Hikoyani yuboring
burger x
#Jabrlanganlar uchun ko'rsatmalar

Чеклист: Психологга бориш фурсати етганлигини англатувчи белгилар

Чеклист: Психологга бориш фурсати етганлигини англатувчи белгилар
04 Yan 2021

ПСИХОЛОГЛАР ВА УЛАРНИНГ МИЖОЗЛАРИГА ҲАЛИГАЧА ИШОНЧСИЗЛИК БИЛАН ҚАРАШАДИ. Кўпчиликнинг фикрича, бу каби ёрдам фақат "энг охирги чора" сифатида керак бўлади,...

ПСИХОЛОГЛАР ВА УЛАРНИНГ МИЖОЗЛАРИГА ҲАЛИГАЧА ИШОНЧСИЗЛИК БИЛАН ҚАРАШАДИ. Кўпчиликнинг фикрича, бу каби ёрдам фақат «энг охирги чора» сифатида керак бўлади, ушбу дақиқа етиб келганини эса ҳамма ҳам тан олавермайди. Психологнинг иши ЛОР шифокори ишидан унчалик фарқ қилмайди – унинг ёрдамида ҳаётни сифатли ўзгартириш мумкин. Англаб турган бўлсангиз, психолог кераклигини тушунишга ёрдам берувчи белгилар ҳақида сўзлаймиз.

Бир жойда айланаётгандай бўлаверасиз

Ҳеч ҳал қила олмаётган муаммонгиз бор, ваҳоланки, бу йўлда турли усулларни синаб кўрдингиз. Масалан, қаерга ишга жойлашманг, ярим-бир йил ўтиб, зерикиб қоласиз, ҳаёт сизни четлаб ўтгандай туюлади, бошлиқ аҳмоқ, ҳамкасблар эса қизиқарли эмас. Сиз ишдан бўшайсиз, бундан дўстларингиз ва яқинларингиз унчалик хайрон бўлмайди, бошқа ишга жойлашасиз, ва бир йил ўтиб аҳвол яна такрорланади. Ёки сизнинг шахсий муносабатларингиз бир хил нуқтада узилиб қолаверади. Барча шерикларингиз бир-бирига ўхшашини ва бу сизга ёқмаслигини аниқладингиз. Ниҳоят, бошқача инсон билан танишиб қоласиз, аммо ярим йил ўтиб у ҳам бошқаларга ўхшай бошлайди.

Такрорланувчи сценарийни тан олиш — биринчи ва жуда муҳим қадам. Аммо муаммони ечишда етарли эмас. Руҳиятимиздаги энг жароҳатли лавҳалар ва ҳаяжонлар онгимиздан чиқиб кетади — бу ўзини ўзи ҳимоя қилиш қобилиятимизнинг иши. Аммо айнан шулар «аянчли доира»нинг асл сабабчилари бўлади, содда қилиб айтганда, биз доимо ўзимизда бир нарсани сезмаймиз ёки билмаймиз. Психолог эса бошқотирманинг етишмаётган жойларини кўра олади, шунга қараб салбий сценарийга сабаб бўлган муаммони таҳлил қилади ва ундан чиқиш йўлини топиб беради.

Сиз ота-онангиздан четроқда юрасиз ёки улар билан жуда кўп вақт ўтказасиз

Сиз барча музокараларни яхши ўтказа оладиган ва ҳар қандай мижоз билан тил топишишни биладиган инсонсиз, аммо онангиз атиги беш дақиқада сизни йиғлатиши мумкин ва бунга қарши чорангиз йўқ. Ҳар гал гўшакни кўтарганингизда: «Ҳозир бошланади» деб ўйлайсиз. Ёки эрингиз билан ажралганингизга икки йил бўлди-ю, аммо отангизга оилавий тушликка кела олмаслигини айтиб, турли баҳоналар тўқиб юрибсиз.

