Икки ҳафта аввал, Aмерикаликлар қўшинларини Aфғонистондан чиқариб, толиблар назоратни ўз қўлларига олган вақтда, мен Бостонда операция столида ётган эдим, шифокорлар эса толиблар танамга етказган шикастланишларни тузатиш учун олтинчи операция амалиётини ўтказишаётган эди.
2012 йилнинг октябрида «Толибон» ҳаракатининг аъзоси менинг мактаб автобусимга ўтирди ва менинг чап чаккамга ўқ узди. Ўқ чап кўзим, бош суягим ва миямга тегиб, қулоқ пардамни мажақлаб, жағ бўғимларимни синдириб, юз нервимни узди.
Пешаварда (Покистон) тез ёрдам жарроҳлари жароҳат туфайли мия шишига жой очиш учун, бош суягим чап чакка қисмини олиб ташлашди. Шифокорларнинг тезкор чоралари ҳаётимни сақлаб қолди, лекин тез орада менинг аъзоларим ишдан чиқа бошлади ва мени самолётда пойтахт Исломободга олиб келишди. Бир ҳафтадан кейин шифокорлар интенсив парваришга муҳтожлигим ва даволашни давом эттиришим учун туғилиб ўсган ватанимни тарк этишим лозимлигини айтишади.
Бу даврда мени сунъий комага туширишди. Ўқ отилган ондан, Бирмингемда (Буюк Британия) Қиролича Елизавета касалхонасида уйғонган вақтга қадар ҳеч нарса эсимда йўқ. Кўзларимни очганимда тириклигимни англаб, енгил тортдим. Лекин қаердалигим ва атрофимни нима учун инглиз тилида сўзлашувчи бегона инсонлар ўраб олганини билмасдим.
Бошимда кучли оғриқ бор эди. Кўриш қобилиятим яхши эмас эди. Бўйнимдаги най туфайли гапира олмасдим. Бир неча кун давомида гапира олмадим, бироқ ёндафтаримга ёзиб, хонамга ким келса, уларга кўрсатардим. Менда бир нечта саволлар юзага келди: менга нима бўлди? Отам қаерда? Бу даволашни ким тўлаб беради? Бизда пул йўқ-ку.
Мен ёндафтаримга «ойна» сўзини ёзиб, хамшираларга кўрсатдим. Ўзимни кўргим келаётганди. Юзимнинг фақат ярмини таний олдим. Бошқа ярими нотаниш эди – кўзим ости кўкарган, на табассум, на маъюс қараш, умуман ҳеч қандай туйғу йўқ. Сочимнинг ярими қириб олинган. Мени толиблар шу аҳволга солди деб ўйладим, аммо хамшира сочим операция учун қирилганлигини айтди.
Мен ҳотиржам бўлишга ҳаракат қилардим. Ўзимга-ўзим: «Касалхонадан чиққанимда, ўзимга иш топаман, пул ишлаб топаман, телефон сотиб оламан, яқинларимга қўнғироқ қиламан ва касалхонага тўлаб беришим лозим бўлган барча ҳисобларни ёпмагунимча ишлайман» дердим.
Мен ўз кучимга ишонардим. Мен касалхонадан чиқиб, бўри каби югуришим, бургут каби учишимга ишонардим. Лекин тез орада танамнинг катта қисмини ҳаракатлантира олмаслигимни тушундим. Шифокорлар бу вақтинча эканлигига умид қилишарди.
Мен қорнимни ушлаганимда, у қаттиқ эди. Хамширадан сўрасам, покистонлик жарроҳлар бош суягимнинг бир қисмини олиб ташлашганида, уни қорнимга кўчиришганини ва бир кун келиб уни қайтиб бошга жойлаш учун яна бир операция ўтказиш лозимлигини айтди.
Лекин британиялик шифокорлар охир-оқибат, зарарланиш хавфини камайтириб, краниопластика деб аталувчи муолажа билан бош суяк ўрнига титан пластина ўрнатишга қарор қилишди. Улар қорнимдан бош суякнинг бир қисмини олишди. Бугун у менинг китоб жовонимда турибди.
Титан краниопластика қўйилаётганда, шунингдек, ўқ қулоқ пардамни тешиб ўтган жойга кохлеар имплант ҳам қўйилди.
***
Оилам мени кўргани Буюк Британияга келишганида, мен физиотерапия ва реабилитацияни бошлаган эдим. Секин-секин, кичик қадамлар билан юрардим. Ёш бола сингари гапирардим. Бу ҳудди иккинчи ҳаётим бошланишига ўхшарди.
Мен Aнглияга келганимдан кейин тахминан олти ҳафта ўтиб, шифокорлар юз фалажим билан шуғулланишга қарор қилишди. Бунинг учун улар яна бир бор юзимни кесиб, узилган юз асабим ўсиши ва ҳаракатланишни енгиллатишига умид боғлаган ҳолда, уни тикишга уринишди.
Ўтказилган жарроҳлик амалиёти ва бир неча ой давомида юзимда олиб борилган массаждан кейин менинг симметриям ва ҳаракатларим бирмунча яхшиланди. Aгар лабларимни бирлаштириб табассум қилсам, мен деярли олдинги юзимни кўрардим. Одамлар юзимнинг бир томони, бошқа томонига қараганда ёмон ҳаракатланишини сезмасликлари учун, кулганимда оғзимни қўлларим билан ёпардим.
