Катта бўлмаган хонада иккита катта ётоқ жойи турибди. Бу ерда аёллар ўз болалари билан яшайди. Энг кичиги – эндигина бир ойлик бўлди. Онаси 18 ёшда. Лейланинг 10 яшар укаси ва 4 яшар синглиси ҳам унинг қарамоғида.
Лейла Бухорода тўлиқ оилада туғилган. У 2 ёшлигида оилавий Москвага кўчиб кетишган. Яшашлари зўр бўлмаса-да, бир-бирлари қўллаб-қувватлашар, бахтли ҳаёт кечиришарди. Онаси гўзаллик салонида, отаси ҳайдовчи бўлиб ишларди. Укаси туғилганда Лейла ўқишини ташлашга мажбур бўлди: энага ёллашга пул йўқ, онаси ишдан кетса, отасининг пули оилани боқишга етмасди. Қизалоқ 8 ёшда эди. Кейинчалик у ўқишини давом эттирди, лекин синглиси туғилганда яна энагалик қилиш учун ўқишни ташлади.
Мактабга қайтганида Лейла ўз синфдошларидан 2 ёш катта эди. Бўйи баланд ва терисидаги доғлари учун синфдошлари доимо устидан кулар эди: найнов, зебра, леопард. Буллинг бошқа томондан ҳам давом этарди: 7-синфда ўқийдиган 14 ёшли қизнинг устидан 9-синфда ўқийдиган тенгқурлари куларди. Қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш ўрнига ўқитувчилар ҳам уни ҳақорат қиларди. Лейла жим турмасди ва ўзини ҳимоя қила оларди. Оқибатда уни мактаб учётига қўйишади ва яна ўзини ҳимоя қиладиган бўлса, милиция учётига қўйиш билан қўрқитишди.
5 йил аввал отаси автоҳалокатда вафот этади. Онаси у пайтда синглисига ҳомиладор эди. Севимли инсонининг ўлими аёлни анча ҳолдан тойдирди. У фақат болалари учун кун кечирарди. Лекин 2019 йилнинг март ойида унга ошқозон-ичак тракти саратони ташҳисини қўйишади. Йил охирига бориб аёл умуман ишлолмай қолди. Ишлай олмас ва Москвадаги ижара тўловига ҳам қурби етмасди. Аёл таниш ҳайдовчи билан келишиб Ватанига қайтадиган бўлишди. Қишнинг совуқ кунлари улар грузовик кузовида кетишарди: соғлиги ёмон бўлган аёл ва уч нафар боласи. Совуқ бўлган Россия ва Қозоғистон даштларини босиб ўтишди. Бухорода уларни ҳеч ким кутмасди, уйлари аллақачон сотилиб кетган. Аммо ўша вазиятда ватанига қайтиш улар учун энг яхши вариант эди.
Келибоқ, у «Ойдин Нур» га мурожаат қилди – бухороликлар унинг асосчиси Мавлида Солиховани Бухородаги аёлларнинг энг ашаддий ҳимоячиси сифатида билишади. Уларни қабул қилишди: декабрдан февралгача оила «Ойдин Нур» шелтерида яшади. Аёлни яна текширувдан ўтказилди, аниқланишича, унда саратон йўқ, шунчаки аёл жуда қаттиқ стрессни бошидан ўтказган. Лейла ва унинг укаси яқин атрофдаги мактабга жойлаштирилди: у ерда қизни жуда яхши қабул қилишди. Болалар синфдаги энг ёши катта қизга қандайдир эҳтиром билан муносабатда бўлишди. У янги дўстлар орттирди. Ҳаёт яхшиланмоқда эди.
Февраль ойида Лейланинг ойиси Тошкентда ишга жойлашди, болалари учун эса Бухорода ижарага уй олди. Ва оила шелтерни тарк этди. Лейла январьда официант бўлиб ишга кирди ва мактаб билан ўқишни бирга олиб боришга ҳаракат қилди. Ўқишдан кейин ишлагани учун ҳамкасбларидан камроқ пул топарди. Оқибатда дарсларни қолдирадиган бўлди. Карантин бошлангач эса – бутунлай ташлаб қўйди. Бу вақтда, табиийки, иш ҳам бўлмади. Ва фақат ёзда яна тикланди.