Яна «энг яхши дўстлар» номли сценарий ҳам бор, аммо амалда у илиқ муносабатлардан йироқда. Ҳар ҳафта шопинг қиласиз. Шанба кунлари эрталаб соат ўндан онангизнинг олдида бўлишингиз шарт. Сизга қулайми, вақтингиз борми, йўқми бунинг фарқи йўқ. Акс ҳолда онангиз хафа бўлади, ахир энг яқин инсонингизга нима дея оласиз?» Ўзингизга оддий савол бериб кўринг: агар йигирмадан ошган катта одам бўлсангиз, шерик, иш ёки хоббингиз у ёқда қолиб, ота-отангиз бор вақтингизни эгаллаб омайдими? Агар жавобингиз ҳа, бўлса, демак, бу ерда қандайдир чалкашлик бор.

Юқоридаги барча мисоллар улғайган болани оиладан нотўғри айиришнинг оқибати саналади. Жамият ривожланган сари, оила қандай бўлиши керак, унда фарзандларнинг ўрни, яшаши, каби масалалар ўзгариб борган. Ғарб давлатларида 17-18 ёшга тўлган болалар анъанавий тарзда коллежга ўқишга кетади ҳамда ота-онаси билан бошқа бирга яшамайди. Бу аграр соҳадан саноат соҳасига бемалол ўта олган давлатлар, масалан, АҚШда меъёр ҳисобланади.

Урушлар ёки сиёсий тўнтаришлар содир бўлган давлатларда эса, одамлар яшаш учун кураш билан банд бўлган ва янги ҳаётий усулларни ўз вақтида ишлаб чиқа олмаган. Бундай жамиятда инсонлар хулқ-атворнинг эски усулларидан фойдаланишга мажбур, улар бу усулларни ишончли деб ўйлайди ва бутун бир авлодлар ҳаёт тарзи эскилигича қолиб кетаверади, замонга мослашмайди.

Сизга ҳеч нарса ёқмайди ёки ҳаммаси жонингизга теккан

Асабийсиз, кайфиятингиз йўқ, рашкчисиз, сизни салбий ҳислар чўлғаб олган. Аммо улар қаердан келиб қолганини билмайсиз: «Бирданига шундай бўлди. Ахир ишим, дўстларим, ёрим бўлса, нимага ундай бўлди, билмайман»; «Атрофдагилар ёқмай қолди. Фақат яхши инсонлар билан гаплашишга ҳаракат қилсам, уларнинг ҳам муносабати яхши, лекин нимага ҳаммага жаҳл қилавераман. Ҳамма айб ўзимдадир-да». Бу норозилик оммавий тус олади: «Ишларим яхши, лекин эрталаб турсам, омадсиз одамдай уйғонаман».

Афсуски, атрофдагилар бундай аҳволни янада ёмонлаштириши мумкин. Аслида ҳислар ҳаётимизнинг эмоционал ҳақиқати ва агар одам ўзини ёмон сезса, демак, бунга асос бор. Асосий савол — бу тушкунлик қаердан келиб қолди.

Яхши психолог беморни албатта, шифокорга юборади: асабийлик ёки йиғлоқилик қалқонсимон безнинг муаммолари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Яна одамда тушкунлик бошланган бўлиши эҳтимоли бор, фақат бу сезилмаслиги мумкин. Бундай вазиятда психиатрга бориб, дориларни қабул қилиш керак, аммо психолог ёрдами ҳам ортиқчалик қилмайди. Баъзан инсон жисмонан соғлом, руҳан муаммоларга эга бўлиб чиқади. Оғир ҳисларнинг сабаблари кўп, аммо улар кўп ҳолларда бошқа инсонлар билан муносабатларимиз, шахсий омадсизлигимиз билан боғлиқ бўлади.

Психолог билан бир неча марта учрашгач, “тилла” эмаслигимиз аён бўлади. Асабийлик ва ғазаб ёмон хулқ-атвор эмас, мунтазам қадрсизланиш, камситилиш ва шахсий чегараларни бузишга нисбатан соғлом жавоб бўлиши мумкин. Рашк ҳам бежиз бўлмаслиги мумкин: ёрингиз сизга ҳиёнат қилмаса-да, сиз билан сирларини бўлишмай, буни дўстларига ошкор этиши, ота-онасини олдида сизни обрўсизлантириши мумкин, хуллас, сиз унинг учун иккинчи даражага тушиб қоласиз.