Ойнага қарамасликка ва видео тасвирларда ўзимга эътибор бермасликка уринардим. Ўзимча, мен яхши кўринишга эгаман деб ўйлардим. Мен ҳақиқатни қабул қилдим ва ўзимдан рози эдим.
Ота-онам, бошқа томондан, уларнинг қизлари йўқотган барчасини тузатишни исташарди. Шундай қилиб, биз юз нервини кўчириб ўтказиш, юз нервининг фалажини мураккаб даволаниши тўғрисида суҳбатлашиш учун Бостонда Mass Eye and Ear жарроҳлари билан учрашдик.
Менда иккита йирик жарроҳлик амалиёти ўтказилиши талаб этиларди. 2018 йилда шифокорлар дастлаб болдиримдан нервни олиб, уни ўнгдан чапга ҳаракатланиб, юзимга кўчириб ўтказишди. 2019 йилда улар сонимдан тўқимани олиб, юзимнинг чап қисмига имплант қилиб ўтказишди. Улар нерв тўқимага бирикиб, юзимдаги мушакларга сигнал юбора бошлашига умид қилишди.
Ва бу иш берди – ниҳоят юзимда ҳаракатлар пайдо бўлди. Лекин иккинчи муолажа, юзим ва жағим атрофида ортиқча ёғ ва лимфатик суюқлик тўпланишига олиб келди. Шифокорлар менга яна бир операция зарур эканлигини айтишди.
***
9 август куни мен Бостонда сўнги операцияга касалхонага бориш учун эрталаб 5 да уйғондим ва толиблар Aфғонистонда таслим бўлган биринчи йирик шаҳар – Қундузни эгаллашгани тўғрисида янгиликка кўзим тушди. Кейинги бир неча кун давомида муз ва бошимда боғлам билан, мени жароҳатлаган каби ўқлар жойланган қуроллар кўтарган эркакларга провинция кетидан провинция енгилаётганлигини кузатиб бордим.
Ўтира олганимдан сўнг бутун дунё мамлакатларининг раҳбарларига қўнғироқ қилиш, хат юбориш ва Aфғонистонда бўлиб турган хотин-қизлар ҳуқуқлари бўйича фаоллар билан алоқада бўлдим. Сўнгги икки ҳафта ичида уларнинг айримлари ва оила аъзоларига хавфсиз жойгача етиб боришга ёрдам беришга эришдик. Лекин шуни биламанки, ҳаммани қутқариб бўлмайди.
Толиблар менга ўқ узишганида Покистондаги журналистлар ва бир нечта халқаро ОAВ исмимни билишарди. Улар мен кўп йиллардан буён экстремистларнинг қизларни ўқитишни ман қилишларига қарши чиққанлигимни билишарди. Улар ҳужум ҳақида хабар қилишганида, бутун дунёдаги одамлар бунга жавоб қайтаришди. Лекин бошқача бўлиши ҳам мумкин эди. Менинг ҳикоям маҳаллий янгиликларда: «15 ёшли қиз бола бошига ўқ отиб ўлдирилди» хабари билан поёнига етиши мумкин эди.
«Мен Малаламан» ёзувини кўтарган оломон, минглаб хатлар ва ёрдам таклифларисиз, дуолар ва янгиликларсиз мен, эҳтимол, тиббий ёрдам ололмаган бўлардим. Ота-онам ўзлари, албатта, харажатларни қоплай олмасди. Мен тирик қолмаслигим мумкин эди.
Тўққиз йил ўтиб, мен ягона ўқдан қайта тикланаяпман. Aфғонистон халқи сўнги тўрт ўн йилликда миллион ўқларга дучор бўлди. Исмларини биз ҳеч қачон билмаймиз ёки ёдимиздан чиқарамиз, ёрдам сўраган нолишлари жавобсиз қолганларни ўйлаб, юрагим қонга тўлади.
***
Яқинда ўтказилган операциядан кейинги яраларим ҳали битмади. Белимда шифокорлар ўқни чиқариб олган жойнинг чандиғи қолган.
Бир неча кун аввал менга ҳужум қилишганида, мактаб автобусида ёнимда ўтирган энг яқин дугонамга қўнғироқ қилдим. Мен ундан ўша куни нималар содир бўлганлигини яна бир бор айтиб беришини сўрадим.
«Мен бақирганмидим? Қочишга ҳаракат қилдимми?» – деб сўрадим.
«Йўқ» – жавоб берди у. «Толибон сенинг исмингни айтганида сен унинг юзига тик қараб тургандинг. Менинг қўлимни шунчалик қаттиқ ушлаб тургандингки, мен бир неча кун оғриқ ҳис қилиб юрдим. У сени таниди ва ўқ очишни бошлади. Сен юзингни қўлларинг билан ёпиб, эгилишга ҳаракат қилдинг. Бир сониядан сўнг менинг тиззаларим устига йиқилдинг». Менинг икки синфдошим, Шазия ва Қайнатнинг қўли ва билаги яраланган. Оқ мактаб автобуси қондан қизил тусга кирди.
Менинг танамда бир ўқ ва кўплаб ўтказилган операциялардан чандиқлар қолган, лекин ўша кунги воқеалар эсимда йўқ. Тўққиз йил ўтиб, энг яқин дугонамни ҳалиям қўрқинчли тушлар безовта қилади…