КЎРСАТМА
РАҚАМЛИ АСРДА биз нафақат билим олиш ва мулоқот воситаларига киришиш учун чексиз имкониятга эга бўлдик, балки жиловлаб бўлмас янгиликлар оқимига тушиб қолдик, шу жумладан, руҳан оғир ва даҳшатли ҳодисалар таъсирига ҳам. Ўлим, зўравонлик ёки ижтимоий ноҳақлик ҳақидаги маълумотлар оқими селдек оқиб келганда, қандай қилиб ҳимояланиш керак? Бунга психолог ёрдамида аниқлик киритамиз.
Ҳиссиётларни жиловламанг
Қўрқинчли янгиликлар албатта, стресс жавобини келтириб чиқаради, гарчи ўзимизни тинчлантиришга ва бу шунчаки экрандаги рақамлар ва тасвирлар эканига ишонтиришга уринсак-да, барибир уларнинг изи қолади. Йиғлаш, ҳаяжонланиш ёки тушкунликка тушиш бу нормал ҳолат, сизга нотаниш инсонлар тақдири бўлса ҳам, йиғланг, автоҳалокатда қурбон бўлганлар ёки уйдаги зўравонлик асири учун ачининг. Эмпатия — инсонга хос табиий ҳолат. Агар ҳиссиётларингиз тўлиб-тошиб кетаётган бўлса, уларни бемалол билдиришингиз мумкин. Бу ўзини осон ҳазм бўлмайдиган янгиликлар билан қийнашга қарши яхши ҳимоя. Ахборот бизга қанчалик таъсир қилишини англаб етганимиздан кейин, рақамли гигиенага яхшироқ эътибор бера бошлаймиз.
Танадаги ва руҳий жавобнинг кучини кузатиб боринг
Янгиликларни ўқиш ёки кўриб боришда, сиз томондан ўта кучли стрессдан иборат муносабат бўлса, албатта буни қайд этинг. Зўриққан елкалар ёки оёқлар, қаттиқ ёпилган жағ ёки хавотирнинг танадаги бошқа белгилари, уйқу ёки иштаҳа ўзгариши, кайфиятнинг тез-тез алмашиб туриши — мана шулар стресснинг аниқ белгилари. Агар ушбу белгилардан биронтаси ҳар кунги янгиликлардан кейин пайдо бўлса, янгиликлар оқимини камайтиринг ёки хабарларни вақтинча ўқимай туринг.
Айниқса, руҳан нимжон бўлган пайтингизда оғир янгиликни ўқишдан четлашинг: масалан, тонгда, уйқудан олдин, қорнингиз оч бўлганда, уйқуга тўймаганингизда, асабларингиз таранг пайтда.
Тушкунлик ҳолати ёки бошқа стресс аломатлари йўқлигига ишонч ҳосил қилинг
Баъзида одамлар ҳаётнинг фақат салбий томонларини кўра бошлайди, бу эса тушкунлик ёки бошқа руҳий ўзгаришларнинг белгиси бўлиши мумкин. Дунёда фақат ёмонликлар, зўравонлик ва шафқатсизлик ҳукмрон, инсониятнинг келажаги йўқ, ҳаёт мураккаб деган фикрлар хавотирли сигнал бўлиб хизмат қилади. Тушкунликнинг бошқа аломатлари ҳам пайдо бўлмадими, шуни ўйлаб кўринг: масалан, иштаҳа ёки уйқунинг ўзгариши, ўз ҳаётингиз ва истиқболингизни салбий қабул қилиш, апатик ёки асабий кайфият, жисмоний фаолликнинг сусайиши, илгари сизга ёққан машғулотга қизиқмаслик каби. Агар ушбу белгиларнинг иккитаси бўлса ва бу ҳолат икки-уч ҳафтадан бери давом этиб келса, мутахассис маслаҳатига бориш зарур.
Автоматик жавобни узиб ташланг
Руҳиятимиз салбий хабарни таҳдид сифатида қабул қилади ва ҳимоя сифатида, содир бўлаётганларни назорат қилиш истаги туғилади. Аммо бошқа инсонларни ва узоқ масофада рўй берган ҳодисани қандай қилиб жиловлайсиз? Бундай вазиятда мия янгиликни ўқиш ёки кўришни давом эттиришга қарор қилади, чунки бу назорат қилиш ҳақида хомхаёлни бағишлайди. Аслида эса бу стресс жавобини яна-да кучайтиради ва чорасизликни чақиради.
Агар ёпиқ доира ичида қолиб кетганингизни ҳис қилсангиз — ўзингизни янгиликларни ўқишдан, оғир фожеалар ҳақида гапиришдан, ижтимоий тармоқларда дўстларингиз билан муҳокама қилишдан тўхтата олмаяпсизми, демак, куч ва ирода топиб, бошқа нарсага чалғиб кўриш керак. Бунинг учун энг оддий ҳаракатлар ёрдам беради: ноутбукни ёпинг, сайрга чиқинг, тушлик тайёрланг ёки чой ичинг.