Июнь охирида иш жойида қизнинг боши айланиб қолди. Ошпаз аёл текширувдан ўтиб келиши учун озроқ пул берди. Жавоби эса ҳаммани эсанкиратиб қўйди: ҳомиладорлик, 15 ҳафталик. Ҳомилани туширишга кеч. Боланинг отаси қиздан 10 ёш катта, яқинлари тўйга қарши. Оқибатда йигит Россияга кетди ва Лейлага ёрдам беришни ваъда қилди. Ҳозирча унинг ёрдами Телеграм орқали юборадиган хабарлари билан чекланмоқда. Ишонувчан, ёш Лейла шунга ҳам хурсанд, йигитнинг айтишича ота-онаси истаган қизга уйланиб, Лейлани иккинчи хотин қилиб олармиш. Лейла шунга ҳам рози. Боласининг отасини яхши кўради…
Октябрь ойи охирида қизнинг ойиси ижара ҳақини тўлай олмаганлиги сабабли, уй эгаси ҳомиладор Лейла, унинг укаси ва синглисини кўчага ҳайдаб чиқарди. Бундай вазиятга тушиб қолган бухоролик аёллар учун барча йўллар “Ойдин Нур”га олиб боради. Шундай қилиб, улар яна яшашга жой топишди ва 7 ноябрь куни бутун марказнинг севимли қизалоғига айланган кичкина Дурдона туғилди. Лейла оналикдан қўрқмайди, унинг бола катта қилиш тажрибаси катта. Лейланинг онаси шу кунларда Бухорога қайтади. Операция қилиш керак: миома ташхиси қўйилган, бу шошилинч аралашувни талаб қилади. Маблағлари йўқ. «Ойдин Нур» дагилар унинг аҳволидан хабар топгач: «Кел, даволаниш пулини тўлаймиз», дейишди. Нотижорат ташкилот даволаниш учун маблағни қаердан олади?
«Ойдин Нур» маркази Бухоро давлат университетининг педагогика ва психология кафедрасини 15 йил мобайнида бошқарган Мавлида Салихова томонидан 1999 йилда ташкил этилган. Унга бутун худуддан аёллар ёрдам сўраб мурожаат қилишарди. 2007 йилда Мавлида опа кўчада қолган аёллар вақтинча бошпана топиши учун шелтерни ишга туширади. Бир неча йил давомида марказ молиялаштиришсиз ишлади: оддий одамлар, диний ташкилотлар, шелтерда аввал яшаб кетган ва уларнинг катта ёшдаги болалари ёрдам беришарди. Шелтер ижтимоий ташкилот бўлганлиги сабабли, унинг ўз даромади мавжуд эмас. Келадиган ягона ёрдам – донорларнинг кўмагидир. Улардан бири – ACTED Uzbekistan лойиҳаси бўлиб, у шелтерда вақтинча яшаётганларнинг овқатланиш харажатларини тўлиқ қоплайди, марказнинг иши ва аёлларни қўллаб-қувватлаш дастурларини қисман молиялаштиради.
Бошқа донорлар ҳам бор, аммо Мавлида Солихованинг барча режаларини амалга ошириш учун маблағ етарли эмас. Бу алоҳида мақола учун узун бир ҳикоядир. Бухорода бундай ташкилотларнинг кўмаги туфайли ғамхўр Мавлида опа ва унинг жамоаси ўз муҳрини бераётган «Ойдин Нур» мавжуд. Лейла, унинг онаси ва бошқа юзлаб аёллар вақтинча бошпана, озиқ-овқат, кийим-кечак, ҳуқуқий ва психологик ёрдам оладиган марказ. Биргина шу йилнинг ўзида марказ адвокатлари деярли 60 та суд ишларида ғолиб бўлиб, кам таъминланган аёлларга оталикни аниқлашда, алиментни олишда, мол-мулкни тақсимлашда ва уй-жойга кўчишда ёрдам беришди.
«Ойдин Нур» маркази:
200100, Ўзбекистон, Бухоро, Ругангарон кўч., 29
Телефон: +998 (65) 2246511
Психолог: +998 (91) 4408849
Юрист: +998 (93) 6217266
e-mail: oydin.nur7@gmail.com