Ҳаётда ўз ўрнингизни топа олмаяпсиз

Бировга керак бўлмаслик ва ҳаётда ўз ўрнини излаш (оғир ҳиссий юкнинг сабабчиларидан бири, улар «шунчаки» пайдо бўлганга ўхшайди) — катта мавзу, уларни тартибга солишни одам фақат ўттиз, ҳатто қирқ ёшдан кейин бошлаши мумкин. Бизда ўзини намоён этиш стандарти мавжуд: мактабни тугатиш, институтга кириш ва мутахассислик бўйича ишлаш ёки шунга яқинроқ соҳани топиш.

Аммо бу модел ҳаммага бирдек тўғри келмайди, чунки сўнгги йигирма йил ичида кўплаб янги мутахассисликлар пайдо бўлди, улар баъзида ҳеч қаерда ўргатилмайди. Бир неча йиллик ишидан кейин одамлар ўзига савол беради: «Ҳаётда нима қилмоқчиман? Ишим ким учун фойдали? Менга тўғри келадими ўзи?» Кўпинча бундай шубҳаларни англаш оғриқли, натижада улар «юзага қалқиб чиқади», яна тушкунлик кайфияти орқали: ҳаётнинг маъноси қолмайди, иш ёки бошлиққа нисбатан нафрат, доимий чарчоқ, ҳамма нарсани кейинга қолдириш орқали. Ёки норозилик хулқ-атворига олиб келади — ОТМни ташлаш, ишдан бўшаш.

Психолог ниманиям ўргатиши мумкин, дейишингиз мумкин, аммо ёмон ҳислардан шунчаки халос бўлиш керак эмас, балки уларни хавотирли белги сифатида кўриш керак. Аввалига бу оғир бўлади, аммо натижада ҳаёт сифатини яхшилайди.

Ҳаракатларингиз жуда хавфли

Хавфли ҳаракат қилиш — ҳаётингизга хавф соладиган ёки уни бузадиган барча ҳаракатлардир. Масалан, кўчада ўзингизни қўлга ололмасдан, роса тўполон қиласиз, ҳаммага шарманда бўлганингиз қолади. Ана ундан кейин ишга кечикиб борасиз, раҳбарингиздан дакки эшитасиз. Автомобилни хавфли бошқариш, экстремал спорт турлари, танага зарар етказиш кабилар ҳам хавфли ҳаракатларга киради. Суицидал ҳаракатлар эса бундай хулқ-атворнинг энг кескин шакли.

Унутманг, ўзини зарарлашдек ҳаракатлар ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Кимёвий қарамлик, бирор егуликка рўжу қўйиш шунчаки «ёмон одат» эмас. Уларнинг асл сабаби бор ёки бир талай сабаблари мавжуд ҳамда ечим топишни талаб қилади. Агар ечим топа олсангиз, соғлиқни сақлаб қоласиз, оқибатда ҳаётингиз изга тушади. Қолаверса, ўз-ўзини зарарлашга мойил инсонларнинг бошқа соҳаларда ҳам муаммолари бор: улар ҳисларини назорат қилолмайди, атрофдагилар билан ишончли муносабат ўрнатолмайди, ҳаётдан завқ ололмайди.

Овқат бобида ўзингизни назорат қила олмайсиз

Хавфли ҳаракатнинг яна бир шакли бу озиқ-овқат хулқ-атворига хос бузилиш бўлиб, унга анорексия ва булимиядан ташқари яна кўплаб иллатлар киради. Кўпчилик инсонлар, айниқса, аёллар асабийлашганда, кўп овқат ейди ёки соғлиғини жиддий зарарлайдиган парҳезга ўтиради, машқлар билан танасини қийнайди, очликка муккасидан кетади.

