ота-она учун эса фарзанди оила обрўси учун курашса бўлгани. Натижада бундай бола улғайганда, мусобақалашув, ўз манфаатини бировникидан устун қўйиш орқали ҳаёт кечиради.
Ўта талабчан ва қадрсизлантиришни яхши кўрувчи ота-оналар
Бундай ота-оналар фарзандига катта талаб қўйиш орқали, болани тушкунликка тушириб қўяди. Кейин оилада бир нечта болалар бўлса, бирини иккинчисини олдида қадрсизлантириш анъанаси ҳам ишлайди. Бундай оилаларда катта бўлган фарзандлар одатда асабий, жаҳлдор бўлиб улғаяди. Ўсмирлик вақтида эса ҳатто чуқур тушкунлик ҳолатлари кузатилиши мумкин. Улар ҳеч қачон салоҳиятини намоён қила олишмайди, чунки уни йўқ деб ҳисоблашади.
Тилла болам
Ушбу тоифадаги ота-оналар яширин равишда худбин бўлишади. Улар фарзанди истеъдодли бўлса бўлмаса, бировларнинг олдида мақтайверишади. Бунинг натижасида бола ортиқ даражада ўзига ишонишни бошлайди, атрофдагиларни менсимай қўяди. Мукаммаллик сари тинимсиз пойга ривожланади. Бу кетишда одам ўз “мен”ини йўқотиб қўйиши ҳам ҳеч гап эмас.
Ўта худбин ота-оналар
Ота-онанинг ўзи ўта худбин бўлса, болалар ҳам бу хислатдан ранг олади. Энг ёмони фарзандлар катталарга кўр-кўрона эргашади, уларнинг ўз фикри бўлмайди. Улғайгач ўзларини ҳимоясиз ҳис этади, омма олдида юришни истамайди, эътибордан четда одамови бўлиб юрадиган инсонга айланади.
Қуш уясида кўрганини қилади. Сиз қанчалик ҳаракат қилманг, аввало ўзингизни ўзгартирмас экансиз, фарзандингизни муносиб тарбиялай олмайсиз. Билингки, фарзанд сизнинг ҳаётдаги аксингиздир.
Манба: https://www.psychologies.ru/articles/kak-rebenok-stanovitsya-nartsissom/