Ўзининг ва ўзгаларнинг баданига позитив муносабат охирги пайтларда ҳамманинг эътиборида. Бу ҳам шахсий чегаралар мавзусининг давомидир.
Лойиҳамизга бир қиз аноним тарзда мактуб йўллади. Қуйидагига ўхшаш ибораларни кўп эшитаркан:
― Қўлларинг роса семирибди. Бунга қандай йўл қўйдинг?
― Семизлигингни доимо эслатмайми? Сен ҳақингда қайғуряпман-ку. Камроқ есанг-чи. Нега тушунмайсан, фақат сени ўйлаяпман.
― Яқинда турмушга чиқишинг кераклиги эсингдами? Мен болали бўлгач, семирдим, менга қарама, сени ёшингда бор-йўғи 45 кило эдим.
Қиз эса 157 см бўйи билан бор-йўғи 60 кг вазнга эга.
Мукаммал тана трансформацияси
Биз бу дунёга мукаммал бўлиб келамиз. Ҳар қандай бола ота-онанинг назарида мукаммалдир. Танадаги ҳар бир катлам, ҳар бир қисми улар учун энг гўзал. Қандай ажойиб ёноқлари ва қоринчаси бор! Болалар борича мукаммалдир.
Йиллар ўтиб, жамият аёл танасининг идеал қиёфасини намойиш этади: 90-60-90, енгил вазн, оппоқ текис тишлар, чиройли кўкрак, ингичка бел. Идеал қизлар бизга реклама афишаларидан қарашади: абадий ёш ва стандартларга тўла мос келади. Каталогдан кийимларни танлаганимизда, улар идеал шаклга эга моделлар билан намойиш этилади. Агар бу катта ўлчамдаги кийим бўлса ҳам, қизлар ўша ўлчовдан анча озғин бўлади.
- Ажинлар? Даҳшат-ку бу. Бизнинг янги кремимизни сотиб олинг ва сиз 10 ёш кичик кўринасиз. Ботокс, мезотерапия ҳақида унутманг.
- Бадандаги тортишишлар? Қандай ёқимсиз. Бу кўринишда сузишга бора кўрма.
- Оёқдаги туклар? Сен ҳам аёлмисан! Атрофдагиларни тукларинг билан даҳшатга солма. Лазер эпиляцияни қилдир, шунда кераксиз туклардан умрбод қутуласан.
- Шунча ҳам овқат ейдими! Яқинда эшикдан сиғмай қоласан. Дарҳол фитнесга қатна ва ўша мўъжизавий кремни сотиб ол.
Туғилганимиздан бу ибораларни эшитгунимизча танамиз билан нима содир бўлди? Бизнинг бенуқсон танамиз ва ёқимли семиз оёқчаларимиз қачон бошқаларда жирканчлик ва ўзимиз учун шармандаликка айланишга улгурди? Бизнинг туғма ижобий бодипозитивимиз қаерга йўқолди?
Ҳеч нарса ўзгармади. Танамиз туғилганимизда қанчалик идеал бўлган бўлса, ҳозир ҳам шундай. У ҳеч қаерга йўқолмади. Узоқ йиллар аввал ота-онамиз қанчалик ёқимлик кўринган бўлса, ҳозир ҳам ўзимизга ёқиши керак.
Танамизни камситувчи барча иборалар гўзаллик саноатининг уйдирмаларидир. Унга бизнинг чўнтагимиз керак. Озиш коктейлларига пул сарфлашимиз керак. Энг самарали кремлар, филлерлар, зардобларни излашимиз керак. Биз гўзаллик ортидан қувмас эканмиз, бу саноат ўлади. Ҳар бир аёл ўз танасини борича қабул қилиб, ўзгаларнинг исталганча кўриниш ҳуқуқини тан олса, миллиардлаб топадиган компаниялар банкротга учрайди-ку. Шунинг учун улар бизга қандай кўринишга эга бўлишимиз ва идеал танамиз қандай бўлишини уқтиришади: 90-60-90, чиройли кўкрак, хипча бел, ялтироқ сочлар, майин тери, доимий ёшлик…
Бодипозитив керак эмасми?
