Бугун аёллар йирик компанияларга раҳбарлик қиляпти, мамлакатларни бошқариб келяпти, жаҳон рекордларини ўрнатяпти, коинотга учаяпти, уммон тубини ўрганяпти. Аслида XXI асрда аёллар эплолмаган соҳанинг ўзи қолмади, лекин жамиятда ҳали ҳамон уларни “нўноқ” деб ҳисоблайдиган инсонлар тоифаси учрайди. Қолаверса, аёлларга нисбатан тақиқлар сақланиб қолган.
Бундан юз йил илгари аёллар учун эркакларнинг касби томон йўл бутунлай ёпиқ эди. Лекин вақт ўтиб, илмдан то сиёсатгача йўналишларда аёл-қизлар тобора ўзларини намоён қилиб бормоқдалар. Хўш, бугун нозик дид соҳибалари учун яна қайси чекловлар сақланиб қолмоқда?
Гендер кўрсатмалар бўйича тарбия
Қизларимизга мана бундай тарбия берамиз: «сипо кўринишинг керак, ўзингни босиб ол», «футболни қўй, қўғирчоқни ол», «нозик бўл, ўғил болага ўхшама» дея. Бундай муҳитда улғайган қиз ҳеч қачон спорт билан шуғулланмайди ёки эркаклар касбини эгалламайди. Аксинча ҳар қандай машғулот учун эркинлик берилган қизлар келажакда ташаббускор, қатъиятли, эркинроқ бўлади. Улар қолипларга таслим бўлмайди.
Бу қоида ўғил болаларга ҳам тегишли. Масалан, уларга болаликдан ҳиссиётларни билдиришга чекловлар ўрнатиб келинади. “Ўғил бола йиғламайди, кўнгилчан бўлмайди” дея тарбия берилади. Бу эса келгусида эркакнинг ўз жуфти билан муносабатларида ҳиссиётларини билдиришда бир қатор қийинчиликларни келтириб чиқаради. Энг ёмони эркаклар ўз ичида кечираётган ҳиссиётлар табиатини тушуна олмайди.
Касбий чекловлар
Қонунчиликда аёл билан эркакнинг тенглиги таъминлансада, лекин аёллар учун тақиқланган касблар рўйхати бор. Чекловлар кўпроқ аёллар организмининг жисмоний ўзига хослиги ва зарарли меҳнат шароитига боғлиқ. Яна шундай касблар борки, гарчи қонунан чекловлар бўлмасада, жамиятнинг ўзи уларга “аёллар учун мўлжалланмаган” деган тамға қўйиб бўлган. Мана шу касбларни эгаллаш учун аёллар анча-мунча куч сарфлашига тўғри келади. Бу соҳалар кўпроқ ҳуқуқ-тартибот, илм-фан, сиёсат йўналишларига оид. Лекин амалда ушбу касбларни эгаллаган аёллар ҳам ишни, ҳам оилани бирдек олиб боргани ҳақида мисоллар кўп. Хусусан, Ўзбекистонда охирги йиллар давлат ташкилотларида раҳбарлик қилаётган аёлларни намуна сифатида кўрсатиш мумкин.
Қизиқишларни ҳаётга татбиқ этиш
Қизиқишлар ва хоббилар ҳақида гап кетганда, ҳеч қандай гендер чекловларга йўл қўйилмаслиги керак. Қайси инсон нимага қизиқса, ўшани ҳаётга татбиқ қилиши лозим. Аммо болалар болаликданоқ тақиқларга учрайди. Яъни қиз бола космонавтлик ёки боксчи фаолияти билан шуғулланиши шарт эмас, ўзига яраша касб танласин, деган тушунча шаклланиб қолган. Спорт ҳақида гап кетганда ҳам қиз болани бокс, футболга эмас, кўпроқ акробатика, енгил атлетика, гимнастикага беришади. Шунинг учун эркаклар спортини танлаган аёл-қизларга ижобий қарашмайди ва улар ҳатто босимларга ҳам учрайди.
Замон ривожланиб борган сари янгидан-янги касблар пайдо бўлаверади. Вақт ўтиб балки касбий гендер чекловларга барҳам берилар. Жамият нуқти назари ўзгарар. Бу саволларга йиллар ўтиб жавоб оламиз.
Манба: https://www.psychologies.ru/articles/mesto-jenschinyi-gde-ugodno-kakie-obschestvennyie-zapretyi-davno-ustareli/