Мен оилада уч фарзанднинг каттасиман. Ота-онам – оддий ўқитувчилар. Улар бизнинг таълим-тарбиямизга катта эътибор қаратишган.
Мактаб давридан турли тадбирларда фаол иштирок этиб, ҳорижий олий таълим муассасаларида ўқишни орзу қилганман. Афсуски, кўплаб оилаларда бўлганидай, ота-онам қиз бола эканлигимни пеш қилиб, ҳорижда ўқишимга қаршилик қилишган. Ваҳоланки 2009 йилда мен ўқишга қабул қилиш ҳақида кўплаб етакчи олий таълим муассасаларидан мактублар келган эди. Улар қаторида Emory University, Warwick ва UCL. Тақдир тақозоси билан мен Жиззаҳ давлат педагогика институтида грант асосида ўқидим.
Ўқишга кириш биланоқ уйга совчилар кела бошлади. Мен ўшанда бор-йўғи 18 ёшда эдим. Ота-онам уларга ёш эканлигимни айтиб, эрга бериш ҳақида ўйлашмасди. Лекин 3-курсдалигимда қариндошлар қистови биланми ёки совчилар келаверганидан безибми, ота-онам обрўли бир оилага мени узатишди. Мен у пайтда жуда фаол, турли ёшлар тадбирларининг ташкилотчиси ва катта режалари бор бир қиз эдим. Ота-онамга йўқ деёлмай, йигит билан учрашувга чиқдим.
Куёвликка номзод йигит олий маълумотли, ўзига тўқ оиланинг фарзанди эди. Менинг кейинчалик ишлашим ва магистратурада ўқишимда тўсқинлик бўлмаслигига ишонтирди. Лекин тўйнинг эртасигаёқ ҳаётим ёлғон ваъдалардан бошланганини билдим.
Аввалига қайнонам сарпомдан норозилигини билдирди. Кейин эрим берган ваъдасини унутди. Нимаики қилмай – улар баридан норози эди. Мен эса ўқиш ва уй ишларини бирдай олиб боришга ҳаракат қилардим.
Мен буткул бошқа бир оламга келиб қолгандай бўлдим. Ҳеч ким билан тил топишмасдим, мени ҳеч ким англамагандай эди. Ҳамма қизлар шундай яшайди, деб ўйлардим ва чидаб келардим.
Кунлардан бир кун ҳомиладор эканлигимни билдим. Лекин эрим ва қайнонам билан муносабатларимиз ҳеч яхшиланмасди. Улар негадир мени ёқтирмасди. Фақат қайнотамнинг менга муносабати яхши эди. Лекин улар ҳам кейин ўзгарди. Уйда нимадир бўлса, албатта мен айбдор чиқиб, турли ҳақоратлар менга ёғдириларди. Ҳатто қариндошларимни ишсиз қолишларига сабабчи бўлиш билан қўрқитардилар.
Доимий стрессда яшавериб, ўғлим нимжон туғилди. Кичиклигидан тез-тез шифохоналарда ётардик. У кўп йиғларди. Бола билан овора бўлиб, на ўзимга, на уйга тузук қарамасдим. Оиланинг биринчи рақамли душманига айландим. Эрим-ку, менга буткул совуб қолди.
Бир неча марта ота-онамнинг уйига кетдим, лекин ҳар сафар улар кечирим сўраб, мени олиб чиқиб кетишарди. Мен ҳаммасидан шунчалик чарчагандимки, ота-онамни безовта қилмаслик учун ҳаммасига чидаб ўтирдим.
Кейин эса мени уларнинг боламга бўлган муомаласи қўрқитди. 1,5 яшар болага дунёнинг лаънатлари ёғиларди, кўчага ҳайдаш билан пўписа қилинарди. Бу охирги томчи эди. Унинг айби нима? Нега бундай қўрқинчли муҳитда яшаши керак? Айнан шу пайтда ўзимда у уйдан бутунлай чиқиб кетишга куч топдим. Табиийки, ота-онам, акаларим, қариндошларим бундан норози эди.