Агар мана шундай муаммолар билан психологгача етиб борсангиз, у ҳолда ишингиз узоқ ва жиддий бўлади. Мабодо бир вақтнинг ўзида шифокорга бориш тавсия этилган бўлса, қўрқманг, демак, психологингиз тажрибали экан: кўпчилик психологларда шифокор-психиатрларнинг алоқа рақамлари бор. Бировга муаммоларингизни айтишдан қўрқманг, улар қанчалик даҳшатли бўлмасин, ичингизда сақлаш мумкин эмас. Агар психолог профилида сиздай беморлар билан ишлаш таклиф қилинган бўлса, демак, у сизни тинглашга ва ёрдам беришга тайёр.

Ҳеч кимга айта олмайдиган муаммонгиз бор

Қарамлик, булимия, болаликдаги зўравонликлар, бир сўз билан айтганда, ичингиздаги даҳшатли сирларингиз. Ким билан гаплашманг, унга қанчалик ишонманг, бу сирингизни ҳеч қачон айтмайсиз. Кўпчилик одамларда ана шундай оғир ва яширин сирлар бўлади. Одатда улар воқеа-ҳодисалар замирида юзага чиқмайди: «Ҳозир безовта қилмаяпти-ку, айтиб нима қиламан? Ахир ҳаммаси ўтмишда қолди-ку» дейишингиз мумкин. Аммо тақиқланган мавзунинг пайдо бўлиши, унинг йўқолмаганидан дарак беради. У мураккаб, қўрқинчли ва чидаб бўлмас, ҳатто бировга айтишга журъат қила олмайсиз, ҳатто энг яқин инсонларга.

Биргина ҳаётий лавҳадан катта қўрқинч, айбдорлик ҳисси, ғазаб, салбий кўрсатмалар пайдо бўлади: «Ўн ёшимда тоғам менга зўравонлик қилган, онам эса буни яширган. Нима учун бундай бўлган? Онам тоғамнинг эгри қарашларини сезган-ку! Анча вақтгача ўзимни айбдор сезиб юрдим. Эркаклардан қўрқиб улардан қочиб юрардим, ҳатто хушомад қилган йигитларни ўзимга яқинлаштирмасдим. Энди бутун нафратим онамга сочилади».

Бундай вазиятларда «ўтмишни хотирлаш» керак. Бу оқ ва қорани ажратиш учун зарур, айбдорларни аниқлаштириб, уларни жавобгарликка тортиш учун керак. Юқорида тасвирланган вазиятда тоға педофил, у аслида даволаниши лозим эди, она қизини ҳимоя қила олмагани учун айбдор. Ўн ёшли қиз эса бу воқеада жабрланувчи.

Йиллар ўтиб, бу қиз бир нарсани англаб етиши керак, яъни энди у улғайди, ўзини бемалол ҳимоя қила олади, у ҳам муносиб жинсий ҳаётга лойиқ, бу зўравонлик эмас, кимга кўнгил берса, ана шу инсон билан бахтли ҳаёт кечиришга ҳаққи бор. Тақиқланган мавзу мана шундай очиқланганда, қалбдаги доғдан халос бўлиш жараёни бошланади.

Манба: https://www.wonderzine.com/wonderzine/life/life/227644-it-s-okay

 

Oldingi maqola

Чеклист: Буллингга учраётганингизни билдирувчи белгилар
03 Yan 2021
Чеклист: Буллингга учраётганингизни билдирувчи белгилар

Keyingi maqola

Рўйхат: Нарциссизмга мойил эканингизни билдирувчи 6 белги
05 Yan 2021
Рўйхат: Нарциссизмга мойил эканингизни билдирувчи 6 белги
Muharrirdan
Anonim hikoyalar
Унинг исми Зилола эди
03 Yanvar 2024
Унинг исми Зилола эди

У 2001 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, яхши турмуш ўртоқ, меҳрибон она бўлишни орзу қилган. Отасининг узоқ қариндоши Жаҳонгир ундан 8 ёш катта эди. У уни илк бор 2022 йил июль ойида, онаси ва синглиси билан сеп учун нарсалар олиш учун бозорга борганида кўрди. Бир ҳафтадан сўнг улар ФҲДЁ бўлимига ариза беришди, рўйхатга олиш бир ойдан […]

