ДОИМ НИМАДИР ЧАЙНАБ ЮРАМАН

Шифокор ва диетологлар асосий таомланиш орасида яна нимадир истеъмол қилиш одатини соғлиқ ва қоматга салбий таъсир қилишини таъкидлаб келадилар. Буни кўпчилик билсада, лекин ушбу одатидан воз кечолмайди. Бу эҳтиёж қаердан келиб чиқади ва унга қарши курашиш йўллари борми?

Оддий ҳаётий ҳикоя: “Кечқурун соат олти яримда ўғлим овқатланиб, дастурхондан туради. Уриша-уриша ундан қолган овқатни еб қўяман. Увол бўлмасин дейман. Орада бодрингмиэй, нонми еб оламан. Турмуш ўртоғим келгач, ўтириб бирга кечки овқатни истеъмол қиламиз. Қорин тўйгач, шоколад егим келади. Ётишдан олдин пишлоқдан тишлайман. Ишда ҳам тез-тез ошхонага кириб тураман. Ростини айтсам гоҳида бундан уяламан”.

🔹Ёмон фикрларни ҳайдайман
Чиндан ҳам кичик тамаддилар салбий хаёллардан чалғитади. Буни ўзига хос ҳимоя механизми деса бўлади. Хавотир қанчалик кучли бўлса, таомланиш ҳам кўпаяверади. Лекин ғамларни унутиш учун ошхонага чопиш шарт эмас. Ундан кўра тоза ҳавога чиқинг, спорт залига боринг.

🔸Оилавий муҳитнинг таъсири
Агар инсонга болалигида баъзи бир маҳсулотлар тақиқланган бўлса, улғайгач у бунинг ўрнини тўлдиришга ҳаракат қилиб таомланишни кўпайтиради. Яна шундай ҳодисалар борки, оналар фарзандларига ҳар бир ноқулай ҳолат учун рағбат сифатида озиқ-овқат маҳсулотларини беришга ўргатади. Масалан, “йиқилиб тушдингми, конфет ол”, “хафа бўляпсанми, ширинлик олиб бераман” каби. Мана шундай тарбияни кўрган фарзандлар катта бўлгач ҳам таомланиш орқали овунади.
Баъзи инсонлар фақатгина таомланишни ўзини ўзи овутишнинг ягона йўли деб ўйлайди. Бундай шахсларга турли бошқа усулларни ўргатиш керак. Тўғри, улғайган одамга одатларни ўзгартириш осон эмас. Аммо инсон соғлиғини ўйласа, ҳаракат килиб кўрса бўлади. Ҳадеб овқат еяверишнинг ўрнига илиқ ванна қабул қилиш, яхши бир комедия фильмини кўриш, дўст-дугона билан суҳбатлашиш каби машғулотларни ҳаётга киритиш керак.

🔹Меҳр етишмайди
Чақалоқ учун кўкрак сути нафақат таом, балки она меҳри демак. Худди шу тушунча катта бўлганимиздан кейин таомга кўчади. Оғзимизни тўлдириб овқат есак, кайфиятимиз кўтарилади, ўзимизни бахтли ҳис этамиз. Яъни таом таъми ҳаёт таъми билан уйғунлашади.

Болаликда меҳрга ташна бўлганлар кўпроқ хамирли таомлар, пишириқ ва бутербродларни танлайди, дейди диетологлар.
Нима қилиш керак?

🔸Муаммони аниқланг
Психотерапевтларнинг фикрича, инсон аввало кўп таом ейишдек салбий одатини англаб олиши керак. Аммо буни булимия – таомнинг таъмига қарамасдан пала-партиш равишда истеъмол қилиш ҳамда гиперфагия — бир ўтиришда катта ҳажмдаги таомни ейиш билан адаштирмаслик лозим. Чунки бу икки ҳолат тиббий томонлама даволаниш чораларини талаб қилади.

🔹Қолган овқатни еб қўйиш шарт эмас
Қолган овқатни ейиш ёки атрофдагиларга қўшилиб таомланиш одатидан воз кечиш зарур. Қорнингиз очгандагина овқат тановул қилинг.

🔸Ҳисларингизни ўрганинг
Қўшимча таомланиш асосан ҳаяжонланганимизда рўй беради. Шунинг учун ҳаяжонни жиловлашни ўрганиш лозим.

https://www.psychologies.ru материаллари асосида тайёрланди