Қатор тадқиқотларни келтириб ўтсак:
Олимлар Хейли Донт ва Марика Тигеманн бир мунча вақт давомида 4 ёшли 128 нафар қизалоқларни кузатдилар. Тадқиқотчилар ўзларининг тенгдошлари ва оммавий ахборот воситалари болаларнинг дунёқарашига қандай таъсир қилишини ўрганишди. 6 ёшга келиб, қизларнинг ярми ўзларини «жуда семиз» эканликларига ишонишди. 11 ёшга келиб, учта қиздан иккитаси бунга ишонишди. Улар балоғат ёшига етганларида, деярли 100% ўсмир қизлар ўз вазнини назорат қилишга ҳаракат қилишган.
Тадқиқотчи Жиллон Вандер Вал ТВИ (тана вазни индекси) ва ўсмирларнинг ўз вазнларини назорат қилишга бўлган носоғлом уринишлари ўртасидаги боғлиқликни топишга ҳаракат қилди. У 4,259 нафар ўсмирлар билан суҳбат ўтказди ва уларнинг 92 фоизи вазн йўқотишга ҳаракат қилаётганини аниқлади. Ва қизларнинг 44 фоизи аллақачон зарарли овқатланиш одатларига эга эди.
Олима Анне Бекер маданий жиҳатларнинг (оммавий телевидение маданияти мисолида) одамнинг танасига бўлган муносабатига таъсирини ўрганишга ҳаракат қилди. У Фижи оролларида илгари ёпилган жамоага ТВнинг таъсирини ўрганган. Телевидение у ерда 1995 йилда пайдо бўлган. Бу вақтга қадар орол аҳолиси овқатланишга доир бузилишларини бошдан кечиришмаган. Аммо Британия ва Америка телеканалларининг кўрсатувларидан сўнг, бир ойдан кейин вазият ўзгарди. Кузатилган қизларнинг 13 фоизи овқатланишга доир қарашларини ўзгартириб, бундай белгилар уч йилдан кейин деярли қизларнинг учдан бирида учраган – 29%.
Гўзаллик стандартлари соғлиқни сақлаш стандартлари билан бир хил эканлигига ишонилади. Бу ҳақида кейинроқ алоҳида тўхталамиз.
Мақоламиз аввалидаги қизга мурожаат
Азизам, биз озғинмизми-семиз, баланд ёки паст эканлигимиз умуман аҳамиятсиз. Токи одамларга улар қандай кўриниш керакликлари уқтирилар экан – улар доимо ўзларида камчилик топишади. Бу ерда доимо ҳам вазн назарда тутилмайди.
Ҳар биримизда ўзимизни қулай ҳис қиладиган вазн ва шаклимиз мавжуд. Биз ўша вазнда қолиш учун ўзимиз айрим маҳсулотлардан воз кечишимиз мумкин. Лекин бу бизга қийинчилик туғдирмайди. Соғлом таомларни танлашимиз, қўшимча моддаларни қабул қилишимиз ёки улардан воз кечишимиз мумкин. Спорт ёки йога билан шуғулланишимиз мумкин. Ёки шуғулланмаслигимиз ҳам мумкин. Биз ва танамиз учун нима яхши ёки ёмонлигини ўзимиз хал қиламиз. Негаки туғилганимизданоқ танамиз мукаммал – биз айнан шундай туғилганмиз.
Мен сизнинг дўстларингиз орасида ким учундир жуда озғин ёки ўта семиз кўринишини биламан. Аммо сиз бу гапларга эътибор бермайсиз, чунки улар қандай кўринишда бўлишидан қатъи назар, бу дўстлар сиз учун дунёдаги энг зўр одамлардир. Шуни билингки, сиз ҳам ким учундир озғин ва ким учундир семизсиз.
Ўзимиз ҳақимизда қандай қайғуришимиз мумкин? Бизни боримизча қабул қиладиган ва яхши кўрадиган одамлар атрофимизга йиғиш. Бизнинг бодипозитивимизни ўғирламоқчи бўлганларни эътиборсиз қолдирамиз. Негаки менинг танам – менинг шахсий ишимдир!