Мени кўп бора қайтаришга ҳаракат қилишди. Лекин мен фақат алоҳида чиқиш шарти билан эримга ярашишга тайёрлигимни айтдим. Лекин у рози бўлмади ва шунчаки биздан воз кечди. Бошқа бир қизга уйланмоқчи эканини англаш қийин эмасди. Шундай қилиб, оиламиз бузилди.
Мен ота уйимда яшадим. Тез орада ишга чиқиб, олдинги фаол ҳаётимга қайтдим. Инглиз тилидан дарс бера бошладим. Кўплаб ўқувчиларим IELTS бўйича юқори балл олишди, турли олимпиадаларда иштирок этишди. Буларга қараб, мен ўз устимда янада кўпроқ ишладим.
2019 йилда Тошкентга келиб, Edu-Action компаниясида иш бошладим. Карантин эълон қилингач эса Римдаги Сапиенц университетининг юридик факультетига ўқишга кирдим. Айни пайтда Ўзбекистондаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг “Гидлик ва таржимонлик фаолияти”, шунингдек Сапиенц университетининг «Economics and Law» йўналиши бўйича таҳсил оляпман.
Келажакда илмий фаолиятни давом эттириб, инсон ҳуқуқлари бўйича юрист бўлмоқчиман.
Италияда ёлғиз аёлга қийин эмасми, деб сўрашади. Ҳар ерда ўз баланд-пастликлари бор. Аввалига қийналдим, кейин эса ҳаммаси ўз жойига тушди.
Бизнинг жамиятимизда ажралишни бир фожеадек қабул қилишади: аёл ажрашган бўлса, демак у айбдор, ва охир-оқибат у бузуқлик йўлига ўтади. Мен ҳам шунга ўхшаш қарашларга дуч келдим. Яширмайман, ўша пайтда мен баъзи эркакларнинг ҳақиқий юзини кўрдим. Улардан нафратландим. Менталитетимиз, қадриятларимиз туфайли аёлларимиз баъзида умидсиз аҳволга тушиб қолишлари мен учун ачинарли эди.
Мен каби калтакланиш ва жанжалларга сабр қилиб келган аёлларга мурожаат қилмоқчиман. Ажрашиш ҳаёт-мамот масаласи эмас. Аввалига, мен ҳам депрессияга тушдим, нега бу қисмат менинг бошимга тушди, дея ҳафа бўлардим. Кейинчалик барчаси ўз қўлимда эканини англадим ва ўзим ҳамда ўғлим учун кучли бўлишга ҳаракат қилдим. Ўша кундан бошлаб мен фақат янги ғалабалар ва мақсадлар сари интиламан. Ҳозирда мен энг яхши университетлардан бирида ўқийман ва ишлайман, энг муҳими, мен мустақилман, ҳеч ким мени уришмайди ёки таъна қилмайди. Мақсадим – БМТда мен каби аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи сифатида ишлаш, ташландиқ болаларга маънавий ва моддий ёрдам бериш.
Жамиятимизда кўплаб стереотиплар мавжуд ва мен ажралишни тарғиб қилмоқчи эмасман. Аёлларимиз гап-сўзлардан қўрқмаслигини истардим. Ҳеч ким сизни қўллаб-қувватлаб, ёрдам беришга мажбур эмас, бу сизнинг ҳаётингиз, ва танлов ҳам сизники. Бошқаларнинг салбий муносабатлари, қариндошларингиз ва дўстларингизнинг ғийбатлари сизнинг ҳаётингизда ҳал қилувчи рол ўйнамаслиги керак. Улар сизни ҳеч қачон тушунмаслиги мумкин. Тилларни ўрганинг, ўзингиз ёқтирган иш билан шуғулланинг. Ўз соҳангизда қанчалик тажрибали бўлсангиз, шунчалик ўзингизга ишончингиз ортади.
Таржима: Нигора Адизова