Тошкентда суд пичоқ билан аёлга ташланган эркакка 660 минг сўм жарима тайинлади
29 Iyun 2023
Тошкентда суд пичоқ билан аёлга ташланган эркакка 660 минг сўм жарима тайинлади

Ўша кунни Азиза (исми ўзгартирилди) аниқ-тиниқ эслаб қолди. 16 май куни болалар билан кўчага айланишга чиқишади. Телефони уйда зарядда қолади.⠀Кўчадан қайтгач, Азиза унинг атири ҳидини сезди. Бунгача собиқ эри унда квартира калитини қолганини инкор этган. Аёл ҳожатхонага кириб, ўша ерда бекиниб олди. Ўғли ҳам синглиси билан хонага кириб олади.⠀Эркак ҳожатхона эшигини тақиллатиб, очишни талаб қилади. […]

Жиззах вилоятида эркак 6-синф ўқувчисини зўрлади ва 2 йил озодликни чеклаш жазосини олди
15 Iyun 2023
Жиззах вилоятида эркак 6-синф ўқувчисини зўрлади ва 2 йил озодликни чеклаш жазосини олди

Маълум бўлишича, Жиззах вилоятида истиқомат қилувчи 21 ёшли эркак 2022 йил ёз ойларида маҳалладоши орқали уни дугонаси бўлган вояга етмаган 2010 й.т. йилда туғилган Т.К билан танишиб бир-бирларини ёқтириб қолишиб у вояга етганда бирганликда турмуш қуришлари ҳақида келишиб олади. Кузда эркак қиз яшайдиган шаҳарга боради, дугонаси иккисини айлантириб келади. Кеч бўлиб қолганлиги учун уларни шу […]

Nazima
05 May 2023
Nazima

Шахсий чегараларни бузиш болаликдан бошланади. Эсимда, ёшлигимда холаларим юзимни тортар. Бундан норозилик билдирсам онам менга “Ўзингни яхши тут”, дердилар. Ёки катталардан бирини ўпишимни айтишса, кўзимни юмиб чидардим. Буларнинг барчаси менга ёқмасди – бу катталар, уларнинг сўлаги, бегона ҳидлар …Ўсмирлигимда кўп ёлғиз қолишни истардим. Мусиқа тинглаб, кўзгу олдида рақсга тушардим ёки китоб ўқирдим. Лекин хонамнинг эшиги […]

Менинг исмим Ҳуснора, 32 ёшдаман.
28 Aprel 2023
Менинг исмим Ҳуснора, 32 ёшдаман.

Тошкентдан узоқда жойлашган кичик бир шаҳарчада ўсганман. Оилабоши қаттиққўл ота бўлган оилада ўсганман. Сингилларим ундан жуда қўрқишар ва мен дадамга хотиржамлик билан эътироз билдиришимга доим ҳайрон бўлишарди. Биз ҳар куни уй ва боғда ишлардик: ёғоч полларни қўлда ювардик, бармоқларимиз доимо қавариб кетарди. Эрталаб мактаб олдидан мол боқиш учун кетардик, дарсдан кейин қафас ва катакларни тозалардик. […]

Овқатланиш тизими бузилиши ҳақида ҳикоя
25 Aprel 2023
Овқатланиш тизими бузилиши ҳақида ҳикоя

Менинг исмим Ҳелга, 32 ёшдаман. «Менинг илк диетам 16 ёшимда бошланган, бир нечта озғин дугоналарим бор эди, улар бунинг учун ҳеч ҳам ҳаракат қилмаган, семиз бўлганлар ичида вазн йўқотганлар ҳам бор эди ва мени ортиқча вазнга мойил бўлган, лекин ўзини овқатдан чеклайдиган инсонлар жуда қизиқтирарди, чунки мен ҳам шундай иродага эга бўлишни хоҳлардим, шунингдек, дугоналарим, […]

Tegishli barcha maqolalar
top