Когнитив ўзгаришларни кузатиб боринг
Салбий ахборот хавотир уйғотади ва ўзига жалб қилиб олади. Ундан кейин эса когнитив ўзгариш эффекти рўй бериши мумкин. Уни яна Баадер — Майнхоф феномени деб ҳам аташади. У такрорланадиган хомхаёлдир: масалан, биз яқиндагина қандайдир ахборотни эшитдик, уни иккинчи ва учинчи бор эшитганимиздан сўнг, бундай турдаги хабар жуда кўп такрорланаверадигандай туюлади.
Дейлик, экология муаммолари ёки уйдаги зўравонлик ҳақидаги хабарларни ўқиб таъсирландик. Шундан кейин қаерга қарамайлик, кўзимизга глобал исиш, ёнғинлар, оиладаги хафагарчиликлар каби янгиликлар (бу каби хабарлар чиндан ҳам роса кўп учрайди) кўринаверади. Аслида эса бу сингари янгиликлар илгари ҳам бўлган, аммо уларга унчалик эътибор бермагансиз. Уйғонган хавотирларингизни салбий фикрлардан ажратиб олиш керак, инсоният халокат ёқасига келиб қолган, деган тасаввурни хаёлингиздан чиқаринг.
Эътиборни бошқа масалага қаратишдан уялманг
Оғир янгиликлар оқимидан бошқа томонга бурилиш бу асло бепарволик ёки ижтимоий масъулиятсизлик эмас, балки ҳимояланиш ҳаракати. Кислород ниқоби ҳақида ўйланг, ахир уни аввал ўзингизга тақасиз, ёки чарчаб қолсангиз, кимга ёрдам бера оласиз, оғир аҳволда қолган инсонлар қаторига қўшилиб қоласиз-ку.
Руҳий ҳазинангиз чек-чегарасиз эмаслиги учун, бошқалар сизни айблашларига йўл қўйманг: қанча оғир ҳодисаларга чидай олишингизни фақат ўзингиз белгилайсиз. Агар касал ёки ҳаётнинг қийин дамларини бошдан кечираётган бўлсангиз, бу миқдор нолга тенг бўлиши мумкин. Бу нормал ҳолат, сиз истаганча соғлиғингизни тиклаш ва ахборот парҳезига риоя этиш ҳуқуқига эгасиз.
Ёрдам бериш учун, қўлингиздан нима келади
Бу истагингизни бир неча кунга ортга суринг. Бировга ёрдам қўлини чўзиш савобли иш, аммо буни стресс вақтида кўнгилдагидай амалга ошириб бўлмайди. Хато қилиш эхтимоли бор: пуллар фирибгарларга кетиб қолиши ёки бунча пулни хайрия қила олмаслигингиз мумкин, ҳиссиёт таъсирида текширилмаган ахборотни улашиш ҳеч гап эмас, хуллас, ўйланмаган қадам хавфи кафолатланган бўлади. Шундай экан, соғлом фикрлаб, асл имкониятингизни баҳоланг. Қўлингиздан келган ёрдамни беринг. Баъзида янгиликни атиги бир марта улашиш ҳам катта ёрдам бўлиши мумкин.
Триггерларни (қўзғатувчи маълумотлар) ажратиб олинг
Ижтимоий ноҳақлик, зўравонлик, тирик жонзотларнинг нобуд бўлиши ҳар қандай инсонни таъсирлантиради. Аммо шахсий тажрибангиздан ўтган, салбий тааасуротларингизга яқин ҳодисалар қаттиқ таъсир қилади: жисмоний ва жинсий зўравонлик, болаликдаги руҳий жароҳатлар, буллинг, яқинлар ўлими. «Ўз» мавзуларингизга яқин янгиликларни ўқишда эхтиёт бўлинг.
Агар оғир янгиликлардан кейин ўзингизга ҳеч кела олмасангиз, демак, оддий инсоний ҳамдардликдан ташқари, шахсий дардингиз қўшилиб кетган. Ўқиган ёки кўрган янгилигингиз оқибатида бир пайтлар ҳаётда ўзингиз ҳис этган ҳиссиётларни бошдан кечирдингизми? Сизга эски дардларни эслатиб юбордими? Сизни энг кўп хафа қилган нарса нима?
Баъзида бу каби лавҳалар бир пайтлар сиз ҳаётингиздан ҳайдаб солган шахсий жароҳатларни янгилаб юборади, ниҳоят сиз асл моҳиятни англаб етасиз. Аммо эхтиёт бўлинг: агар бундай хотираларни блокдан чиқарсангиз, ўзингизга ёрдам керак бўлиши мумкин. Бундай вазиятларда яқинлар кўмаги зарур. Қолаверса, ҳаяжонларингизни тинглайдиган инсонлар керак.
Манба: https://www.wonderzine.com/wonderzine/life/how-to/248051-lots-of-bad-news-but-im-okay