Халқаро амалиётлар натижаларига кўра, педофилик бузилишни даволаш ёки жинсий майлни ўзгартирадиган ва тестостерон миқдорини пасайтиришга ёрдам берадиган дори воситалари ҳамда узоқ муддатли психотерапия орқали тўхтатиш мумкин.
“Психотерапия — асосий даволаш усули бўлишига қарамай, ягона эмас. Бундан ташқари, яна антиандрогенлар, психоневрологик даволаш, нейролептиклар ва антидепрессантлар билан даволаш, кимёвий кастрация (бичиш) қўлланилади. Буларнинг ҳаммаси бемор ҳолатига қараб буюрилади, ҳар бир даволаниш турининг ўз кўрсатмаси ва қарши кўрсатмаси бор”, — дея таъкидлайди психиатр Введенский. У педофилик бузилишларга эга инсонлар билан 20 йилдан бери иш олиб боради. Унинг сўзларига кўра, даволанган одамларда ҳаммаси кўнгилдагидай, улар оила қуришади, фарзандли бўлишади, ҳеч қандай салбий ўзгаришлар йўқ. “Даволаш аксарият ҳолларда самарали кечади, маълумотларга кўра, педофилларда терапия ўказиш рецидивлар хавфини 2,5 баробар камайтиради”, — дейди шифокор.
Педофилияга чалинган инсонларни даволаш жуда қийин ва улардаги болаларга бўлган қизиқишни бутунлай йўқотиб бўлмайди. Уларга қизиқишлари ва жинсий майлларини жиловлашга ўргатиш мумкин. Бугунги терапиянинг қўлидан фақат шу келади, таъкидлайди клиник психолог Светлана Маркова. У АҚШдаги судлар экспертизасида иштирок этади, жинсий зўравонликка учраган катталар ва болалар, шунингдек, бу ҳаракатни амалга оширганларнинг ҳам психотерапияси билан шуғулланади.
Жон Хопкинс университетининг жинсий бузилишлар клиникаси асосчиси Фред Берлин педофилияни қирқ йилдан буён ўрганади ва унга жамоат соғлиқни сақлаш соҳасининг муаммоси сифатида қарайди. У қарамлиги бор инсонлар даволанадиган усулларга ўхшаш йўллар орқали ушбу бузилишга чалинган инсонларни даволашда муваффақиятга эришган: ҳаракатлар учун жавобгарликни қабул қилиш, триггерларни аниқлаш ва қизиқишларга қарши курашиш, шуниндек, бўлажак қурбонларга ачиниш ҳиссини уйғотиш ва носоғлом хулқ-атворга сабаб бўлувчи когнитив бузилишларни бартараф этиш масалаларига урғу беради. Унинг беморлари тестостерон миқдорини камайтирувчи препаратлар ёрдамида муваффақиятли даволанган.
Яна бир усул бор, у кескин чора қаторига киради — кимёвий кастрация. Бу либидо ва жинсий фаолликни пасайтирувчи антиандроген препаратлар (гормонал препаратлар гуруҳи) терапиясидир.
Антиандрогенлар таблеткалар ва инъекциялар кўринишида қўлланилади. Одам шифокор олдига муаммоси билан мустақил мурожаат қилса, психиатр унга ушбу усулни таклиф қилиши мумкин, аммо препаратнинг инсон организмига ҳар қандай таъсири, айниқса, ножўя таъсирлари ҳақида ахборот келишувини олдиндан тузиши зарур. Баъзи вазиятларда кимёвий кастрация беморга ёрдам беролмайди ёки соғлиғи бўйича қарши кўрсатилади. Амбулатор беморлар таблеткалар билан даволанишдан воз кечиш ҳуқуқига эга, дейди психиатр Введенский.
Унинг амалиётида кимёвий кастрацияни рад этган беморлар ҳам бўлган: “Препаратлар қабулига розилик берганлар ичида: “Раҳмат доктор, анча яхшиман, бўлмағур хаёллар энди мени қийнамаяпти”, – деганлар бор. Баъзилар эса майлни йўқотишдан қўрққанлигини, чунки “қалби бўшаб қолганини” таъкидлаган”, — дейди психиатр.
Психолог Светлана Маркованинг айтишича, кимёвий кастрация кўпинча самарали эмас. “Педофилия ҳақида гап кетганда, болаларга қарши жинсий маънодаги жиноятлар секс туфайли содир бўлмаслигини таъкидлаш керак. Бундай ҳолатларда жинсий алоқанинг ўрни унчалик катта эмас. Бола одам майлини уйғотганда, кўпроқ шахсий ҳиссиётлар кузатилади, — дейди у. — Жинсий майлни даволаш бошқа муаммоларни ечмайди. Баъзи ҳолларда ёрдам бериши мумкин, масалан, мен кимёвий кастрация наф берган инсонларни биламан. Аммо буни барча вазиятларда бирдек самарали даволаш усули дейиш нотўғри. Педофилия одамнинг миясида бўлади, бошқа аъзосида эмас ва жиловлаб бўлмас майл билан боғлиқлиги йўқ”.
Virtuous Pedophiles форумида кимёвий кастрация тўғрисидаги сўровномада 1248 нафар иштирокчи қатнашди, улардан 587 нафари дориларни қабул қилишга рози бўлган. Аммо изоҳларда уларнинг кўпчилиги даволашнинг ушбу усули ҳақида салбий фикрни билдирган: “Мен таблеткани қабул қилмаган бўлардим. Менинг болаларга бўлган қизиқишим — ҳиссиётлар даражасида “ўзим”ни ўнглай оладиган кам сонли сабаблардан бири… Бу оғир тартибда яшашга ўхшайди. Мен буни уддалай оламан”.