Биз ёши улуғроқ ва биздан муваффақиятлироқ инсонларга тенглашишни истаймиз. Лекин улар бу ҳаётдаги ягона “мураббийлар” эмас. Аслида кичкинтойлардан ҳам кўп нарсани ўрганса бўлади. Хўш улар бизга қандай сабоқ бериши мумкин?
- Ҳар бир инсон дўстимиз бўлиши мумкин
Болалар тахминан икки ёшдан бошлаб инсонларни тоифаларга ажратишни бошлайди, аввалига жинсига қараб, кейин терисининг рангига ва миллатига. Аммо бу белгиларнинг барчаси улар учун унчалик аҳамиятли эмас. Болалар учун энг муҳими дўст топиш. Бирга ўйнаганда қизиқ бўлсин, чиройли ўйинчоғи ёки ширинлиги бўлса ҳам майли. Биз катталар ҳам худди шу қоида бўйича дўст топиб кўрмаймизми?
- Хотиржам таомланинг
Болалар боғчасида тарбиячилар болаларга юриб ейишга рухсат бермайди. Биринчи навбатда тартибсизлик бўлмаслигини исташади. Шу орқали болага ўтириб хотиржам овқатланиш керак, деган тарбияни беришади. Зеро, таомланиш инсон ҳаётининг ажралмас ва муҳим қисми саналади. Энди катталарни бир кузатиб кўринг. Қаршимизда компьютер, ўнг томонимизда ичимлик, чап томонимизда гамбургер. Бир вақтнинг ўзида ишлаймиз, еймиз, орада ким биландир гаплашамиз, ижтимоий тармоқларни кузатишга ҳам вақт топамиз. Охир оқибат овқатимиз қаерга кетганини билмай қоламиз. Аслида эса бола каби дастурхон олдида хотиржам, овқатни “яхшилаб чайнаб” ейишимиз керак.
- Гоҳида мизғиб олиш фойдали
Биласиз, боғчада ором вақти бўлади. Бизга ҳам ана шундай ором вақти ҳалақит қилмасди. Тўғри ишимиз бошимиздан ошиб ётибди. Аммо компьютерни “перезагрузка” қилиб туриш керак бўлганидай, инсон ҳам иш унумдорлигини ошириш учун мизғиб олиши шарт. Бу соатлаб ухлашни англатмасада, кундузги ярим соат етарли бўлиши мумкин.
- Бошлаган ишни охиригача етказиш шарт эмас
Болалар кутилмаганда ўйнашни бошлайди ва ўйинини тугатар-тугатмас, бошқа юмушга чалғиб кетади. Бунинг ёмон томони йўқ. Улар шунчаки ҳар бир машғулотдан завқ олишни билади. Биз эса аксинча, бир нарсани охиригача етказмагунимизча тинчимаймиз, янги машғулотга чалғиш ваҳимали туюлади, мабодо эриниб қолсак ўзимизни уришамиз. Тўғри, ҳаётий муҳим ишни охиригача етказиш шарт. Қолган машғулотларда эса завқ биринчи ўринга чиқса ҳам майли.
5.«Раҳмат» ва «кечиринг» — сеҳрли сўзлар
Уларни ишлатишни канда қилманг. Аслида тилимиз ҳам шу каломлардан бошлаб чиқади. Лекин улғайиб, бу сеҳрли сўзларни мутлақо унутиб қўямиз. Ахир улардан фойдалансак, ҳақиқий мўъжизалар рўй бериши мумкин. Кайфият кўтарилади, гина-аразлар унутилади, дўстлар кўпаяди.
- Санъат — қувонч манбаи
Боғчада болалар мусиқа тинглайди, рангин мўйқаламларда суратлар чизади. Бу бежиз эмас. Тарбиячилар ҳар бир машғулотнинг натижасини билади. Биз катталарнинг эса билишимиз керак бўлгани: мусиқа ва ранглар кайфиятга ижобий таъсир қилади, стрессни йўқотади. Санъатга ошно бўлиш ёмонликка олиб бормаган.
- Ҳаммага ёқиш шарт эмас
Болалар майдончасини бир кузатинг. Кичкинтойлар орасидаги муносабат фақатгина “ўртоқ-ўртоқ ўйнаш”дан иборат эмас. Улар талашади, уришади, хархаша қилади. Бировни хафа қилдим деб ўзини қийнамайди, гина сақламайди. Уришган одами билан ярашиб кетаверади. Шундай экан, ҳаммага ёқиш шарт эмас, уришиб қолганлардан узр сўраш уят ҳисобланмайди, хафаликларни ҳам унутиб яшаш лозим.
- Қўл ушлашиб, уришиб бўладими?
Бундай иш тутиш ҳам маъжозий маънода, ҳам тўғри маънода нотўғри. Дўстлик билан душманлик бир-бирига зид тушунчалар. Болаликда ҳам, улғайганда ҳам зиддиятлар рўй беради. Шунинг учун стратегиялар билан яшаш керак. Яқин инсонингизга бесабаб жаҳл қилишдан олдин шуни бир ўйлаб кўринг.
- Меҳрибонлик олтинга тенг
Болаларни яхши одати учун мақтаймиз. Биз ҳам шундай қилайлик. Бизга меҳрибонлик кўрсатган инсонларга миннатдорлик билдириб, мақтаб қўяйлик. Яхшилик шу тариқа тарқалади.
- Қўлларни ювиш муҳим
Нафақат бугунги пандемия даврида, балки ҳар доим. Буни болалар жуда яхши билишади, сизчи?
https://www.psychologies.ru/articles/10-veschey-kotoryim-nam-stoit-pouchitsya-u-samyih-malenkih/ материалларидан фойдаланилди.